Рисолаи Муҳаммадиянинг инсониятга фазли

3 йил аввал 4576 siyrat.uz

РИСОЛАТ ВА ДИЁНАТЛАР ТАРИХИДАГИ БЕНАЗИР ЭЪЛОН

Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаламга хитоб қилиб: «Биз Сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик», (Анбиё, 107) дейди. Бу ўзига хос тенги йўқ эълон ўзига хос мангу китобда, Аллоҳ таоло уни барча замон ва маконларда тиловат қилинишини ирода қилган китобда келмишдир. Унинг ўқувчилари милллион-миллиондир. У Зот унинг ҳақида: «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз», демишдир. Албатта, бу эълоннинг кенглиги ва замон ҳамда макон жиҳатидан кўламининг катталиги унга фавқулодда аҳамият касб этдиради. Ҳар бир онгли инсон унинг олдидан эътиборсиз ўтиб кета олмайди. Унинг замонга боғлиқ кўлами рисолаи Муҳаммадиядан кейинги барча замонлар ва тарихий босқичларни ўз ичига олади. Унинг маконга боғлиқ кўлами эса бутун дунёни ўз ичига олади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Биз Сени Арабистон яриморолига раҳмат қилиб юбордик, дегани йўқ. Ёки шарққа, ғарбга ёҳуд бир қитъага, мисол учун, Осиёга дегани йўқ. Балки У Зот: «Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик», деди.

Ҳақиқатда ушбу эълоннинг кенглиги, шомиллиги, улуғворлиги, олиймақомлиги, бардавомлиги ва абадийлиги, буларнинг ҳаммаси дунё тарихчилари, файласуфлари, доҳийлари ва уқалолари унинг қаршисида ҳайрону лол қолишларини тақозо қилади. Балки инсон бутун фикри ва ақли ила ҳайрону лол бўлиб, бу масалага бир муддат бутун борлиғи билан берилиб, ушбу эълоннинг ҳақлиги, мазкур  воқеликнинг ҳақиқати и ҳақида ўйланмоғи лозим. Чунки биз дин ва унинг фирқалари тарихида, цивилизациялар ва фалсафалар тарихида, ислоҳий ҳаракатлар ва инқилобий уринишлар тарихида, балки бутун олам тарихида ҳамда бутун бошли инсоният кутубхонасида ушбу барча борлиқни, барча башарият авлодларини, барча тарихий босқичларни қамраб олган эълонни учратмаймиз. Ҳаттоки бизгача етиб келган ўтган анбиёлар таълимотларининг хулосаси, уларнинг сийратлари ва аҳволлари мағизи ҳам бу эълонга ўхшаш нарсани мутлақо кўрмаган.

Яҳудийлик қадимги ва машҳур диёнатдир. У Аллоҳга Бани Исроилнинг Робби, илоҳи сифатида қарайди. Яҳудийларнинг қадимий аҳд саҳифалари ва диний муқаддас китоблари Аллоҳни оламлар Робби, бутун борлиқнинг Робби деб зикр қилишдан холидир. Шунинг учун ҳам уларнинг Мусо, Ҳорун, Довуд ва Сулаймон каби анбиёларидан бирор набийнинг сийратидан бунга ўхшаш эълонни ахтариш беҳуда ва вақтни зое қилишдан бошқа нарса эмас. Бу диёнат ўзининг босқичларидан ҳеч бирида, ҳеч бир инсон авлодига ирқчиликсиз раҳмат ва тенглик рисоласи бўлган эмас. Бани Исроилдан бошқаларни бу диёнатга чақиришнинг ўзи ҳеч қачон бўлмаган. Ўзининг кенгбағирлиги, даъватга ҳирси ва инсониятга меҳри билан машҳур бўлган масиҳийлик эса, Инжилда айтилишича, Масийҳнинг ўзининг айтишича, Бани Исроилнинг адашган қўйларини боқиш учун келган экан. (Мутто Инжили боб-15. Оят-24) У зот Бани Исроилга насаб ёки қариндошлик алоқаси ила боғланмайдиган баъзи беморларни кўрганида узр айтиб, мен болаларнинг нонини итларга берадиган киши эмасман (Мутто Инжили, 15-боб, 26-оят), деган эканлар. Шарқий ва осиёвий диёнатлар бўлса, юқорида зикр қилинганлардан фарқ қилмайди. Балки улар олдинги диёнатлардан насаб ва сулолани муқаддаслаштиришда ҳамда одамларни золимона турли табақаларга тақсимлашда ўзиб кетадилар. Улар бу масалада юмшоқлик ёки муросани билмайдилар. Ҳинд жамиятида паст табақадагилар барча ҳурмат, шараф, тенглик ва энг оддий инсоний ҳуқуқлардан ҳам маҳрум эдилар. Улар учун илм олиш, таълим бериш ва дарс ўтиш ҳамдаа руҳий юксакликларни орзу қилиш мумкин эмас. «Вайда»ни ўрганиш, қурбонлик қилиш, олиҳалар ва бутларга назр аташ фақатгина бараҳманларга хос қилинган. «Вайда» китобларига назар солиш ва уларни ўрганиш Шутри ва Вайш тоифаларининг ҳақидир. «Манушаштир»нинг айтишича, паст табақадагилар фақат бир мақсад учун, олдин зикр этилган уч табақага хизмат қилиш учунгина яратилганлар, холос. Қадимги Ҳинд аҳли Ҳимолай тоғлари ортидаги дунёни билмас эдилар. Уларнинг хорижий олам билан, бошқа халқлар билан алоқалари йўқ эди. Уларнинг бундоқ қилишга рағбатлари ҳам йўқ эди. Шунинг учун ҳам уларнинг ичидан бирор набий, валий ёки ислоҳотчидан мазкур эълонга ўхшаш нарсани кутиш беҳуда ва вақтни зое қилишдан иборатдир. Дарҳақиқат, «Роббул оламийн» ақийдасига эга бўлмаган диёнатдан оламларга раҳмат бўладиган Пайғамбарни излашнинг ўзи ақлга сиғмайдиган ишдир.

