30 рабиъус сони
1446
Иккинчи Ақаба байъати
Келгуси йили ҳаж мавсумига Мусъаб ибн Умайр Мадина мусулмонларидан иборат катта жамоат билан мушрик қавм ҳамроҳлигида ўзларини мусулмонликларини ошкор қилмаган ҳолда келдилар.
Муҳаммад ибн Исҳоқ Каъб ибн Моликдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом билан ташриқ кунларининг ўртасида Ақабада учрашишга ваъдалашдик. Ваъдалашилган кеча келгач, қавмимиз билан ётоғимизда ухлашга ётдик. Кечанинг учдан бири ўтгач, ҳеч кимга билдирмай ётоғимиздан чиқиб кетдик. Етмиш уч эркак ва икки аёл (Нусайба бинти Каъб ва Асмо бинти Амр) Ақаба яқинидаги дарага жамландик. Бир оздан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб билан келдилар. Шунда қавм: «(Эй Расулуллоҳ,) биздан ўзингиз ва Роббингиз учун нимани истасангиз, олинг», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон тиловат қилдилар, Аллоҳга даъват қилиб, Исломга тарғиб қилдилар ва: «Мен сизлар билан аёлларингиз ва фарзандларингизни нимадан ҳимоя қилсангизлар, мени ҳам ўша нарсадан ҳимоя қилишга байъатлашаман», дедилар. Шунда Баро ибн Маърур у Зотнинг қўлларидан тутиб: «Худди шундай, Сизни Ҳақ билан пайғамбар қилиб юборган Зотга қасамки, Сизни ўз аҳлимизни ҳимоя қилгандек ҳимоя қиламиз. Бас, биз билан байъатлашаверинг, эй Расулуллоҳ. Зеро, биз, Аллоҳга қасамки, уруш фарзандларимиз, қўлларимиздан қурол узилмайди, бу бизга ота-боболаримиздан меросдир», деди. Гапга Абулҳайсам ибн Тайяҳон аралашиб, шундай деди: «Эй Расулуллоҳ, биз билан баъзи бир кишилар (яҳудлар) ўртасида ришталар бор. Биз ўша ришталарни узмоқчимиз. Аллоҳ Сизни ғолиб қилгандан кейин бизни тарк этиб қавмингизга кетиб қолмайсизми?». Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом табассум қилиб: «Аксинча, қонга қон, жонга жон, мен сизларданман, сизлар ҳам мендансиз. Ким билан уруш қилсангиз, мен ҳам у билан уруш қиламан. Ким билан тинч-тотув яшасангиз, мен ҳам у билан тинч-тотув яшайман», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзингиздан ўн икки бошлиқни чиқаринг, токи уларнинг ҳар бири ўз қавмидан масъул бўлсин». Улар ўзларидан ўн икки бошлиқни чиқаришди (Хазраждан тўққизта, Авсдан учта). Уларни танлаб олгач, Расулуллоҳ шундай дедилар: «Сизлар ўз қавмингизга худди Ийсо ибн Марямнинг ҳаворийлари кафил бўлгандек кафилсизлар. Мен ҳам ўз қавмимга кафилман». Байъатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларини биринчи бўлиб тутган киши Баро ибн Маърур бўлди. У кишидан кейин қавмнинг барчаси байъатлашдилар. Байъат тугагандан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энди қўнимгоҳингизга қайтинглар», дедилар. Шунда у Зотга Аббос ибн Убода ибн Нафла: «Сизни Ҳақ билан юборган Зотга қасамки, агар истасангиз, эртага Мино аҳлига қилич яланғочлаб юриш қиламиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз бунга буюрилмадик. Ётоғингизга қайтинглар», дедилар. Ётоғимизда тунаб тонг оттирган ҳам эдик, эрталаб бир тўп қурайшликлар келиб: «Эй Хазраж жамоаси, бизга етган маълумотга қараганда, сизлар мана бу соҳибимизнинг (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни назарда тутяпти) олдига келиб, уни бизнинг орамиздан олиб чиқиб кетмоқчи бўлибсизлар ва бизга қарши жанг қилишга у билан байъатлашганмишсизлар. Аллоҳга қасамки, араб қабилалари ичида биз кўпроқ айнан сизлар билан ўртамизда уруш чиқмаслигини хоҳлаймиз», дейишди. Биз