8 жумадис сони
1446
Маҳзунлик йили
Пайғамбарликнинг ўнинчи йилида Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломнинг завжалари Хадижа бинти Хувайлид билан амакилари Абу Толиб вафот қилишди. Ибн Саъд ўзининг «Табақот» номли китобида: «Хадижа билан Абу Толибнинг вафоти орасида бир ою беш кун фарқ бўлган», деб хабар қилади.
Хадижа розияллоҳу анҳо (Ибн Ҳишом айтганидек,) Исломдаги ишончли вазир эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дардларини фақат унга айтар, унинг ҳамроҳлигидан қалбан яқинликни топар эдилар. Абу Толиб эса у Зотнинг ёрдамчиси, ҳам қалқони, жоҳил қавми олдида ҳимоячиси эди. Ибн Ҳишом айтади: «Абу Толиб вафот этгач, Қурайш мушриклари Расулуллоҳга шундай азиятлар етказишдики, амакилари тирик бўлганида бундай қилишга ботина олишмас эди. Масалан, бир куни Қурайш пасткашларидан бири у Зотнинг муборак бошларига тупроқ сочиб юборди. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом уйларига бошлари тупроққа беланган ҳолда кириб келдилар. Қизларидан бири туриб йиғлаб-йиғлаб тупроқни юва бошлади. Расулуллоҳ эса қизларини: «Йиғлама, қизим, Аллоҳ отангни ҳимоя қилгувчидир», деб юпатар эдилар». Даъват йўлида кўраётган машаққатлари кучайиб кетганлиги сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу йилни «маҳзунлик йили», деб атадилар.
Ибратли нукталар
Қизиқ, Маккада мусулмонларнинг билаклари кучга тўлмай туриб, ўзларини ҳимоя қила оладиган даражага етмай туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бақадри имкон ўз ҳимоясига олган Абу Толибни Қазойи-Қадар бунчалар тез ҳаётдан олиб кетишининг ҳикмати нимада экан? Яна Аллоҳ таолонинг Қадари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суянчиғи, юпанчиғи ҳамда алам-ситамлар чанггини у Зотнинг елкаларидан қоқиб, далда бўлувчи завжаи мутоҳҳаралари − Хадижа розияллоҳу анҳони ҳам тортиб олишга бунчалар шошилишининг қандай ҳикмати бор экан? Мана шу ерда Ислом эътиқоди асосларига тааллуқли муҳим ҳақиқатлар очилади. Масалан, агар Абу Толиб то Ислом давлати барпо бўлиб, Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом мушрикларнинг азият ва тазйиқларидан нажот топгунларига қадар яшаганида, бундан чиқди, Абу Толиб (гарчи ўзи иймон келтирмаган бўлса-да) Ислом даъватини ўзининг обрў-мартабаси билан ҳимоя қилган, унинг ортида турган ҳамда олдинга илдамлатган ягона инсондир, деган фикр туғилиши мумкин эди. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофида куну тун тер тўкиб, машаққатлар чеккан мусулмонлар бир четда қолиб, барча мақтов-олқишлар Абу Толибга бўлсин, дейдиганлар чиқарди. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом амакилари Абу Толибни ҳамда завжалари Хадижа бинти Хувайлидни «йўқотиб қўйиш»ларини илоҳий ҳикмат тақозо қилди. У ҳикмат икки ҳақиқат орқали бизга ойдинлашади: 1. Ҳимоя, иноят, ғалаба, ёрдам фақат Аллоҳ таоло томонидан келур. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзининг Расулини мушриклардан, душманлардан ҳимоя қилишни ваъда қилган. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом инсонлар тарафидан ҳимоячилари бўладими, йўқми − фарқсиз, ҳимоялангандирлар ва у Зот олиб бораётган даъват ўзининг муваффақиятига, ғоя-мақсадига етиши муқаррардир. 2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлардан ҳимояланган, деган сўзимизнинг маъноси улардан азиятлар, тазйиклар кўрмаслик дегани эмас, балки Аллоҳ таоло «Эй Пайғамбар (алайҳиссалом), Сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарсани етказинг! Агар (бу фармонга амал) қилмасангиз, Унинг элчилигини (бандаларига) етказмаган бўлурсиз, Аллоҳ Сизни одамлардан (уларнинг зараридан) сақлагай. Албатта Аллоҳ кофир қавмни ҳидоят қилмас» (Моида сураси. 67-оят) оятида ваъда қилган ҳимоя, ўлдирилишдан, даъватни тўхтатиб қўядиган тажовузлардан ҳимоя қилиш маъносидадир. Аллоҳ таолонинг ҳикмати билан пайғамбарлар кўп азиятлар кўришган, лекин бу уларга ваъда қилинган исмат - ҳимояга зид эмасдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло мана бу: «Бас, Сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни Ҳақ Динга даъват қилишни) юзага чикаринг ва мушриклардан юз ўгиринг! Албатта, Биз Ўзимиз Сизни масхара қилгувчиларга (яъни уларни ҳалок этиш учун) кифоя қилурмиз», оятидан кейин у Зотга шундай дейди: «Шак-шубҳасиз, Биз улар (Сизни масхара қилиб) айтаётган сўзлардан дилингиз сиқилишини билурмиз. Бас, Сиз Парвардигорингизга ҳамд айтиш билан (У Зотни «шерик»лардан) покланг ва сажда қилувчилардан бўлинг (шунда Аллоҳ дилингиздаги ғам-аламни кетказур!)» (Ҳижр сураси, 97-98-оятлар.) Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом даъват йўлида йўлиққан озор-азиятлар ҳар бир асрда Ислом даъвати билан шуғулланувчи мусулмонлар учун Аллоҳ таолонинг ҳикматларидандир. Чунки агар у Зот ўз даъватларида машаққатсиз, қийинчиликсиз муваффақият қозонганларида, саҳобалар ва у Зотдан кейинги мусулмонлар ҳам енгилликни истаб қолишар ва Исломий даъват йўлидаги қийинчиликларни оғир санаган бўлишар эди. Аммо улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тотган нарсадан тотаётганларини ва у Зот азият чеккан йўлдан кетаётганликларини ҳис қилишлари мусулмонларга етаётган азобу уқубатларни енгиллатадиган тасаллидир. Аллоҳ таолонинг ҳабиби, бандалари ичидан танлаб олган мустафоси − Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорда кетаётганларида мушриклар томонидан у Зотнинг бошларига тупроқ сочилиши, уйларига қайтиб қизларига ювдиришга мажбур бўлиб қолишлари каби воқеаларни кўрган мусулмонлар ўзларига етаётган ҳар қандай қийинчиликларни енгил санайдиган бўлиб қоладилар.