РИСОЛАИ МУҲАММАДИЯДАГИ РАҲМАТНИНГ СОН ВА СИФАТ  ЖИҲАТИДАН ҚИЙМАТИ

Бир нарсани тақдирлаш ва уни ўзига муносиб жойга қўйишнинг икки хил ўлчови бўлади. Биринчиси − сон жиҳатидан бўлган ўлчов. Иккинчиси −  сифат жиҳатидан бўлган ўлчов. Ушбу Қуръон қилган эълон мазкур икки ўлчовнинг икки томонини ҳам ўз ичига олган. Албатта, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатлари ва улуғ шахсиятлари, олиймақом ва бардавом таълимотлари инсониятга янгича ҳаёт ва фаолият бахш этди. Бу нарсалар инсониятнинг дарду аламларидан шифо топишига, муаммоларини ҳал бўлишига, ғам-ғуссаларини тугашига ва қақраб ётган майдонига раҳмат, барака, бахт, саодат, хайрот ва нажот ёмғирини ёғишига бевосита сабаб бўлди. Ушбу бебаҳо Муҳаммадий атолар ўзининг кенглиги, кўплиги, ҳажми, сони, манфаати, фойдаси, жавҳари ва сифати жиҳатидан беназирдир. «Раҳмат» сўзи кундалик ҳаётимизда кўп ишлатиладиган сўздир. Инсонга наф ва роҳат етказадиган ҳар бир нарсага «раҳмат» деса бўлади. Раҳматнинг турлари, навлари, даражалари ва мартабаларини санаб адоғига етиб бўлмайди. Биримиз ўзининг иссиқ кунда чанқаган биродарига сув тутади. Мусофир ва ғарибга йўл кўрсатади. Ёзнинг иссиқ кунида уни елпиб қўяди. Она боласига меҳр кўрсатади. Ота фарзандига тарбия беради, илм ўргатади ва ҳаётга керакли нарсалар ила таъминлайди. Мударрис ўз шогирдларига дарс беради ва уларга ўзидаги илмларни тақдим этади. Очга таом бериш, меҳмонни зиёфат қилиш, ялонғочга кийим бериш ҳам шунга ўхшашдир. Буларнинг барчаси умумий раҳматнинг кўринишларидан бир кўриниш, унинг алвон рангларидан бир рангдир. Бу бизнинг тақдирлашимизга, ҳурматимизга ва ташаккуримизга лойиқдир. Аммо раҳматнинг энг улкан кўринишларидан бири бизлардан биримизнинг ўз биродарини ўлим чангалидан қутқариб қолишидир. Бир бегуноҳ мурғак гўдакни жони чиқай деб турганини кўрмоқдамиз. У ўзининг охирги нафасини олмоқда. Онаси унинг ёнида йиғлаб турибди. Унинг назарида дунё қоронғи. Жигаргўшаси, маҳбуби ва нуридийдасидан умиди узилган. Ота бўлса ўзини қўярга жой топа олмай типирчилайди. Бирор дам солувчи, далда берувчи топа олмай хуноб. Шунда худди осмондан фаришта тушгандай ҳозиқ табиб пайдо бўлади ва: «Шошманг! Ташвишланишга ўрин йўқ! Ноумид бўлманг!» дейди. Гўдакнинг оғзига табиб бир неча қатра дорини томизиши билан у кўзини очиб, ҳаракатга тушади. Тасаввур қилинг-а, бу табибни Аллоҳ ушбу гўдакни қутқариш учун, уни ҳаётга қайтариш учун юборган раҳмат фариштаси деса бўлмайдими? Мана шу жойда аввал санаб ўтган раҳматларимизнинг барчаси чиппакка чиқади ва ушбу раҳматнинг ажойиб кўриниши олдида эриб кетади. Албатта, у фақат гўдаккагина эмас, балки унинг бутун оиласига раҳматдир. Ҳассасига суяниб кетаётган кўзи ожиз кишини чуқур ўра ёки қудуқ бўйига бориб қолганини кўрамиз. Унинг келгуси қадами ўлим томон босиладиган қадам бўлиши мумкин. Шунда Аллоҳнинг бандаларидан бир банда тезлик билан бориб уни чуқурга қулашдан сақлаб қолади. Уни раҳмат фариштаси десак бўлмайдими? Мана бу гўзал, ёш йигитни қаранг. Ота-онасининг кўз қорачиғи. Фақир оиланинг боқувчиси. Тезоқар дарёга чўкмоқда. Сувдан чиқишга ҳаракат қилмоқда. Аммо иложи йўқ. Бир одам ўз ҳаётини хавф остига қўйиб сувга сакради-да, уни нажот соҳилига олиб чиқди. Ҳалиги йигитнинг отаси ёки акалари уни елкаларига кўтариб, қучоқларига меҳр ила босадилар. Умр бўйи ўз оилаларига қилган яхшилигини унутмайдилар. Айтинг-чи, раҳматнинг аввалги кўринишлари ушбу улуғ ва қимматли раҳматга тенг кела оладими?

