Ибн Исҳоқ: Мухайриқ илмли, доно ва катта хурмозорларга эга бой одам эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари ва ўқиган нарсалари ҳақида билса-да, одат бўлиб қолган динидан воз кечолмасди. Бу ҳол Уҳуд кунигача давом этди. Уҳуд куни шанба кунга тўғри келди. Ўша куни у: «Эй яҳудийлар жамоаси! Аллоҳга қасамки, сизлар Муҳаммадга ёрдам беришингиз керак эканлигини, унинг дини сизлардан ғолиб келишини биласизлар», – деди. Улар: «Бугун шанба», – дедилар. У: «Сизларга ҳеч қандай шанба йўқ», – деди-да, қуролини олиб чиқиб кетди. Сўнг Уҳудда турган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб, ортида турган қавмига: «Агар мен бугун ҳалок бўлсам, бойлигим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгадир, Аллоҳ нимани хоҳласа, шундай қилсин», – деди ва жанг бошлангач, жангга кириб ҳалок бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақида: «Мухайриқ яҳудийларнинг яхшиси эди», – дер эдилар. Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг бойлигини олдилар, Мадинадаги ерлардан келадиган фойдаларнинг асосий қисми унинг ерларидан эди.
Ибн Исҳоқ: Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Амр
ибн Ҳазм менга хабар беришича, София бинт Ҳуяй ибн Ахтаб ўзи ҳақида шундай деди: «Мен отам ва амаким Абу Ёсирнинг энг яхши кўрадиган фарзандлари эдим. Қачон уйга келишса, бошқа болаларидан ҳам кўра мени кўпроқ эркалашар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб, Бани Амр ибн Авфдаги Қубога тушгач, отам Ҳуяй ибн Ахтаб ва амаким Абу Ёсир ибн Ахтаб тонг қоронғусида у кишининг ҳузурларига боришди. У ердан қуёш ботаётганда чарчаган, бўшашган, йиқилиб тушадиган даражада судралган ҳолда қайтиб келишди. Ҳар сафаргидай мен уларнинг олдига жилмайган ҳолда югуриб чиқдим. Аллоҳга қасамки, ғамгинликлари боис улар менга бурилиб ҳам қарашмади. Мен уларнинг суҳбатларини эшитдим: «Отам Ҳуяй ибн Ахтабга амаким Абу Ёсир: «У ўшами?» – деди. Отам: «Аллоҳга қасамки, ҳа», – деди. Амаким: «Аниқ ўша эканлигига иймонинг комилми?» – деди. Отам: «Ҳа», – деб жавоб берди. Амаким: «Қалбингда унга нисбатан нима бор?» – деди. Отам: «То тирик эканман, адоват!» – деди.