
Ҳамза ибн Абдулмутталиб қаттиқ жанг қилди ва Артаъа ибн Абду Шураҳбил ибн Ҳишом ибн Абдуманоф ибн Абдуддорни ўлдирди. У туғдорлардан бири эди. Сўнг унинг ёнидан Сибоъ ибн Аабдулуззо ал-Ғубшоний ўтиб қолди. Унинг куняси Абу Ниёр эди. Ҳамза унга: «Эй хатна қилувчи аёлнинг ўғли, кел менинг олдимга» – деди. Абу Ниёрнинг онаси Умму Анмор Шариқ ибн Амр ибн Ваҳб ас-Сақафийнинг озод қилган чўриси эди. Ҳамза ва Абу Ниёр рўбарў келганларида Ҳамза зарба бериб, уни ўлдирди.
Жубайр ибн Мутъимнинг қули Ваҳший дейди: «Аллоҳга қасамки, мен Ҳамза ибн Абдулмутталиб қиличи билан худди кулранг туядек одамларни ўлдириб, ҳеч нарса қолдирмай кетаётганини кўриб турганимда, мендан олдин Сибоъ ибн Абдулуззо унга дуч келди. Ҳамза унга: «Эй хатна қилувчи аёлнинг ўғли, олдимга кел», – деди. Ҳамза унинг бошига бехато зарба берди. Мен найзамни ўйнатиб, нишонни аниқ олгач, отдим. Найза Ҳамзанинг қовуғига тегиб, икки оёғининг ўртасидан чиқди. Ҳамза мен томон юра бошлади ва йиқилди. Мен унинг ўлишини кутиб турдим, кейин найзамни олиб, қароргоҳга қайтиб кетдим. Менинг бундан бошқа қиладиган ишим йўқ эди».
Ибн Исҳоқ: Менга Абдуллоҳ ибн ал-Фазл ибн Аббос ибн Рабиъа ибн ал-Ҳорис Сулаймон ибн Ясордан, у Жаъфар ибн Амр ибн Умайя ад-Дамрийдан сўзлаб, деди: «Мен ва Бани Навфал ибн Абдуманоф уруғидан бўлган Убайдуллоҳ ибн Адий ибн ал-Хиёр Муовия ибн Абу Суфён даврида, одамлар билан йўлга чиқдик. Йўлда Ҳимс шаҳрида тўхтаб ўтдик. У ерда Жубайр ибн Мутъимнинг озод қилган қули Ваҳший яшар эди. Биз ҳимсга етиб келганимизда, менга Убайдуллоҳ ибн Адий: «Ваҳшийнинг олдига борайлик, ундан Ҳамзани қандай ўлдирганини сўраймиз!» – деди. Мен унга: «Шуни истаётган бўлсанг, борайлик!» – дедим. Биз Ҳимс шаҳрида уни суриштира бошладик. Бизга бир киши: «Сиз уни ҳовлисининг томорқасида топишингиз мумкин. У майхўр бўлиб қолган, агар уни ҳушёр ҳолда топсангиз, ундан истаган нарсангиз ҳақида сўрашингиз мумкин. Агар маст ҳолда топсангиз, уни тек қўйиб, олдидан кетинг», – деди. Биз унинг олдига бордик. Ваҳший ўзининг томорқасида бир бўйранинг устида ўтирган эди, қариганидан кичкина қушчадек бўлиб қолган экан. Ақл-ҳуши жойида эди. Биз унинг олдига келиб, салом бердик. У бошини кўтариб, Убайдуллоҳ ибн Адийга қараб: «Сен Адий ибн ал-Хиёрнинг ўғлимисан?» – деб сўради. Убайдуллоҳ: «Ҳа», – деди. Ваҳший: «Аллоҳга қасамки, мен сени онанг Саъдиянинг қўлларига берганимдан буён кўрмаганман. Мен онанг туянинг устида ўтирганида сени унга олиб бергандим. У сени икки ёнингдан олиб кўтарган эди. Сени онангга бериш учун кўтарганимда, оёқчаларингни кўрган эдим. Аллоҳга қасамки, сен менинг олдимга келиб турганингда, уларни таниб қолдим», – деди. Биз унинг олдига ўтириб, унга: «Биз сенинг олдингга Ҳамзани қандай ўлдирганинг хақида айтиб беришинг учун келдик», – дедик. У деди: «Мен сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда сўраганларида, у Зотга нимани айтиб берган бўлсам, худди шуни айтиб бераман. Мен Жубайр ибн Мутъимнинг қули эдим. Унинг амакиси Туайма ибн Адий Бадр куни ўлдирилган эди. Қурайш Уҳудга йўл олган вақтда Жубайр: «Агар Муҳаммаднинг амакиси Ҳамзани менинг амаким учун қатл этсанг, озодсан», – деди. Мен одамлар билан бирга чиқдим. Мен ҳабашлар усулида найза отадиган киши эдим. Нишонга камдан-кам хато урардим. Одамлар бир-бирлари билан тўқнашганда Ҳамзани қидира бошладим. Уни одамлар ўртасида худди кулранг туядек ҳамма нарсани қиличи