РИСОЛАИ МУҲАММАДИЯ БАШАРИЯТНИ БАДБАХТЛИК ВА ҲАЛОКАТДАН САҚЛАБ ҚОЛГАН

Раҳматнинг кўринишларидан энг улуғи ва олий чўққиси бир киши бутун бошли инсониятни ҳалокатдан сақлаб қолишидир. Ҳалокат билан ҳалокат, хатар билан хатар ўртасида катта фарқ бор. Анависи чегараланган, сатҳий ҳалокат ва ўткинчи хатар. Мана буниси эса, абадий ҳалокат ва доимий хатар. Шунинг учун ҳам бошқа раҳматлар муҳим ва улуғ бўлса ҳам анбиёларнинг башариятга кўрсатган раҳматларига тенг кела олмайдилар. Қаршимизда ҳаётнинг қутуриб, мавж уриб турган денгизи бор. У нафақат ёлғиз кишиларни, балки бутун бошли халқлар ва юртларни ютиб юборган. Ҳазорот ва маданиятларни ҳазм қилиб юборган. Унинг улкан ва саркаш тўлқинлари худди тимсоҳнинг ўра каби оғзига ўхшаб очилади ва башар жамоаларига худди қутурган шердек ташланади. Ушбу ваҳший, раҳмсиз денгиздан қандоқ қилиб ўтиб оламиз? Инсоният кемасини омонлик қирғоғига қандоқ олиб чиқамиз? Ушбу қаттиқ довулларда қолган, тоғдек мавжлар орасига тушиб қолган, йўловчига тўлган, денгизчиси ҳам, кемачиси ҳам йўқ кемани нажот соҳилига олиб чиқадиган кишигина инсониятнинг энг улкан қутқарувчиси ва унга фазл кўрсатган киши бўлиши мумкин. Албатта, инсоният ўзига илм берганларга ташаккур айтади. Шунингдек, ўзига турли маълумотларни йиғиб берган, енгилликлар яратиб берган, роҳат-фароғат воситаларини тақдим этган, ҳаёт оғирликларини енгиллаштирган ва унинг довонларини ошиб ўтишда ёрдам берганларга ташаккур айтади. Албатта, у мазкурлардан бирортасининг ҳам ҳаққини поймол қилмайди. Уларнинг фазлини инкор ҳам қилмайди. Аммо инсониятнинг бош муаммоси ўзини уни пойлаб турган душманларидан қутқариб, кемасини саломатлик ва омонлик қирғоғига олиб чиқиб олишидадир. Ушбу денгизнинг тўлқинлари нимадан иборат? Ушбу денгизнинг йиртқич тимсоҳлари нимадан иборат? Албатта, у ушбу борлиқни яратган Роббул оламийнни танимаслик, Унинг олий сифатларини ва гўзал исмларини билмасликдир. Ширк, бутпарастлик ва санамларга ибодат қилиш тўрига тушиб қолишликдир. Бидъат, хурофот ва турли ваҳималарга берилишдир. У инсоният таъбининг кирлашиши, Яратувчисидан ғофил қолишидир. У модда ва қорин бандаси бўлишдир. У ҳаддан ошишдир. У ҳаром қилинган нарсалар чегарасини бузишдир. У ёмонликка амр қилувчи нафснинг кўйига тушишдир. У ўз бурчини адо этишдан қочишдир. У ўз манфаати ортидангина қувишдир. Инсоният учун энг улкан хатар ўз биносини бузишидир. Унинг асосий ғиштини ўз ўрнидан кўчиришидир. Инсон ўзининг қийматини, идрокини ва ҳаётдаги ғоясини унутишидир. У ўзини бўри, кўзойнакли ёки бўғма илон деб ҳис қилишидир. Инсон ушбу улкан ҳақиқатларни унутган чоғида бу дунё ҳаётининг денгизи алангаланиб турган оловга айланади. Ана шунда инсон ўз биродари − инсонни овлашга ўтади. Илонлар, чаёнлар, бўрилар ва йўлбарсларга ҳожат қолмайди. Инсон ушбу инсоният ўрмонининг унинг олдида ҳақиқий бўрилар хижолат бўладиган энг катта бўрисига айланади. У ўзининг олдида ҳақиқий шайтонлар ҳам хижолат бўладиган бебош шайтонга айланади. Ана ўшанда инсон ўзи ёққан оловдан куйиб, қовуриладиган бўлади. Ундоқ оловни бошқа ердан олиб келишга ҳожат қолмайди. Ана шундоқ зулматли ва қўрқинчли бир пайтда раҳмати илоҳийнинг майин шамоли эсади. Инсониятнинг чириган суяклари жонланади. Унинг кемасини маҳорат ва муваффақият ила бошқарадиган кемачилар пайдо бўлади.

