Ибн Исҳоқ: асирлар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куёвлари – қизларининг эри Абул Ос ибн Рабиъ ибн Абдулуззо ибн Абдушшамс ҳам бор эди.
Ибн Ҳишом: Уни Бани Ҳаромлик Хурош ибн ас-Сомт асирга олган эди.
Ибн Исҳоқ: Абул Ос Макканинг бой, омонатдор тижоратчиларидан саналар эди. У Ҳола бинт Хувайлиднинг ўғли бўлиб, Хадича розияллоҳу анҳо унинг холаси эди. Хадича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Зайнабни Абул Осга беришни сўраганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаршилик билдирмадилар. Бу ҳолат ваҳий келишидан олдин эди. Уни уйлантириб қўйиб, ўз болаларидек кўришар эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар қилиб юборилгач, Хадича қизи билан иймон келтириб, тасдиқлаб, келтирган нарсалари ҳақ эканлигига гувоҳлик бердилар. Абул Ос эса мушриклигича қолди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Руқайя ёки Умму Кулсумни Утба ибн Абу Лаҳабга никоҳлаб берган эдилар. У Зот қурайшликларга Аллоҳнинг амрини келтиргач, ўртада адоват пайдо бўлди ва улар: «Муҳаммадни ғам-ташвишсиз бўш қўйдингиз, қизларини қайтариб беринглар, улар билан машғул бўлсин», – деб айтдилар. Сўнг Абул Оснинг олдига бориб: «Хотинингни қўйиб юбор! Биз сени Қурайш аёлларидан хоҳлаганингга уйлантириб қўямиз», – дедилар. У эса: «Йўқ, асло! Аллоҳга қасамки, мен хотинимни қўйиб юбормайман ва қурайшлик аёлга уйланмайман», – деб жавоб берди. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга миннатдорлик билдирган эдилар.
Шундан сўнг Утба ибн Абу Лаҳабнинг олдига боришиб: «Муҳаммаднинг қизини талоқ қил, биз сени қурайшлик хоҳлаган аёлингга уйлантириб қўямиз», – дейишди. У: «Агар мени Аббон ибн Саъид ибн Ос ёки Саъид ибн Оснинг қизига уйлантирсангиз, жавобини бераман», – деди. Улар Саъид ибн Оснинг қизига уйлантиришди. Шунда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизларини тарк этди, ҳали оила қуришмаган эди. Аллоҳ ўз Расулининг қизига марҳамат қилиб, Утбани хор қилди. Кейин Усмон ибн Аффон унга уйланди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада мағлуб бўлганлари учун ҳеч нарса қила олмас эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Зайнаб мусулмон бўлган пайтда Абул Ос билан ўрталарини Ислом айирди, бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккисини ажратишга қодир бўлмадилар. Натижада, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилгунларича, Зайнаб – мусулмон, Абул Ос мушрик ҳолида бирга яшашди. Қурайш Бадрга юриш қилгач, Абул Ос ҳам бирга бориб асирга тушди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида − Мадинада қолди.
Ибн Исҳоқ: менга Яҳё ибн Аббод ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр отаси Аббодан, у Оишадан ривоят қилиб айтди: «Макка аҳли асирларини озод қилиш учун фидя юборишганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари ҳам Абул Осни озод қилиниши учун бир марварид юборди. Ўша марваридни Зайнаб турмушга чиқаётганида Хадича розияллоҳу анҳо уни Абул Оснинг олдига киритиб юбораётган пайтда бўйнига тақиб қўйган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни кўргач, қалблари юмшаб кетиб: «Агар асирини озод қилиб, молини ҳам қайтаришни маъқул кўрсангиз, шундай қилингиз», – дедилар. Улар: «Хўп бўлади, ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам!» – дедилар ва уни озод қилиб, молини ҳам қайтариб юбордилар.