Мавзуга доир яна бир нарса
Баъзилар мазкур йилни Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом «қайғу йили» деб аташларининг боиси амакилари Абу Толиб билан завжалари Хадижа бинти Хувайлиддан ажралиб қолишларининг ўзи, деб ҳисоблайдилар. Аслида, бу унчалик тўғри эмас. Расулуллоҳ бу икки яқинларининг вафотидан сўнг қаттиқ қайгуга ботишларининг сабаби, уларнинг вафотидан кейин содир бўлган Исломий даъват дарвозаларининг кўпи беркилиб қолиши каби нарсалардир. Чунки амакилари Абу Толибнинг ҳимояси даъватга, таълим-тарбияга катта имконият дегани эди. У ўлгандан сўнг қаршиларидаги ўша имкониятлари тўсилди. Қанча ҳаракат қилмасинлар, душманчиликни кўрдилар, қаёққа бормасинлар, йўллар берклигини топдилар. Даъватларига ҳеч ким қулоқ солмай қўйди, аксинча, калака қилувчилар, тажовузкорлар кўпайди. У Зот Аллоҳ таоло буюрган вазифани амалга ошира олмаётганларидан кўп маҳзун бўлдилар. Шу боис ўша йилни «маҳзунлик йили» деб атадилар. Ўша пайтда у Зотнинг қайғуларини енгиллатиш учун тасалли берувчи, одамларга «етказиш»дан бошқа нарсага мукаллаф эмасликларини, одамлар у Зотнинг чақирувларига жавоб беришмаса, иймон келтиришмаса, ғам-ғуссага ўрин йўқлигини эслатувчи оятлар тушар эди. Масалан, мана бу оятни ўқиб кўринг: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) албатта, Биз уларнинг гаплари Сизни маҳзун қилишини билурмиз. Зотан, улар Сизни ёлғончи қилмайдилар, балки бу золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қиладилар. Маълумки, Сиздан аввалги пайғамбарлар ҳам ёлғончи қилинганлар. Сўнг то уларга Бизнинг ёрдамимиз келгунича ёлғончи қилинганликларига ва чеккан азийятларига сабр қилганлар. «Аллоҳнинг («Пайғамбарларимни Ўзим қўллагайман», деган) Сўзларини ўзгартира олгувчи бирон кимса йўқдир. Ахир, Сизга (эй Муҳаммад алайҳиссалом,) ўтган пайғамбарларнинг хабарларидан ҳам келган-ку!» (Анъом сураси. 33-35-оятлар.)
20:38 / 26.06.2020
3855
Аввалги мақола
Расулуллоҳ ҳузурида дастлабки вакиллар
Ислом тарихи
2446
Кейинги мақола
Набий ва Расул бўлган зотга салавот
247
Саловотлар
Ислом тарихи
Рабиъул аввал ойларида юз берган тарихий воқеалар
Ҳижратдан аввалги 53 йил, рабиъул аввал ойининг 8, 9, 10, 12 кунлардан бири (мил. 571 йил 19–23 апрель
– Расулул...
06:40 / 27.06.2020
Ислом тарихи
Савол: Ислом дини туширилишидан олдин ҳам Каъба бўлган ва уни христиан динидагилар ҳам зиёрат қилишган. Ислом туширилганидан кейин эса улар Каъбани тарк қилишганининг сабабини билишни истардим.....
10:22 / 19.02.2013
Ислом тарихи
Ибн Исҳоқ айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ қилиб, Табукдан фориғ бўлиб, Сақиф ҳам Исломни қабул қилиб, байъат қилгач, у Зотнинг олдига ҳар тарафдан араб вакиллари, элчи...
03:38 / 27.06.2020
Ислом тарихи
Ибн Исҳоқ ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотидан Мадинага Рамазон ойида қайтдилар ва шу ойнинг ўзида у Зотнинг олдиларига Тоиф аҳолиси бўлмиш Сақиф қабиласидан вакиллар к...
22:37 / 26.06.2020
ٍКўп кўрилганлар