3 жумадис сони 1446
Расулуллоҳ саҳобаларига ҳижрат учун рухсат беришлари

Ибн Саъд ўзининг «Табақот» китобида Оиша онамиз розияллоҳу анходан шундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларидан етмиш (киши байъатлашиб) қайтиб кетгач, қувондилар. Зеро, Аллоҳ таоло у Зот учун ҳимоячиларни, жангчиларни ва қўллаб-қувватловчиларни ҳозирлади. Шу билан бирга мусулмонларга мушриклар тарафидан тазйиқлар кучайиб кетди. Аввал етказмаган озор-азиятларни етказа бошлашди. Бас, саҳобалар бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилишиб, ҳижратга изн сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳижрат диёрингиз менга билдирилди. У  Ясрибдир, ким у жойга чиқишни истаса, чиқаверсин», дедилар. Қавм тайёргарлик кўриб, яширин суратда Маккадан чиқиб кета бошладилар. Саҳобалардан Мадинага биринчи бўлиб етиб борган киши Абу Салама ибн Абдул-асад, ундан кейин Омир ибн Робиъа ва унинг аёли Лайло бинти Абу Ҳашамалар бўлишди. Сўнг саҳобалар тўп-тўп бўлиб кела бошладилар. Улар Ансорларнинг уйларига тушдилар. Ансорлар уларга бошпана бердилар, ёрдам қилдилар, ҳамдард бўлдилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари барчалари махфий равишда ҳижрат қилдилар. Фақат биргина саҳоба − Умар розияллоҳу анҳугина ошкора ҳижрат қилганлар. Алий ибн Абу Толиб   розияллоҳу   анҳу   ривоят  қилади: «Умар розияллоҳу анху ҳижрат қилишни бошлар экан, қилич ва камонини елкасига осиб, Каъбанинг олдига борди. Қурайшликлар унинг саҳнида ўтиришганди. Хотиржамлик ва виқор билан Каъбани тавоф қилди. Сўнг Мақоми Иброҳимнинг олдига келиб, намоз ўқиб олгач, шундай деди: «Юзлари қурисин, Аллоҳ бурунларини ерга ишқасин. Ким онасини азадор, боласини етим, хотинини тул қилишни хоҳласа, мана бу водийнинг орқасида менга йўлиқсин», деди-да, Мадина томон йўл олди. Мушриклардан эса садо ҳам чиқмади». Шундай қилиб, мусулмонлар бирин-кетин Мадинага ҳижрат қилишда давом этдилар. Бунинг натижасида Маккада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр розияллоҳу анҳу, Алий ҳамда мушриклар томонидан ҳибсга олинганлар ва заиф-беморларгина қолдилар.
 
Ибратли нукталар
Маккада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бошига тушган синов − азобу азиятлар, мушрикларнинг калака ва масхараларидан иборат бўлса, уларга ҳижрат қилишга изн берилгандан кейинги синов − ватанларини, мол-дунёю жой-жиҳозларини ташлаб кетиш бўлди. Роббиларига холис, динларига вафодор бўлганликларидан иккала синов олдида ҳам қийинчиликларни сабру сабот ва азму қарор билан қарши олдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилишга ишора қилишлари билан, ортларида ватанларини, мол-дунёларини қолдириб тўппа-тўғри ўша томонга юзландилар. Динларини сақлаб қолиш учун шундай қилдилар.  