НУБУВВАТНИНГ ВАЗИФАСИ. УНИНГ ҚУТҚАРИШ ВА САОДАТМАНД ҚИЛИШДАГИ ЎРНИ. АНБИЁЛАР АМАЛИНИНГ ТАБИАТИ

Нубувватнинг вазифасини ва анбиёлар амалининг табиатини баён қилиш учун бир мисол келтираман. Ундан фалсафий далилларсиз ҳам нубувватнинг вазифасини ва ўрнини тушуниб оламиз. Ҳикоя қилинишича, бир гуруҳ талабалар денгизда сайр қилиш учун кемага минибдилар. Уларнинг ўзлари тетик, вақтлари кўп эди. Умрида дарс ўқимаган уммий кемачи ҳазил-мутойиба, қочирим гап қилиб кулиш учун яхши ҳадаф эди. Талабалардан бири унга: «Амаки, илмлардан нимани ўргангансиз?» деди. «Азизим, ҳеч нарса ўргана олмадим», деди кемачи. «Табиий илмларни ўрганмаганмисиз?» деди толиб. «Йўқ. Улар ҳақида эшитмаганман ҳам», деди кемачи. Шунда бошқа бир толиб гапга аралашиб: «Математика, алгебраларни ўқигансиз-а?» деди. «Ишонинглар, бу ғалати номларни биринчи марта эшитиб турибман», деб жавоб берди кемачи. Учинчи бир шўхроқ толиб: «Ишончим комилки, жўғрофия билан тарихни қотириб ўқиб қўйгансиз-а?» деди. Кемачи унга қараб: «Бу иккиси шаҳар номими, одам номими?» деди. Шу ерга келганда ёшлар ўзларини тута олмай кулиб юбордилар. Уларнинг қаҳқаҳаси атрофга тарқалди. «Ёшингиз нечада?» дейишди кулиб бўлиб. «Қирққа кириб қолдим», деди у. «Умрингизнинг тенг яримини зое қилибсиз-да, амаки!» дейишди ёшлар. Саводсиз кемачи маъюс ҳолда жим қолди. У ўз навбатини кутарди. Бирдан денгиз тўлқинланиб, довул бошланди. Кучли тўлқин келиб кемага урила бошлади. Кема қаттиқ чайқалиб, тўлқинлар уни ютиб юборгудей бўлиб оғзиларини очиб ҳамла қила бошлади. Ёшлар изтиробга тушдилар. Улар биринчи бор денгизга чиққан эдилар. Кема ғарқ бўлиши муқаррар бўлиб қолди. Энди саводсиз кемачининг навбати келган эди. У хотиржамлик ва виқор билан: «Ҳа, болалар! Қандоқ илмларни ўрганган эдингиз?» деди. Ёшлар ўзлари ўрганган илмларнинг узундан-узоқ рўйхатини айта кетишди. Аммо улар кемачининг мақсадини англашмас эди. Улар кўплаб номи улуғ илмларнинг исмларини санаб бўлишганидан кейин кемачи виқор билан ғолибона гердайиб: «Болаларим, ушбу илмларни ўрганибсиз. Айтинг-чи, сузиш илмини ҳам ўргандингизми? Худо кўрсатмасин, агар кема ағдарилиб кетадиган бўлса, соҳилгача қандоқ қилиб сузиб боришни биласизми?» деди. «Йўқ! Аллоҳга қасамки, бу илм биз ўрганмаган ягона илм экан», деди толиблар. Бу гапни эшитиб кемачи маза қилиб кулди-да: «Агар мен умримнинг яримини зое кетказган бўлсам, сизлар умрингизнинг ҳаммасини қўлдан берибсизлар. Чунки бу илмларингиз манави тўфонда сизга ёрдам бера олмайди. Сизларга фойда берадиган ягона илм сузиш илмидир. Уни эса сизлар билмайсизлар», деди. Ғарқ бўлиш ҳолига келиб қолган инсониятни қутқаришда нубувватнинг вазифаси ва ўрни ана шундан иборат. Анбиё ва расуллар амалининг табиати, бошқа таълим-тарбиялардан ажраладиган жойи ҳам шунда. Улар башариятга «нажот илми»ни берурлар. Улар башариатга сузишни ва ҳаёт кемасини бошқаришни ўргатурлар. Инсоният тарихи одамларнинг ахлоқи бузилиши ва ёмон ишлари туфайли ҳаёт кемаси ғарқ бўлганда у билан қўшилиб барча башариат, цивилизация, фикрий, илмий, фалсафий маҳсуллар, шунингдек, барча шеърий, адабий ва баёний дурдоналар ҳам биргаликда ғарқ бўлишини кўрсатади. Ушбу кема ҳеч қачон адабий тушкунлик туфайли ғарқ бўлган эмас. Мадраса ёки дорилфунунларнинг озлигидан ғарқ бўлган эмас. Олий таълимнинг йўқлигидан ғарқ бўлган эмас. Ёки молу дунёнинг озлигидан, турмуш савиясининг пастлигидан ғарқ бўлган эмас. Бу кема инсон ўзини ўзи ўлдиришга тайёрлангани учун, ўзи яшаётган уйни бузувчи чўқморга айлангани учун ғарқ бўлган. Тарих инсон ақли кўпинча асабий хуружларга учраб яратувчилик ўрнига бузувчилик, барпо қилиш ўрнига йўқ қилиш йўлига кириб кетганига далолат қилади. Ғарбпарастларнинг ҳайрат ва даҳшатга тушганларини кўрдик. Биз ҳолатнинг хунуклиги ва ишнинг ёмонлигигдан, ишонгимиз келмаса ҳам, одамлар шавқу завқ билан ўз асосларини бузаётганларини ўз кўзимиз билан кўрдик. Ҳолбуки, худди ўша асосга уларнинг улуғ фикрий ва маданий қасрлари бино қилинган эди. Ўша нобакорлар бу аҳмоқона ишларини худди оламшумул яхшилик қилаётгандек, ажойиб хизмат адо этаётгандек ихлос билан бажарар эдилар. Бу билан улар ўзларини ўзлари ўлим чоҳига тортар эдилар.

