3 жумадис сони 1446
Исро ва меърож мўъжизаси

Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарини Маккадаги Масжидул-Ҳаромдан Куддусдаги Масжидул-Ақсога элтишини Исро дейилса, ундан сўнг содир бўлган самовотнинг олий табақаларига кўтарилиш ҳамда инсу жин ва малоикаларнинг илми етмайдиган даражагача юқорига етишни Меърож дейилади. Буларнинг барчаси биргина кечада содир бўлган.

Бу илоҳий мўъжиза пайғамбарликнинг ўнинчи йилида ёки кейинроқ бўлганлиги ҳақида ихтилофлар бор. Ибн Саъд ўзининг «Табақотул-кубро» китобида бу воқеа ҳижратдан ўн саккиз ой аввал бўлганлигини ривоят қилган. Жумҳур мусулмонлар бу риҳлат ҳам руҳ, ҳам жисм билан амалга ошган деган эътиқоддадирлар. Шунинг учун ҳам у Аллоҳ таоло Ўз Расулини икром қилган ажойиб мўъжиза ҳисобланади. Бу воқеа Имом Бухорий ва Муслим ривоятларида батафсил келтирилган. Унда, жумладан, шундай дейилган: «Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом Буроқ номли уловларида кечаси Масжидул-Ҳаромдан Масжидул-Ақсога келиб, у жойда икки ракаат намоз ўқидилар... сўнг аввал биринчи осмонга, кейин иккинчи, учинчи осмонларга кўтарилиб, ҳатто Сидратул-мунтаҳога − Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилдилар. Ўша маконда Аллоҳ таоло у Зотга Ўзи хоҳлаган нарсаларни ваҳий қилди ва аслида эллик вақт маҳал беш вақт намоз ҳам ўша жойда фарз қилинди... Эртаси куни Раулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом кўрган   нарсаларини   одамларга   сўзлаб   берганларида мушриклар   тўпланишиб    бир-бирларига   ушбу хабарни етказишди ва масхара қилишди. Улардан бири: «Модомики Байтул-Макдисга борган ва у жойда намоз ўқиган бўлсанг, уни бизга тасвирлаб бер-чи», деди. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом эса    унинг    атрофига    назар    югуртиришга, шаклларини эслаб қолишга эътибор қаратмаган эдилар. Шунда Аллоҳ таоло Байтул-Мақдиснинг суратини   Расулуллоҳ   соллаллоҳу   алайҳи   васалламнинг кўз олдиларига гавдалантириб қўйди. У Зот эса мушрикларнинг саволларига жавобан у жойни батафсил тавсифлаб-тасвирлай бошладилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Қурайшликлар мени ёлғончи қилишганда Каъбанинг ёнида турган эдим, Аллоҳ таоло менга Байтул-Мақдисни намоён қилди. Бас, мен унга қараб туриб қурайшликларга унинг белгиларини айта бошладим». Исро кечасининг эртасига Жаброил алайҳиссалом келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга намознинг ўқилиш тартиблари ва вақтларини ўргатди. У Зот намоз фарз бўлишидан илгари худди Иброҳим алайҳиссалом каби эрталаб икки ракаат ва кечаси икки ракаат намоз ўқир эдилар».Ибратли нукталар Аввало, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мўъжизалар ҳақида.. Баъзи изланувчилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини оддий башарий, мўъжизаларга алоқаси йўқ, балки уни инкор этувчи ҳаёт деб тасвирлашади ва бунга далил қилиб Аллоҳ таолонинг: «Айтинг: «Оят-мўъжизалар ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир» оятини келтирадилар. Бу билан ўқувчининг фаҳмига Расулуллоҳнинг ҳаёти Аллоҳ таоло, одатда, Ўз пайғамбарларини қувватлантирган оят-мўъжизалардан бутунлай узоқ бўлган, деган нарсани уқтирмоқчи бўладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақидаги бундай қарашнинг манбаига эътибор қаратадиган бўлсак, бу, аслида, баъзи динсиз шарқшуносларнинг тушунчаси экани маълум бўлади. Уларнинг наздидаги бу назариянинг асоси ва сабаби уларда, аввало, мўъжизаларни Яратувчи Зотга бўлган иймон йўқлигидир. Чунки қалбда Аллоҳ таолога бўлган иймон мустаҳкам ўрнашган бўлса, ундан кейин барча нарсага иймон келтириш осонлашади. