Робиъул-аввал ойининг 2-куни
Ҳижрий 897-йил 2-робиъул-аввал куни (милодий 1492-йил 2-январ) мусулмонларнинг охирги қалъаси бўлган Гранада (Ғарната) насронийлар қўлида яксон қилинди.Ҳижрий 1367-йил 2- робиъул-аввал куни (милодий 1948-йил 18-январ) Муҳаммад Маъмун Шановий Азҳар университети шайхи деб сайланди. У киши Азҳар университети шайхлари силсиласининг 32-вакили ҳисобланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам водийнинг қирғоғидаги Уҳуд тоғининг дарасига, тоғнинг ёнбағрига келиб тушдилар ва ўша ерда қароргоҳ қурдилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан ҳеч ким буйруқ бермасимиздан олдин жанг килмасин», – деб тайинладилар. Қурайшликлар от ва туяларини мусулмонларнинг ас-Самға деб аталадиган далаларида ўтлата бошлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жанг қилишдан қайтарганларида ансорлардан бири: «Улар ўзларининг ҳайвонларини Бани Қайла[1] далаларида ўтлатишмоқда! Биз ҳали жангга кирмадик!» – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жангга тайёрландилар. У Зотнинг қўл остларида етти юз киши бор эди. Камончиларга Бани Амр ибн Авф қабиласидан бўлган Абдуллоҳ ибн Жубайрни волий этиб қолдирдилар. У ўша куни ўзининг оқ кийими билан ажралиб турарди. Камончилар эллик киши эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Камон ўқлари билан отлиқларни биздан қайтариб тур. Орқа тарафимиздан келишмасин. Биз енгсак ҳам, енгилсак ҳам, жойингдан қимирлама. Сенинг тарафингдан бизга зарар келмасин» – дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита совут кийдилар ва туғни Бани Абдуддор уруғидан бўлган Мусъаб ибн Умайрга бердилар.
[1] Бани Қайла Авс ва Хазраж уруғларининг онасидир.