Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан юриб бориб кенг водийга тушдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қазои ҳожат учун кетдилар. Мен ортларидан бир идишда сув олиб бордим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам назар солиб, ўзларига тўсиқ бўладиган нарса кўрмадилар. Водийнинг четида икки дарахт кўриниб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг бири томон юриб қолдилар. Унинг шохларидан бирини тутиб туриб «Аллоҳнинг изни ила менга эргаш», дедилар.
Бас, у ул Зотга худди бурнидан ҳалқа ўтказилган туя ўз етакчисига эргашганига ўхшаб эргашиб кетди. У Зот бошқа дарахтнинг олдига келиб, унинг шохларидан бирини тутиб туриб «Аллоҳнинг изни ила менга эргаш», дедилар. Бас, у ҳам ул Зотга эргашди. Икковларининг ўртасига етганда икковларини улаб туриб, «Иккингиз Аллоҳнинг изни ила мени тўсингиз», дедилар. Улар бир-бирларига киришдилар. Жобир айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг яқиндалигимни сезиб, узоқлашмасинлар деб, тезлаб у ердан узоқлашдим. Ўтириб ўзимга ўзим гапириб туриб, бироз вақтни ўтказибман. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен томон келмоқдалар. Икки дарахт эса ажраб ҳар бири ўз ўрнига ўрнашибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларини қимирлатиб, бундоқ-бундоқ, деганларини кўрдим. Сўнгра юриб олдимга келдилар ва:
«Эй Жобир, менинг мақомимни кўрдингми?» дедилар.
«Ҳа», дедим мен».
Муслим ривоят қилган.