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломнинг ҳаётида энг ошкор, ойдин кўринган сифат − пайғамбарлик сифатидир. Пайғамбарлик эса ғайбий маънога эга бўлган, бизнинг ҳиссий ўлчовларимизга бўйсунмайдиган нарсадир. Демак, ғайри табиий мўъжизалар у Зотнинг асли вужудида қоим экан. У Зотдан мўъжизаларни узоқлатиш пайғамбарликни йўққа чиқариш, тўғрироғи, Динни инкор қилиш демакдир.. Мўъжиза инсонлар истилоҳида ҳар бир кўз ўрганган, одатда жорий бўлган нарсалардан бошқа, ташқари ишдир. Ҳар бир одатий, инсонга таниш нарса ҳам асрлар ўтиши билан ривожланади. Маданият, илм идрок ўзгариши билан ўзгаради. Кўпинча бир қанча замон илгари мўъжиза деб ҳисобланган иш бугунга келиб оддий нарсага айланиб қолиши мумкин. Ёки маданиятлашган жамиятга таниш бўлган нарса маданиятдан узоқ бўлган бадавийларнинг наздида мўъжиза ҳисобланиши мумкин. Ҳар бир оқил тушунадиган ҳақиқатни айтадиган бўлсак, одатий нарса ҳам, ғайри одатий нарса ҳам, аслида, ҳар иккиси мўъжизадир. Масалан, юлдузлар, сайёралар ҳаракати, тортиш кучи қонуни, инсондаги асаб тизими, яна ундаги қон айланиш қонуни, жон, инсоннинг ўзи − буларнинг барчаси мўъжизалардир. Лекин инсон кўникиш ва одатийлик ҳисобига мўъжизанинг юзини ва қийматини эсдан чиқаради. Шунинг учун ўзи кўниккан ва одатланган нарсадан бошқа тасодифий келган нарсани мўъжиза деб тушунади. Натижада нарсаларга иймон келтириш ёки келтирмаслик ўлчовини ҳам мана шу тушунчадан чиқаради. Инсон тарафидан озгина фикр юритиш унга, албатта, бу коинотнинг барча мўъжизаларини яратган Зотга яна бир мўъжиза келтириш ёки аввалги мўъжизани ўзгартириш қийин эмаслигини равшанлаштириб беради. Ана шундай фикр юритган инглиз олими Уельям Жонс мана бундай дейди: «Оламни яратган қудрат ундан бирор нарсани йўқ қилишдан ёки унга бирор нарсани қўшишдан ожиз бўлмайди...». Яна Исро ва Меърож воқеаси ҳақида: Расулуллоҳ   соллаллоҳу   алайҳи    васаллам қурайшликлар  томонидан   турли-туман   азиятлар кўрдилар. Тоифга қилган сафарларида ҳам озмунча қийинчилик кўрмадилар. Робиъанинг ўғилларига қарашли боғда   қилган   дуоларида   инсон   ўзининг заифлигини, Аллоҳнинг қули эканини ҳис қилиши кераклигини   ва   доим   мадад   берувчи   Зотга муҳтожлигини уқтириш бордек. У Зотнинг ўша илтижоларида мен йўлиқаётган бу қийинчиликлар Аллоҳ таоло мени ёмон кўриб қолганлиги сабабли эмасми, деган хавотир бор эди. Шунинг учун ўша дуолари давомида: «Мендан ғазабланмаган бўлсанг, бас, бошқасига парвойим йўқ», дедилар. Шундан сўнг Аллоҳ таолонинг икроми ўлароқ Исро ва Меърож зиёфати уюштирилди. Бу у Зотнинг сабр ва саботларини янгилаш учун ҳамда ўз қавмлари томонидан етаётган ситамлар Аллоҳ таоло у кишини ёмон кўриб қолганлигидан ёки ғазабланганлигидан эмас, балки Аллоҳ таолонинг Ўзи суйган бандаларига бўлган қонуни, қолаверса, барча замонлардаги исломий даъват қонуни шу эканлигини билдириш учун уюштирилди. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломни етти осмонга чиқариш учун айнан Байтул-Мақдисга олиб борилишларида, бу Байтнинг Аллоҳ таоло наздида ўз мавқейи ва ҳурмати борлигига далолат бордир. Яна бунда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, Ийсо алайҳиссалом ва барча пайғамбарлар олиб келган дин ўртасида кучли алоқа борлигига далолат бордир. Яна бунда ҳар бир асрдаги мусулмонлар онгида ушбу Муқаддас Заминни муҳофаза қилиш, дин душманларидан ҳимоя қилиш шуури бўлмоғи лозимлигига ишора бордир. Исро ҳам, Меърож ҳам аввалги ва ҳозирги жумҳур уламолар иттифоқига кўра, ҳам жон, ҳам тан билан амалга ошган. Имом Бухорийнинг мавзумизга оид ҳадисини шарҳлаб Ибн Ҳажар шундай дейди: «Исро ва Меърож бир кечада, рўёдамас, уйғоқликда, жон билан бадан бирга ҳолатида содир бўлган. Ҳадис, фиқҳ ва калом уламолари мана шунга иттифоқ қилганлар. Яна бунга далолат қилувчи пайдар-пай саҳиҳ хабарлар мавжуддир. Бундан четга чиқилмаслик лозим. Чунки таъвилга муҳтож бўлинадиган, ақл олиши қийин бўлган нарсанинг ўзи йўқ бу ерда». Яна бунга далил мушриклар ушбу хабарни эшитганларида, таажжубга тушиб, дарҳол ёлғонга чикаришга шошилишларидир. Чунки бу уйқу масаласи бўлганида, улар бунчалар таажжубга, ваҳимага тушмаган бўлишарди. Тушга нималар кирмайди. Ҳатто бундай тушни кофир ҳам кўриши мумкин эди. Агар бунинг рўё эмаслигини билиб турмаганларида, мулзам қилиш мақсадида Байтул-Мақдиснинг тавсифи − дарвозалари, деворлари ҳақида сўрашмаган бўлишарди. Бу мўъжиза қандай амалга ошди, уни ақл қандай тасаввур қилиши мумкин? Жавоб: бу коинот ва ҳаётнинг бундан бошқа саноқсиз мўъжизалари қандай амалга ошган бўлса, шундай содир бўлди. Ахир, юқорида айтдик-ку: бу коинотнинг бор-йўғи мўъжизадан иборатдир. Ана шу мўъжизаларни ақл қандай осонлик билан тасаввур қилаётган бўлса, мазкур мўъжизани ҳам шундай енгиллик билан тасаввур қилмоғи лозимдир. Азиз ўқувчи, Исро ва Меърож қиссасини ўрганишда «Меърожу Ибн Аббос» китобига суяниб қолишдан ҳазир бўлинг. У асли ҳам, санади ҳам бўлмаган ботил ҳадислар билан тўлдирилган китобдир. Бу китобни ёзган кимса кўп ёлғонларни Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга тиркамоқчи бўлган. У киши эса бундай ёлғонлардан покдир. Ибн Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Меърожи ҳақида ҳеч қандай китоб ёзмаганлар. Ахир, китоб таълиф қилиш ҳаракати Умавийлар давриниг охирларида бошланган.
20:00 / 26.06.2020
Аввалги мақола
Тоифга ҳижрат
Кейинги мақола
Мўжизалар
У ЗОТ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМГА ҒАЙБНИНГ КАШФ БЎЛИШИ
 Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни чиқиб маййитга ўқийдиган намозларини аҳли Уҳудга ўқидилар. Сўнгра минбарга қайтиб бориб: «Мен сизни...
22:20 / 26.06.2020 Батафсил...
Мўжизалар
ҒАЙБИЁТЛАРДАН ХАБАР БЕРИШЛАРИ
Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдим. Бир одам келиб, у Зотга фақирликдан шикоят қилди. Сўнгра бошқа бири келиб йўлтўсарликдан шик...
03:00 / 26.10.2016 Батафсил...
Мўжизалар
У ЗОТ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ДУОЛАРИНИНГ ТЕЗ ҚАБУЛ БЎЛИШИ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида аҳли Мадинага қаҳатчилик етди. У Зот жума куни хутба қилиб турганларида бир киши ўрнидан туриб: «Эй...
03:00 / 24.10.2016 Батафсил...
Мўжизалар
ДАРАХТНИНГ У ЗОТГА БЎЙСУНИШИ
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан юриб бориб кенг водийга тушдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қазои ҳожат учун кетдилар. Мен ортларидан...
02:44 / 27.06.2020 Батафсил...