ЖОҲИЛИЯТ АСРИ ВА УНИНГ АҒДАРИЛИШГА ҲАМДА ЎЗИНИ ЎЗИ ЎЛДИРИШГА ТАЙЁРЛАНИШИ ТАСВИРИ

Олтинчи масиҳий асрда оламда ана шундоқ ҳолат ҳукм сурар эди. Биз унда ўзини ўзи ўлдиришга оммавий тайёргарлик кўрилганини мулоҳаза қиламиз. Ўша даврда инсоният ўзини ўзи ўлдиришга рози бўлибгина қолмай, балки бу ишга ошиқар эди. Гўёки у бу ишни қилиш учун назр атаган ёки қасам ичган-у, атаган назрию ичган қасамини амалга оширишга тиришаётганга ўхшар эди. Қуръони карим ушбу манзарани ҳеч бир рассом, адиб, ривоятчи ёки тарихчи тасвирлай олмайдиган даражада аниқ тасвирлаб берган: «Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди» (Оли Имрон, 103). Тарихчиларни Аллоҳ раҳмат айласин. Улар бизга рисолаи Муҳаммадия воқеаларини тасвирлаб бераётганларида жоҳилиятни тўғри ва дақиқ тасвирлаб бермаганлар. Улар маъзурлар, ажру савоб эгасидирлар ва уларга ташаккур. Чунки адабиёт ва луғат захираси уларга ёрдам бера олмаган. Аслида бу нарса ҳайбатли ва катта, дақиқ ва муъаққад бир нарсадир. Уни қалам билан, луғавий қудрат билан ва баёний салоҳият билан васф қилиб бўлмайди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар этиб юборилган аср ижтимоий ва ахлоқий тушкунлик муаммоси асри эдими? Ёки бутпарастлик муаммоси асри эдими? Ёки у ароқхўрлик, қиморбозлик, беъманилик, зулму истибдод муаммоси асри эдими? Ёки золимона иқтисодий қонунлар ва ситамкор ҳокимлар муаммоси асри эдими? Ёки қизларни тириклай кўмиш муаммоси асри эдими? Йўқ! У аср бутун бошли инсониятни тириклай кўмиш муаммоси асри эди! Бу босқич тугаб битди. У авлод инқирозга учради. Мазкур хунук кўриниш кишилар тасаввуридан ғойиб бўлди. Энди уни қандоқ тасаввур қила оламиз? Қандоқ қилиб уни кўз билан кўриб, қўл билан ушлайдиган қиламиз? Бу ҳақда, у жоҳилият асрида бўлиб, уни тўла тушиниш учун унда яшаш ва унинг ўтида куйиш керак, дея оламиз, холос. Агар бирор суратчи ўша пайт инсонини тасвирламоқчи бўлса ғоятда чиройли, саломат, хушбичим ва сарвиқомат бир одам суратини чизарди. Инсон ҳамма нарсани яхшилаб яратувчи Аллоҳнинг санъати намунасидир. Унга фаришталар ҳам ҳавас қилганлар. Аллоҳ уни Ўзининг халифаси қилган. У бутун мавжудоднинг зийнатидир. У ҳақиқат ва ирфоннинг мағзидир. Унинг сабабидан ушбу ер харобадан ободга айлангандир. Ҳалиги суратда ана ўша инсон ўзини ичида олов ловуллаб турган катта хандаққа ташламоқчи бўлиб тургани тасвирланган. У ўзининг бор кучини йиғиб, кийимларини йиғиштириб, бир оёғини хандақ томон кўтариб турибди. Бир неча лаҳзадан сўнг ўлим зулматига ўзини уради. Ушбу тасвир Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар этиб юборилган пайтдаги инсоният ҳолини бир оз тасвирлаган бўлади. Қуръон бу ҳолатга ишора қилиб, қисқа этиб: «Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди», дейди. Ушбу ҳолатни тасвирлаб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Албатта, мен ва менинг умматимнинг мисоли, худди олов ёқиб ўтирган одам ҳамда унга келиб тушаётган ҳайвон ва капалакларга ўхшайди. Мен сизнинг белбоғингиздан тутиб турувчиман, сиз эса ўзингизни оловга урасиз». Ушбу қиссадаги катта муаммо инсоният кемасининг Аллоҳнинг ҳифзу ҳимоятида нажот қирғоғига соғ-саломат чиқиб олмоғи эди. Чунки инсон рисоладагидек бўлиб, унинг табиати мўътадил, ҳаёти мувозанатли бўлганда барча бунёдкорлик ва тараққиётга оид режалари, адабий ва илмий режалари амалга ошади. Шундан келиб чиқиб, бутун инсоният анбиё алайҳиссаломлар олдида қарздордир, деймиз. Чунки улар инсониятни бўйнида қиличдек осилиб турган турли хатарлардан қутқарганлар. Барча илмий режалар, ижтимоий лойиҳалар, фикрий ёки фалсафий мактаблар уларнинг фазлидан холи эмас. Шунингдек, ҳозирги олам ҳам уларнинг олдида ўзининг боқий қолгани, бардавом бўлгани ва ҳаёт ҳаққига эришгани учун қарздордир. Чунки инсоният тили билан эътироф қилмаса ҳам, ҳоли билан кўп марта бу ҳақиқатни эътироф қилгандир. У кўп марта ўзида ҳаёт ҳақи қолмаганини, раҳм-шафқат қолмаганини, файзу барака, яхшилик қолмаганини тан олган. Инсоният илоҳий маҳкамада бир неча бор ўзига қарши ўзи даъво очган ва ўзига қарши гувоҳлик ҳам берган. Унинг иши бўйича тўлган дафтарлар охирги ва одил ҳукм чиқиши учун тайёр ҳам бўлганди. Инсон ўзини тасаввур қилиш мумкин бўлган энг катта уқубатга тутган эди. Балки ўлим ҳукмига сазовор бўлган эди. Бунинг ажабланадиган жойи ҳам йўқ. Маданият ўзининг табиий чегарасидан, ўз қобиғидан чиққанда, ахлоқий қадриятларни бутунлай унутганда ёки уларга очиқ-ойдин куфр келтирганда ва инсон барча гўзал ғоялардан, шарафли мақсадлардан ғофил бўлганда, моддий манфаатлардан бошқа ҳамма манфаатларни ёддан чиқарганда, унинг қалби бўрининг, қоплоннинг ёки йўлбарснинг қалбига айланиб қолади. Ана ўшанда унинг жисмида бир хаёлий ёки сунъий қорин пайдо бўлади. Уни ёмонликка амр қиладиган нафс пайдо бўлади. У беқарор бўлиб қолади. Ҳеч бир нарса унинг йўлини тўсмай қўяди. Инсониятни жунуннинг шиддатли хуружи тутганда Аллоҳ унга бир гуруҳ жарроҳларни ёки бир тўп қонхўрларни юборади. Пичоқлар ишга тушиб шиш ва яраларни кесиб, тозалай бошлайди. Албатта, маданиятнинг бузилиши, унинг қутуриши ва жинни бўлиши подшоҳлик ва диктатуранинг жиннилигидан кўра ашаддийроқ, ёмонлиги ундан кўра хунукроқдир. Чунки бир кишининг жинни бўлиши бир маҳалланинг тинчини бузиши мумкин. Аммо инсониятнинг барчаси жинни бўлганда, маданият ифлосланганда, инсоний табиат бузилганда нима бўлишини тасаввур қилиб кўринг-а! Унинг давоси бўлиши мумкинми? Жоҳилият даврида маданият бузилибгина қолмай, балки унинг вужуди ҳам сасиб кетган эди. Инсон ўз биродари инсонни овлар, уни ўлдиришдан, ўлими олдидаги қийналишидан ҳузурланар эди. Бу худди бизлардан биримиз боғу роғларни, гулзорларни кўриб ҳузурлангани сингари эди. Ўша пайт инсон азобланаётган инсоннинг инграшидан, дод-войидан ва зорланишидан ёқимли шароб, иштаҳали таом ёки гўзал манзарадан ҳузурлангандек ҳузурланар эди. Оврупо қаҳрамонликлари, улуғворлиги, қонунлари ва маданиятини қўшиқ қилиб куйлайдиган Рим тарихига назар солиб кўринг. Унда инсон бемеҳрлигининг жонли мисолини кўрасиз. Ликий «Оврупо ахлоқи тарихи» номли китобида инсоннинг нодир ваҳшийлигидан бир кўринишни қуйидагича тасвирлайди: «Рим аҳлининг сеҳрлаган манзаралардан энг олийси, улар учун энг яхши ва ҳузурбахш нарсаларнинг бири ўз жинсидан бирининг галадиаторлар олишувида қонга беланиб йиқилиши эди. Ана ўшанда одамлар ўзларини тута олмай қолар эдилар. Мазкур ваҳшиёна манзарани яқинроқдан кўриш учун ёшу қари, эркагу аёл, ҳатто болалар ҳам бир-бирини туртиб олдинга ташланишар эди. Улар ўз қавмидан, юртидан бўлган бир кишининг қийналиб ўлишини шунчалик шодлик билан олқишлашар эди. Унинг ўлими олдидаги инграши улар учун ҳар қандай мусийқо, қўшиқ ва қушларнинг сайрашидан кўра ёқимлироқ эди. Тартибни сақлашлари лозим бўлган миршаблар ҳам бундоқ тўполоннинг олдида қўлларидан бир нарса келмай лол қолар эдилар». Ўша пайтда жоҳилиятнинг пойдевори ўз ўрнидан кўчган эди. Балки у парчаланиб кетган ва уни ислоҳ қилишдан умид йўқ эди. Инсоният илоҳий маҳкама қаршисида туриб ўзининг охирги ҳукмини кутар эди. Ана шундоқ бир пайтда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам юборилдилар ва осмондан у Зотга: «Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик», деб нидо қилинди.

