
Ибн Исҳоқ: тайёрланиб, юрмоқчи бўлиб турган пайтларида улар билан Бани Бакр ибн Абду Манот ибн Кинона ўртасида бўлган урушни эслаб қолишди. Улар: «Уларни орқамиздан ҳужум қилиб қолишларидан қўрқамиз», – дейишди. Менга Омир ибн Луайлик баъзи кишиларнинг ибн Саид ибн Мусайябдан ривоят қилиб айтишларича, Қурайш билан Бани Бакр ўртасидаги урушга Бани Маъис ибн Омир ибн Луай уруғидан ҳафс ибн Ахяфнинг ўғли сабабчи бўлган. У бошида зийнатланган кокилли, тоза, озода, ёш бола эди. Йўқотиб қўйган нарсасини Дажнонда қидириб юрганида, Бани Яъмур ибн Авф ибн Каъб ибн Омир ибн Лайс ибн Бакр ибн Абду Манот ибн Кинона уруғидан бўлган Омир ибн Язид ибн Омир ибн Малуҳнинг олдидан ўтиб қолди. У Бани Бакрнинг раиси эди. Уни кўриб ажабланди ва: «Сен кимсан, эй бола?» – деб сўради. У: «Қурайшлик Ҳафс ибн Ахяфнинг ўғлиман!» – деди. Бола кетгач, Омир ибн Язид: «Эй Бани Бакр! Сизларга Қурайшнинг жон қарзи борми?» – деди. Улар: «Ҳа, албатта. Уларнинг бизда бир нечта жон қарзлари бор!» – дейишди. Омир: «Ким бу болани ўлдирса, жонга жон билан қарзини тўла олган бўлади», – деди. Шунда бир киши келиб, уни ўлдирди. Бу воқеа Қурайш ичида гап-сўз бўлиб кетгач, Омир: «Эй Қурайш жамоаси! Сизларда бизга тўлашингиз керак бўлган қарзларингиз бор эди. Нимани хоҳлайсиз? Агар хоҳласангиз, олдинги жон қарзларни адо қилинглар, биз сизларга олдинги қарзларимизни адо қиламиз. Агар хоҳласангиз, мана шу қон жонга жон, сизлар олдингидан, биз ҳам олдингидан воз кечамиз», – деди. Қурайшнинг бу уруғига бола арзимасдек кўринди. Улар: «Унинг гапи тўғри: жонга жон», – дейишди-да, бошқа нарса талаб қилишмади.