2 жумадис сони 1446
Асримиз алломаси Муҳаммад Саъид ибн мулла Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ

Доктор, шайх, аллома, ҳаким, мураббий, муаллим, шаҳид Муҳаммад Саъид ибн Мулла Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ Ислом оламида катта нуфузга эга, кўплаб илмий ташкилотларга аъзо, олиму уламолар ва омма мусулмонлар қалбидан юксак ўрин олган асримизнинг энг кўзга кўринган уламоларидан эди. Муҳаммад Саъид Бутий 1929 йил Ироқнинг шимолида, Сурия-Туркия чегарасида жойлашган Бутон (Ибн Умар) оролчасидаги, ҳозирда Туркия ҳудудига кирувчи Жилко қишлоғида туғилган ва тўрт ёшида оталари мулла Рамазон раҳматуллоҳи алайҳ билан Сурия пойтахти Дамашққа кўчиб ўтган. Муҳаммад Саъиднинг илк ва асосий устози отаси Мулла Рамазон Бутий ҳазратлари бўлган. У киши илмга чанқоқ ўғилчаси Муҳаммад Саъидга Ислом асослари, ақида илми, араб тили грамматикаси, мантиқ ва бошқа илмлардан дарс беради. Муҳаммад Саъид ўрта таълим босқичини тугаллагач, 1953 йилда Дамашқдаги «Ат-тавжиҳул исломий» маъҳадини тамомлайди ва шу йилнинг ўзида Қоҳирага бориб, «Ал-Азҳар» университетининг шариат факультетида ўқишни давом эттиради. 1955 йили «Усулу шариатил исломия» бўйича докторлик дипломини олиб, Дамашққа қайтади. Шу йиллардан у масжидда хатиблик қилишни бошлайди. Ўшанда у ҳали ўн еттига тўлмаган эди. 1956 йили «Ал-Азҳар» университети тавсияси билан араб тили факультетининг «Тарбия» дипломини қўлга киритади. 1955 йили Дамашқ университетининг шариат факультетига мударрис этиб тайинланади. Кейин ушбу факультетда вакил, сўнг проректор вазифасини бажаради. Сўнгра Дамашқ университетининг «Ақида ва дин» кафедрасининг раҳбари вазифасида ишлайди. Кейинроқ Дамашқдаги «Ал жомеъул умавий» масжиди имоми-хатиби ва Шом уламолари бирлиги раиси этиб тайинланади. У киши Дамашқ масжидларида кунлик ва ҳафталик ваъз-иршод мажлислари ўтказар, уларда минглаб эркагу аёллар ҳозир бўлишар эди. Бундан ташқари, у кишининг турли мавзулардаги газета-журналларда ўнлаб мақолалари чоп этилган. Интернетда ўзларининг шахсий сайтлари ҳам бўлиб, унда шайхнинг жума маърузалари, мақолалари ва турли мавзудаги саволларга берган жавоблари бериб борилар эди. Бутий ҳазратлари араб, турк ва курд тилларини мукаммал билар, инглиз тилида сўзлаша олар эди. Араб тили балоғати фани бўйича кўзга кўринган уламолардан эди. Муҳаммад Саъид Бутий раҳматуллоҳи алайҳ Иорданиянинг Уммон шаҳридаги Ислом маданияти тадқиқот маркази академиясининг аъзоси, шунингдек, Оксфорд академиясининг олий мажлиси аъзоси эди. У киши кўплаб халқаро анжуман ва конференцияларда иштирок этиб келди. Устоз Муҳаммад Саъид Бутий раҳматуллоҳи алайҳни, асосан, ёзган китоблари машҳур қилган. У киши турли фанларга доир олтмишдан ортиқ китоб таълиф этган. У кишининг асарлари кенг қамровлилиги, чуқур асосларга таяниши ва мўътадил, холислиги билан ажралиб туради.

Машҳур китоблари: •    «Фиқҳус сийратин набавия». •    «Куброл яқийнийётил кавния». •    «Шарҳул ҳикамил атоия». •    «Ҳаза Волидий». •    «Шахсийётун иставқофатний». •    «Ал-мазоҳибут тавҳидия вал фалсафатул муъосира». •    «Ал-мазҳабул иқтисодий байнаш шуюъияти вал Ислом». •    «Нақзу авҳамил моддийятил жадалия».