РИСОЛАИ МУҲАММАДИЯ ҲИСОБИДА ЯНГИ ОЛАМ

Биз яшаб турган авлод ҳам, биздан кейин келадиган авлодлар ҳам − ҳамма-ҳаммаси рисолаи Муҳаммадиянинг ва унинг шомил ва боқий даъватининг ҳамда самарали уринишларининг ҳисобида борлиги инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Чунки у, энг аввало, инсониятга таҳдид солиб турган қилични унинг бошидан олди ва унга кўплаб яхшиликлар, ҳадялар ва атолар армуғон этди. У инсониятга янги руҳ, янги ҳаракат, ҳиммат, орзу, иззат ва каромат, тўғри мақсад, олиймақом ғоя берди. Ушбу армуғонлар туфайли инсоният янгича улуғворликка, маданиятга, дунёқарашга, ихлосга ва бошқа кўпгина ўзи учун зарур бўлган нарсаларга эга бўлди.

РИСОЛАИ МУҲАММАДИЯНИНГ ОЛТИ АРМУҒОНИ ВА УЛАРНИНГ ИНСОНИЯТ ТАРИХИДАГИ ТАЪСИРИ

Энди рисолаи Муҳаммадиянинг башариятни ислоҳ қилиш, тўғри йўлга бошлаш, уйғотиш ва ривожлантириш учун тақдим қилган кўплаб армуғонларидан олтита армуғонни мисол тариқасида зикр қиламиз. Улар аввалги қолоқ оламга бутунлай ўхшамайдиган янги бир олам барпо қилгандир.

ПОК ВА РАВШАН ТАВҲИД АҚИЙДАСИ

У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи катта хизматлари инсониятга пок ва равшан тавҳид ақийдаси армуғон қилганларидир. Бу ақийда инқилобий ва мўъжизавий бир ақийдадир. У қувват ва ҳаётийлик ила отилиб чиқадир. У вазиятларни ўзгартириб юборувчидир. У ботил олиҳаларни парчаловчидир. Инсоният унга ўхшаш нарсани кўрмаган ва қиёматгача кўрмайди ҳам. Ўзича бўлмағур даъволарни кўтариб юрган, шеър, фалсафа, сиёсат ва жамиятшуносликдан иборат пуч гапларни опичлаб юрган инсон, халқлар ва юртларни қайта-қайта мустамлака қилган, тошлардан гул ясаган, тоғлардан анҳорлар чиқарган инсон, гоҳида худоликни даъво қилган инсон, ҳа, ўша инсон турли бўлмағур, зарар ҳам, фойда ҳам бермайдиган нарсаларга сажда қилар эди. «Ва агар пашша улардан бирон нарсани тортиб олса, ундан ўшани қутқариб ололмаслар. Талаб қилувчи ҳам, талаб қилинган ҳам ожиз бўлди» (Ҳаж, 73). У ўзи ясаган нарсаларга рукуъ қилар эди. Ундан қўрқар эди. Ундан яхшиликни умид қилар эди. У тоғлар, анҳорлар, дарахтлар, ҳайвонлар, руҳлар, шайтонлар ва бошқа табиий нарсаларга сажда қилибгина қолмасдан, балки ҳашорот ва қурт-қумурсқаларга ҳам сажда қилар эди. У ўз ҳаётини бор бўйича турли васвасалар, хаёллар, ваҳималар, хомхаёллар ва алғов-далғов фикрлар билан ўтказар эди. Бунинг табиий натижаси ўлароқ, у қўрқоқ, заифҳол, фикран тутуриқсиз, нафсан изтиробли, ишончи ва истиқрори йўқ шахсга айланган эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундоқ аянчли ҳолга тушиб қолган инсониятга пок, дақиқ, содда ва осону равшан тавҳид ақийдасини армуғон этдилар. Бу ақийда ҳимматларни қўзувчидир. Ҳаётнинг боисидир. У ила инсоният барча хавф ва қўрқинчлардан холос бўлди. Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиган бўлди. Инсон Аллоҳнинг Ўзигина фойда ва зарар келтирувчи, берувчи ва олувчи эканлигига ҳамда У Зотнинг ягона Ўзигина башариятнинг ҳожатларини чиқарувчи эканига аниқ ишонди. Ушбу янги маърифат туфайли унинг назарида бутун олам ўзгача бўлди. У барча қуллик ва қарамликдан озод бўлди. У махлуқлардан умидвор бўлиш ёки қўрқиш ҳиссидан ҳам озод бўлди. Хаёлни учириб, фикрни чалғитадиган барча нарсалардан ҳам қутулди. У ўзининг Аллоҳнинг энг шарафли халқи, ер юзининг улуғи, Аллоҳнинг халифаси эканини англаб етди. У ўз Робби ва Холиқига итоат қилиб, Унинг амрларини бажаришга ўтди. У шу билан инсонийликнинг улуғ шарафини юзага чиқарди. Ҳа, рисолаи Муҳаммадия инсониятга «тавҳид ақийдаси» номли улкан туҳфани армуғон этди. Бу ақийда авваллари бошқа ақийдалар олдида мажҳул ва мазлум эди. Энди унинг садоси бутун оламга тарқалди. Дунёдаги оламшумул фалсафалар ва даъватлар ундан таъсирландилар. Баъзи ширк ва кўпхудолик асосида пайдо бўлган ва бу нарсалар қон-қонига сингиб кетган катта диёнатлар охири келиб паст овоз билан бўлса ҳам, қулоққа шивирлаш ила бўлса ҳам, Аллоҳ ягона ва Унинг шериги йўқлигини тан олишга мажбур бўлдилар. Улар ўзларининг ширкка оид ақийдаларини фалсафий таъвил қилиб ширк ва бидъатлардан ўзларини олиб қоча бошладилар. Улар ўзларининг ақийдаларини Исломдаги тавҳид ақийдасига ўхшата бошладилар. У диёнатларнинг бошлиқлари ширкни зикр қилишдан хижолат бўладиган бўлиб қолишди. Ушбу туҳфа рисолаи Муҳаммадия инсониятга ҳадя қилган туҳфаларнинг энг қимматлиси бўлди.