Мадинада эса уларни бошпана ва ёрдам бериш учун диндош биродарлари кутиб турар эди. Мана шу нарса ўз динини сақлаб қолиш йўлида на ватани, на мол-давлатига парво қилмайдиган, Аллоҳ учун динни холис қилган чин мусулмоннинг олий намунасидир. Булар Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломнинг Маккадаги саҳобалари ҳақидадир. Энди маккаликларни бағрига олган, уларга ҳамдард ва ёрдамчи бўлган Мадина аҳли ҳақида гапирадиган бўлсак, улар исломий биродарлик ва Аллоҳ йўлидаги муҳаббатнинг чин намунаси бўлдилар. Ўзингизга маълумки,  Аллоҳ таоло диний биродарликни насабий ака-укаликдан устун қўйган. Шу сабабдан Исломнинг дастлабки даврида меросхўрлик диний қариндошлик асосига кўра белгиланган. Насабий қариндошлик асосига кўра эса меросхўрлик фақат Мадинада Ислом давлати барпо бўлгандан кейингина белгиланган. «Албатта, иймон келтирган, ҳижрат қилган ва молу жонлари билан Аллоҳ йўлида курашган зотлар ва (Маккадан ҳижрат қилиб келган муҳожирларга) уй-жой бериб, ёрдам қилган зотлар — ана ўшалар, бир-бирларига дўстдирлар. (Яъни тириклари бир-бирига ҳамкор, ўрталарида ўлим бўлса, бир-бирларига меросхўрдирлар). Иймон келтирган, аммо ҳижрат қилмаган (яъни ҳали-ҳануз Маккада яшаб турган) кишилар эса то ҳижрат қилмагунларича  сизлар  уларга дўстлик қила олмайсизлар   (яъни   бир-бирларингизга   ҳамкор, меросхўр бўла олмайсизлар)». (Анфол сураси, 72-оят). Ҳижрат масаласидан икки шаръий ҳукм олинади. 1. Ҳарб − куфр давлатидан Ислом диёрига қижрат қилишнинг вожиблиги. Қуртубий Ибн Арабийдан ривоят қилади: «Бу ҳижрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида фарз бўлган ва Қиёмат Кунигача фарз бўлиб қолади». Мусулмон инсон намоз, рўза, жамоат, азон ва шу каби Исломнинг зоҳирий ибодат ва аҳкомларини бажариш имкониятига эга бўлмаган жой дорул-ҳарбдир. «Албатта, (мусулмонлар билан бирга ҳижрат қилмасдан кофирлар қўл остида яшашга рози бўлиш билан) ўз жонларига жабр қилган кимсаларнинг жонларини олиш чоғида фаришталар уларга: «Қандай ҳолда яшадингиз?» деганларида: «Биз бу ерда чорасиз бечоралар эдик», дедилар. (Шунда фаришталар): «Ҳижрат қилсангиз, Аллоҳнинг Ери кенг эди-ку?! (Нега дину иймонларингиз йўлида бу юртдан ҳижрат қилмадингиз?)» дейишди. Бундайларнинг жойлари жаҳаннамдир. Қандай ёмон жойдир у! Фақат бирон чора топишга қодир бўлмай, (ҳижрат) йўлини истаб топа олмай, чорасиз қолган (кекса ёки ногирон) кишилар, аёллар ва болалар борки, бундайларни, шояд, Аллоҳ афв этса. Зотан, Аллоҳ Афв этгувчи, Мағфират қилгувчи бўлган Зотдир». 2. Мусулмонлар диёрлари, шаҳарлари бошқа-бошқа бўлишига қарамасдан бир-бирларига ёрдам беришлари вожибдир. Уламолар шунга иттифоқ қилганларки, мусулмонлар Ер юзининг қайси бир тарафида бўлмасин, агар заиф-бечораларни, асирларни ёки мазлумларни қутқариб олишга қодир бўлсалар-у, лекин шу ишни қилмасалар, жуда катта гуноҳга қоладилар. Шубҳасиз, мана шундай Илоҳий таълимотларни татбиқ қилиш ҳар бир замон ва макондаги мусулмонлар ғалабасининг асосидир. Лекин афсуски, уларнинг бепарволиклари, бундай таълимотлардан юз ўгиришлари, ҳозирги замонда кўраётганимиз мусулмонларнинг заифлиги, тарқоқлиги, ҳар томондан Ислом душманларига нишон бўлаётганига сабабдир.
15:47 / 26.03.2012
Аввалги мақола
Иккинчи Ақаба байъати
Кейинги мақола
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...