Доктор Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий ҳазратлари ҳижрий 1434 йил  9 жумодул аввал, милодий 2013 йил 21 март пайшанба куни кечки пайт Дамашқдаги «Иймон» масжидида дарс айтаётган пайтида содир этилган портлаш натижасида шаҳид бўлдилар. Жанозалари шанба куни пешинда «Ал-жомеъул умавий» масждида ўқилди. Жанозаларига ўғиллари Тавфиқ Муҳаммад Бутий имом бўлди. Меҳроб шаҳидининг муборак жасади шу масжид яқинидаги машҳур саркарда Салоҳиддин Айюбий қабри ёнига қўйилди.

Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳнинг вафотлари бутун Ислом оламини ларзага солди. Дунёнинг барча бурчакларидан турли мавқедаги инсонлар бу воқеага ўз муносабатини билдириб, чуқур таъзия изҳор қилдилар. Мисрдаги «Ал-Азҳар» университети ўз таъзиясини билдирар экан, Муҳаммад Саъид Бутий раҳматуллоҳи алайҳни Шом алломаси дея таърифлади ва Аллоҳнинг уйларига қарата қилинган бу жиноятни қаттиқ қоралади. Замонамизнинг кўзга кўринган даъватчи уламоларидан бири шайх Ҳабиб Али Жифрий ўзларининг таъзияларида жумладан қуйидагиларни эслайди: «Муҳаммад Саъид Бутий раҳматуллоҳи алайҳ билан икки ҳафта олдин телефон орқали гаплашган эдим. У кишининг менга айтган сўнги сўзлари қуйидагилар бўлди: إنه لم يبق من العمر إلا أياما معدودة وإني لأستروح الجنة من ورائها فلا تنس أخاك من الدعاء «Умримнинг саноқли кунлари қолди. Мен жаннатнинг ҳидини сезяпман. Биродарингни дуода унутма».

Усома Саййид Азҳарий айтади: «Бутий ҳазратлари масжидда Оли Имрон сурасининг: إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا لَنْ تُغْنِيَ عَنْهُمْ أَمْوَالُهُمْ وَلَا أَوْلَادُهُمْ مِنَ اللَّهِ شَيْئًا وَأُولَئِكَ هُمْ وَقُودُ النَّارِ «Албатта, куфр йўлини тутган кимсаларнинг молу дунёлари ҳам, бола-чақалари ҳам уларни Аллоҳ(нинг азоби)дан қутқара олмайди. Ана ўшаларнинг ўзлари дўзахнинг ўтинларидирлар», 10-оятини тафсир қилиб турганларида шаҳид бўлдилар. Портлаш содир бўлганда Мусҳафи шарифни бағриларига босиб, маҳкам қучоқлаб олган эканлар. Таналарини қимирлатишган эди, сажда қилган ҳолатда, тиз чўкиб минбардан йиқилдилар. Аллақачон вафот этиб бўлган эканлар. Маълум вақтгача жуссаларини кўтара олишмади». Бутий ҳазратларининг ҳаётлари каби вафотлари ҳам ҳикмат ва ибратга тўла бўлди. Аммо буни кимлар билди, кимлар билмади.

Аллоҳ таоло олимимизни Ўз раҳматига олиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин! У кишининг қолдирган бой меросидан Ислом умматини то қиёматгача манфаатлантирсин! Аллоҳнинг динига қилган холис хизматларини ўзларига ҳамроҳ қилиб, қиёмат кунида тарозуларининг яхшилик палласи оғир келишида улуғ насиба этсин! Аллоҳим! Мусибатимизда ажр бер ва йўқотган нарсамиз ўрнига яхши эвазлар қил! Кўзлар ёш тўкади, қалблар маҳзун бўлади, аммо биз Аллоҳ рози бўладиган сўзларнигина айтамиз. Устоз, фироқингиздан ғоятда маҳзунмиз!

Аллоҳнинг раҳмату мағфиратини тилаб Абдул Азим Зиёуддин

08:30 / 27.06.2020
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...