ИНСОНИЯТ БИРЛИГИ ВА БАШАРИЯТ ТЕНГЛИГИ АСОСИ

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оламга тақдим қилган улкан хизматларидан иккинчиси инсоният бирлиги ва башарият тенглиги тасаввуридир. Авваллари инсонлар турли халқлар, қабилалар, ирқлар ва табақаларга бўлинар эди. Улардан баъзилар устун, бошқалари остин ҳисобланарди. Мазкур табақалар орасидаги тафовут жуда ҳам улкан бўлиб, баъзида инсон билан ҳайвон, ҳур билан қул ва обид билан маъбуд орасидаги тафовутга тенг келар эди. Бу ерда инсоният бирлиги ва башарият тенглиги ҳақида мутлақо фикр ҳам юритилмас эди. Бас, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам узоқ давом этган сукунатдан ва зулматдан сўнг мазкур инқилобий, ақлларни даҳшатга солувчи ва вазиятларни ўзгартирувчи эълонни қилдилар: «Эй одамлар! Албатта, сизнинг Роббингиз бирдир. Албатта, сизнинг отангиз бирдир. Ҳаммангиз Одамдансиз. Одам тупроқдандир. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Арабнинг ажамдан фазли йўқ, магар тақво ила», дедилар. Ушбу эълон ўзида икки эълонни мужассам қилган. Иккиси ҳам эминлик ва тинчликнинг асосий таянчларидир. Барча замонлар ва маконларда шу иккиси асосида тинчлик бўлган. Уларнинг бири Роббнинг бирлигидир. Иккинчиси башариятнинг бирлигидир. Инсон икки тарафлама инсонга биродардир. Инсон икки марта инсонга биродардир. Биринчи марта Роббнинг бирлиги туфайли. Иккинчи марта отанинг бирлиги туфайли. «Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар! Номини ишлатиб бир-бирингиздан сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик (алоқалари)дан қўрқинг. Албатта, Аллоҳ устингиздан рақобат этувчи Зотдир» (Нисо, 1). «Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор Зотдир» (Ҳужурот, 13). Албатта, бу боқий калималарни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида ўз тиллари ила эълон қилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу калималарни эълон қилган пайтда олам улардаги журъат ва ошкораликни ҳазм қила оладиган ҳолатда эмас эди. Бу эълон ўша пайтдаги олам учун катта ва шиддатли зилзиладан ўзга нарса эмас эди. Бугунги кунда инсоният босиб ўтган илм, фаҳм ва инсоний фикр йўлидаги узоқ ва машаққатли йўл Ислом даъвати, исломий жамият пайдо бўлиши, даъватчилар, ислоҳчилар, мураббийларнинг ҳаракати фазли ила ушбу улкан ва оламшумул эълонни оддий кундалик ҳақиқатга айлантирди. Бугунги кунда мазкур эълонни дунёдаги барча сиёсий ва ижтимоий муассасалар ўзининг шиори қилиб олганлар. Жумладан, БМТ байроғини кўтарган «Инсон ҳуқуқлари хартияси» ҳам. Ҳар бир давлат, ҳар бир ташкилот инсон ҳуқуқлари ва тенглиги тўғрисида қиладиган баёнотлар ҳам Ислом таълимотларидан кўчирмадир. Аммо аввалги вақтларда, баъзи халқлар ва оилалар ичида ашрофлик эътиқоди давр сурган, ўзларини башарлик савиясидан юқори тутган баъзи оила ва сулолалар ўз насабини ой, қуёш ёки Аллоҳга («Аллоҳ золимлар айтадиган нарсадан жуда ҳам олий бўлди» деб) нисбат берганда инсоният қаерда эди?! Қуръони карим бизларга яҳудий ва насороларнинг гапини ҳикоя қилиб берган: «Яҳудий ва насоролар: «Биз Аллоҳнинг ўғилларимиз ва Унинг маҳбубларимиз», дедилар» (Моида, 18). Миср фиръавнлари ўзларини қуёш худоси Раунинг бир кўриниши деб даъво қилар эдилар. Ҳиндистонда бўлса «Сурж банси» — қуёш ўғиллари ва «Жундур банси» — ой ўғиллари номли икки машҳур оила бор эди. Эроннинг кисро(подшо)лари ўз томирларида илоҳнинг қони оқишини даъво қилардилар. Аҳоли уларга муқаддас ва илоҳий шахслар сифатида қарар эдилар. Милодий 590—628 йилларда яшаб ўтган кисро Абрувезнинг васфида: «Олиҳаларда фоний бўлмас инсондир. Башарда иккинчиси йўқ илоҳдир. Калимаси олийдир. Мажди юқоридир. Қуёш ила ўз ёғдуси ила чиқадир. Қоронғу кечаларда ўз нури ила мунаввар қиладир», дейиларди. Қайсарларнинг ҳам олиҳалари бор эди. Ким юртни бошқаришни ўз қўлига олса, унинг ўз илоҳи бўларди. Уларнинг лақаби «август», яъни маҳобатли ва буюк эди. Хитойликлар императорни осмоннинг ўғли деб эътиқод қилишарди. Уларнинг ақийдаси бўйича осмон эркак, ер аёл бўлиб иккисининг бирлашишидан борлиқ туғилган эмиш. Император эса ушбу эру хотиннинг биринчи ўғиллари экан. Араблар эса ўзларидан бошқаларни ажам ҳисоблашар эди. Қурайш қабиласи ўзини араб қабилаларининг энг шарафлиси деб биларди. Ҳаж мавсумида ўзини имтиёзли тутарди. У одамлардан бошқа жойда туриб, бошқа алоҳида бир жойда юрарди. Ҳожиларга қўшилиб Арафотда турмас эди. Балки ҳарамда қолиб, Муздалифада турар эди. Улар, биз Аллоҳнинг юртидаги аҳлларимиз, биз Унинг байтининг аҳлимиз, дер эдилар.