билан келган мушриклардан бир қанчаси чиқиб: «Бундай иш бўлгани йўқ, бўлганда биз билар эдик, мусулмонлар рост айтишяпти», дейишди. Биз бир-бирмизга қараб туравердик. (Байъат тун қоронғусида бўлгани сабабли мушриклар умуман сезмаган эдилар). Қурайш мушриклари ўзларига етган хабарни исботлай олмагач, ортларига қайтиб кетиб, хабарни чуқурроқ ўрганишган эди, мазкур иш содир бўлганлиги маълум бўлди. Биз юртимизга қайтган эдик. Ортимиздан қувиб, Саъд ибн Убода билан Мунзир ибн Амрга (Иккаласи ҳам мазкур ўн икки раҳбардан эди) етиб олишди. Мунзир чаққонлик билан қочиб кетди. Саъдни эса ушлаб, қўлларини ўзининг уловининг арқони билан боғлаб, уриб, сочларидан судраб Маккага олиб киришди. Саъд айтади: «Аллоҳнинг номига қасамки, улар мени судраб кетишаётган пайтда ўзларидан бир киши келиб: «Сен билан қурайшликлардан биронтасининг ўртасида ҳимоями, аҳдми бўлмаганми?», деб сўради. Мен: «Валлоҳи, бўлган, Жубайр ибн Мутъим билан Ҳорис ибн Умайянинг савдогарларини шаҳримизга борганларида ўз ҳимоямга олганман», дедим. У киши: «Ҳалок бўлгур, ундай бўлса, уларнинг исмларини овоз чиқариб айтмайсанми!» деди. Мен шундай қилдим. Шунда дарҳол Мутъим ибн Адий билан Ҳорис ибн Умайя келишиб мени уларнинг қўлидан озод қилишди.
Ибратли нукталар
Бу иккинчи байъат маънан биринчи байъатга ўхшашдир. Зеро, ҳар икки байъатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдида Исломни қабул қилишни эълон қилиш, аҳду мийсоқни бош устига олиш, Аллоҳнинг Динига холис бўлиш, Расулининг буйруғига бўйсуниш бордир. Лекин биз бу икки байъат ўртасидаги муҳим икки фарқ ҳақида мулоҳаза юритмоқчимиз. Биринчи фарқ: биринчи байъатда Мадина аҳлидан бўлган байъатчиларнинг адади ўн иккита эди. Иккинчи байъатда эса уларнинг адади етмишдан зиёд эркак ва икки аёлдан иборат бўлди. Байъатлашгандан сўнг Мусъаб ибн Умайр билан ўз юртларига қайтган мазкур ўн икки киши уйларида беркиниб, мусулмонликларини яшириб юрганлари йўқ, балки атрофларидаги эркагу аёлларга Ислом хушхабарини бериб, Қуръон тиловат қилиб, Исломнинг аҳкомларини ўргата бошладилар. Шунинг учун ҳам ўша йили Мадинада Ислом жуда кенг тарқалди. Исломга кирмаган деярли биронта ҳам хонадон қолмади. Ҳар бир хонадон аҳлининг асосий суҳбати Ислом, унинг хусусиятлари ва аҳкомлари ҳақида бўларди. Ҳар бир замон ва макондаги мусулмоннинг вазифаси шудир. Иккинчи фарқ: биринчи байъатда қайд этилган бандлар жиҳод қилишга бўлган ишорадан холи эди. Аммо иккинчи байъатда эса, жиҳоднинг зарурлигига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилишга, Динга ҳар қандай восита билан даъват қилишга очиқ ишора қилинди. Бу фарқнинг сабаби, биринчи байъат эгалари келгуси ҳаж мавсумида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан айни маконда яна ҳам кўпроқ ададли мусулмонлар ҳамроҳлигида учрашиш ваъдаси билан қайтиб кетганлар. Бу ҳолатда жанг учун байъатлашувнинг тақозоси йўқ эди. Боз устига, жиҳод қилишга изн ҳам берилмаган эди. Демак, биринчи байъат вақтинчалик, иккинчиси эса асосий бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўшанга биноан Мадинага ҳижрат қилганлар Шунинг учун у (иккинчи байъат) Мадинага ҳижрат қилингандан кейин қонунлаштирилажак бандларни ҳам ўз ичига олган. Ана шундай бандларнинг бошида жиҳод ва Ислом даъватини куч билан мудофаа қилиш туради. Бу − Аллоҳ таоло Маккада изн бермаган, лекин яқин