билан йиқитаётганини кўрдим. Аллоҳга қасамки, мен унга ҳамла қилишга тайёрланаётгандим. Бир дарахт ёки тошнинг орқасига яшириниб, менга яқинлашишини кутиб турганимда, тўсатдан унинг олдига мендан олдин Сибоъ ибн Абдулуззо келиб қолди. Ҳамза уни кўриб: «Эй хатна қилувчи аёлнинг ўғли, қани, кел менинг олдимга», – деди. Ҳамза унга зарба берди. Зарба унинг бошига тегди. Мен мўлжални аниқ олгунимга қадар найзамни тебратиб туриб, Ҳамзага отдим. Найза тўғри унинг қовуғига тегиб, икки оёғи орасидан чиқди. Ҳамза мен томонга зўрланиб юрди ва йиқилди. У вафот этгунга қадар кутиб турдим, сўнг унинг олдига келиб найзамни олдим. Кейин қароргоҳга қайтиб, ўша ерда ўтирдим. Менинг бошқа қиладиган ишим йўқ эди. мен уни озодликка эришиш учунгина ўлдирган эдим. Маккага келганимда озод бўлдим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ этгунларига қадар шу ерда яшадим. Сўнг Тоифга қочиб кетиб, ўша ерда турдим. Тоиф элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига Исломни қабул қилиш учун кетганларида, менга йўллар тор кела бошлади, шунда: «Шомга, Яманга ёки бошқа бирор ўлкага кетаман» – дедим. Аллоҳга қасамки, шу ишни қилмоқчи бўлиб турганимда, бир киши менга: «Ҳолингга вой бўлсин! Аллоҳга қасамки, у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динига кирган ва унга гувоҳлик берган бирор киши ўлдирилмайди», – деди.
Ҳалиги киши менга шуни айтганидан кейин, Мадинага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келдим. У Зот мени ёнларида шаҳодат калимасини айтаётган ҳолимда кўрдилар. Мени кўрганларида: «Ваҳшиймисан?» – дедилар. Мен: «Ҳа, эй Аллоҳнинг элчиси», – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўтир, менга Ҳамзани қандай ўлдирганингни сўзлаб бер», – дедилар. Сизларга нимани айтиб берган бўлсам, у Зотга ҳам худди шуни айтиб бердим. Сўзлаб бўлганимдан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳолингга вой бўлсин! Юзингни менга кўрсатма. Сени ҳаргиз кўрмайин», – дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этгунларига қадар, қаерда бўлмасинлар, мени кўрмасликлари учун у Зотдан беркиниб юрдим.
Мусулмонлар Ямома ҳукмдори Мусайлима ал-Каззобга қарши жанг қилиш учун чиққанларида, мен Ҳамзани ўлдиришда ишлатган найзамни олиб, улар билан бирга чиқдим. Одамлар бир-бирига дуч келганларида, Мусайлима ал-Каззобни қўлида қилич билан турганини кўрдим. Уни танишим билан, унга ҳужум қилиш учун тайёрландим. Бошқа тарафдан, ансорлардан бир киши унга ташланиш учун шайланди. Ҳар иккимиз уни ўлдиришни истаётган эдик. Мен найзамни ўйнатдим ва мўлжални тўғри олиб, Мусайлимага отдим. Найза унга тегди, ансорий эса унга қиличи билан зарба берди. Қайси биримиз уни ўлдирганимизни Аллоҳ билувчироқдир. Агар уни мен ўлдирган бўлсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин турадиган одамларнинг энг яхшисини ҳам, одамларнинг энг ёмонини ҳам ўлдирган бўламан».
Ибн Исҳоқ: менга Абдуллоҳ ибн ал-Фазл сулаймон ибн Ясордан, у Абдуллоҳ ибн Умар ибн ал-Хаттобдан ривоят қилиб, айтиб берди. Абдуллоҳ ибн Умар Ямома жангида қатнашган эди. У: «Ўша куни бир киши: «Мусайлимани қора қул ўлдирди!» – деб бақираётганини эшитганман», – деган.
Ибн Ҳишом: менга етиб келган ривоятга кўра, Ваҳший май ичгани сабабли кўп бор ҳад жазосига тортилган ва девондан ҳам бўшатиб юборилган. Умар ибн ал-Хаттоб: «Аллоҳ таоло Ҳамзанинг қотилини ўз ҳолига қўймаслигини билар эдим», – дер эди.