ИНСОННИНГ МУКАРРАМЛИГИ ВА УЛУҒЛИГИ ЭЪЛОНИ

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башариятга тақдим қилган улкан хизматларининг учинчиси инсоннинг мукаррамлиги ва улуғлиги эълонидир. Бу инсоннинг шарафи ва қадари олийлиги эълонидир. Рисолаи Муҳаммадиядан аввал инсон хорлик ва зорликнинг энг паст даражасига тушган эди. Ер юзида ундан кўра кичикроқ ва ҳақирроқ нарса йўқ эди. Баъзи бир турли афсона ҳамда эътиқодлар ила қамралган «муқаддас» ҳайвон ва дарахтлар ҳам ўз «банда»лари наздида инсондан кўра улуғ эди. Уларга инсонлар қони ва гўштидан виждонлар қийналмаган ҳолда қурбонликлар қилинар эди. Бу нарсаларнинг баъзи манфур намуналарини йигирманчи асрда Ҳиндистонга ўхшаш тараққий этган юртларда кўрдик. Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга унинг шарафини ва кароматини қайтариб бердилар. У Зот унга унинг эътиборини ва қадр-қийматини қайтардилар. У Зот инсон ушбу борлиқдаги энг азиз мавжудот эканини, бу оламдаги энг қимматбаҳо жавҳар эканини эълон қилдилар. Инсондан кўра муҳаббатга, муҳофаза қилишга ҳақлироқ ва лойиқроқ ҳеч нарса йўқдир. Исломда инсоннинг мартабаси энг юқори нуқтага кўтарилди. У Аллоҳнинг ердаги халифаси бўлиш даражасига эришди. Аллоҳ оламни унинг учун халқ қилгандир. У ёлғиз Аллоҳнинг халқидир. «У сизлар учун ер юзидаги барча нарсани яратган Зот» (Бақара, 29). «Батаҳқиқ, Биз бани Одамни мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик» (Исро, 70). Инсоннинг мукаррамлиги ва унинг улуғлиги эътирофига у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларидан кўра яхшироқ далил йўқ: «Халойиқ Аллоҳнинг аҳлидир. Халойиқнинг Аллоҳ ҳузурида энг маҳбуби У Зотнинг аҳлига яхшилик қилганлардир». Инсоннинг улуғворлиги ва унга хизмат ва меҳрибонлик қилиб Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш эканлигига энг кучли далил қуйидаги ҳадиси шарифдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ азза ва жалла қиёмат куни: «Эй Одам боласи, бемор бўлдим, кўргани келмадинг?!» дейди. «Эй Роббим, қандоқ қилиб Сени кўргани бораман? Сен Роббул Оламийн бўлсанг?» дер. «Билмадингми? Бандам фалончи бемор бўлди. Сен уни кўргани бормадинг. Билмадингми? Агар сен уни кўргани борганингда Мени унинг ҳузурида топган бўлар эдинг. Эй Одам боласи, сендан таом сўрадим, Менга таом бермадинг?!» дейди. «Эй Роббим, қандоқ қилиб Сенга таом берайин? Сен Роббул Оламийн бўлсанг?» дер. «Билмадингми? Бандам фалончи сендан таом сўради. Сен унга таом бермадинг. Билмадингми? Агар сен унга таом берганингда, Мени унинг ҳузурида топган бўлар эдинг. Эй Одам боласи, сендан сероб қилишни сўрадим, Мени сероб қилмадинг?!» дейди. «Эй Роббим, қандоқ қилиб, Сени сероб қилай? Сен Роббул Оламийн бўлсанг?» дер. Шунда у зот: «Бандам фалончи сендан сероб қилишни сўради. Сен уни сероб қилмадинг. Агар сен уни сероб қилганингда, Мени унинг ҳузурида топган бўлар эдинг», дейди». Муслим ривоят қилган. Инсоннинг улуғворлигини, унинг олий мартабалигини ушбу эълондан кўра равшанроқ ва фасоҳатлироқ эълон қилиш мумкинми?! Инсон ушбу олий мартабага ва шарафга қадимда ҳам, ҳозирда ҳам ҳеч бир диёнат ёки фалсафада етганми?! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг раҳматига эришиш учун бани Одамга раҳим кўрсатишни асосий шарт қилиб қўйдилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раҳим қилувчиларни Роҳман раҳим қилур. Ер юзидаги бандаларга раҳим қилсангиз, сизни осмондаги Зот раҳим қилур», дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам инсоният бирлиги ва каромати ҳақидаги ушбу даъват ила чиқишларидан ҳамда бу ғоя йўлида керакли жиҳод қилишларидан олдин оламнинг ижтимоий ва сиёсий ҳолати қандоқ эканини биласизми? Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юборилишларидан олдин бир одамнинг шаҳватининг, ҳавои нафсининг баҳоси минглаб, юз минглаб одамларнинг жонидан кўра қимматроқ ва юқорироқ турар эди. Бир подшоҳми ёки императорми ҳушига тушиб қолса, юртларни кул, халқларни қул қилиши ҳеч гап эмас эди. У ўзининг пасткаш ниятига эришиш йўлида одамларни чопиб, наслларни ва ҳосилларни янчиб, ҳўлу қуруқни пайҳон қилиб битириши ҳеч гап эмас эди. Искандар дегани чиқиб, Ҳиндистонга етгунича ўз йўлидаги барча цивилизация ва маданиятларни маҳв этди. Хисрав дегани туриб, одамларни ҳайвон овлагандек овлади. Бизнинг замонимизда икки марта жаҳон уруши бўлди. Уларда ўн миллионлаб одамлар қурбон бўлди. Бу нарсаларнинг барчаси




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