келажакда кучга киритилишини Ўз Расулининг кўнглига солган ҳукмдир. Бундан маълум бўладики, исломий жангга ҳижратдан аввал эмас, балки кейин рухсат берилганлиги саҳиҳ экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккинчи Ақаба байъатида Мадина аҳлидан олган жиҳодга боғлиқ аҳд-ваъдалар келажакда Мадинага ҳижрат қилишни кўзлаб олингандир. Бунга юқорида зикр қилинган Аббос ибн Убоданинг Байъатдан кейин айтган гапидир: «Сизни Ҳақ билан юборган Зотга қасамки, агар хоҳласангиз, эртага Мино аҳли устига қиличларимиз билан бостириб борамиз». Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳали бунга буюрилмадик. Жойларингизга қайтинглар», дедилар. Жиҳод қилишга рухсат берилгани ҳақида биринчи нозил бўлган оят ушбудир: «Ҳужумга учраётган зотларга мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилиш) изни берилди. Албатта, Аллоҳ уларни ғолиб қилишга Қодирдир. Изоҳ: муфассирлар айтишларича, ушбу оят мусулмонларга жиҳод қилиш учун берилган биринчи рухсатдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада турган пайтларида ҳам саҳобалар у кишининг ҳузурларига кўп марта мушрикларнинг қилаётган ҳужумларидан шикоят қилиб келар эдилар. Лекин у Зот: «Сабр қилинглар, менга ҳали Парвардигорим томонидан жанг қилишга рухсат берилгани йўқ», деб қайтарардилар. Дарҳақиқат, Қуръони Каримдаги етмишдан ортиқ оятда мусулмонлар кофирларга қарши жиҳоддан қайтарилгандир. Мадинага ҳижрат қилинганидан кейин Ислом давлати барпо бўлгач, мазлум мусулмонларга золим кофирларга қарши жиҳод қилиш изни берилди ва бу жангда, албатта, Аллоҳ йўлида курашган зотлар ғолиб бўлиши башорат қилинди». (Ҳаж сураси. 39-оят). Нима сабабдан жиҳодни машруълаштириш кейинга сурилди? 1 . Жангдан аввал Исломни ўргатиш, унга даъват қилиш, ҳужжатларини қоим қилиш ва уни англаш йўлини тўсувчи муаммоларни ҳал килиш лозимдир. Шубҳасиз, бу жиҳоднинг биринчи босқичидир. 2 . То мусулмонлар учун уларни ҳимоя қиладиган ва бошпана бўладиган Ислом диёри барпо бўлгунига кадар Аллоҳ таолонинг бандаларга бўлган меҳрибонлиги уларни зиммасига уруш вожибини юкламади. Мадина биринчи исломий диёр бўлди. Хуллас, иккинчи Ақаба байъати Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломнинг Мадинаи мунавварага ҳижрат қилишларига муқаддима ўрнида бўлди.
15:46 / 26.03.2012
4339
Аввалги мақола
Биринчи Ақаба байъати
Ислом тарихи
2789
Кейинги мақола
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
65
Мақолалар
Ислом тарихи
Рабиъул аввал ойларида юз берган тарихий воқеалар
Ҳижратдан аввалги 53 йил, рабиъул аввал ойининг 8, 9, 10, 12 кунлардан бири (мил. 571 йил 19–23 апрель
– Расулул...
06:40 / 27.06.2020
Ислом тарихи
Савол: Ислом дини туширилишидан олдин ҳам Каъба бўлган ва уни христиан динидагилар ҳам зиёрат қилишган. Ислом туширилганидан кейин эса улар Каъбани тарк қилишганининг сабабини билишни истардим.....
10:22 / 19.02.2013
Ислом тарихи
Ибн Исҳоқ айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ қилиб, Табукдан фориғ бўлиб, Сақиф ҳам Исломни қабул қилиб, байъат қилгач, у Зотнинг олдига ҳар тарафдан араб вакиллари, элчи...
03:38 / 27.06.2020
Ислом тарихи
Ибн Исҳоқ ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотидан Мадинага Рамазон ойида қайтдилар ва шу ойнинг ўзида у Зотнинг олдиларига Тоиф аҳолиси бўлмиш Сақиф қабиласидан вакиллар к...
22:37 / 26.06.2020
ٍКўп кўрилганлар