Ибн Исҳоқ: Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларидан қочиб кетишганди. Уларнинг баъзилари Уҳуд билан Мадина ўртасидаги ал-Мунаққо деган жойгача етиб боришди.
Ибн Исҳоқ: Менга Осим ибн Умар ибн Қатода Маҳмуд ибн Лабиддан ривоят қилиб, деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳудга чиққанларида, Ҳусайл ибн Жобир (унинг тўлиқ исми ал-Ямон Абу Ҳузайфа ибн ал-Ямон) ва Собит ибн Вақш аёллар ва ёш болалар билан пана жойда эди. Улар ёши улуғ кишилар эди. Шунда улардан бири иккинчисига: «Нимани кутяпсан? Аллоҳга қасамки, умримиздан арзимаган вақт қолди. Бугун ё эртага ўламиз. Қиличларимизни олиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларидан етиб олмаймизми! Шояд, Аллоҳ бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга шаҳодат насиб қилса!» – деди. Улар қиличларини олиб чиқишди ва одамлар орасига қўшилиб кетишди. Уларнинг бундай қилганини ҳеч ким билмаганди. Собит ибн Вақшни мушриклар ўлдиришди. Ҳусайл ибн Жобирга мусулмонлардан бирининг қиличи келиб тегди. Уни танимасдан ўлдириб қўйишди. Шунда Ҳузайфа: «Бу менинг отам-ку!» – деди. Мусулмонлар: «Аллоҳга қасамки, биз уни танимадик», – дейишди. Ҳузайфа: «Аллоҳ сизларни мағфират қилсин. У Арҳамур-роҳимин (энг марҳаматли Зот)дир», – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг хун пулини тўламоқчи бўлдилар. Ҳузайфа отасининг хун пулидан воз кечди ва уни мусулмонларга садақа қилди. Бу билан унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида яхшилиги зиёда бўлди».
Ибн Исҳоқ: Менга Осим ибн Умар ибн Қатода айтиб беришича, уларнинг орасида Ҳотиб ибн Умайя ибн Рофиъ исмли бир киши бўлиб, унинг Язид ибн Ҳотиб исмли ўғли бор эди. Ўғли Язид Уҳуд куни қаттиқ жароҳатланди ва қавми олдига ўлими яқинлашган ҳолда олиб келинди. Унинг атрофида қавм-қариндошлар тўпланишди. Мусулмон эркак ва хотинлар: «Эй Ҳотибнинг ўғли! Сенга жаннат хушхабари бўлсин!» – дея бошлашди. Ҳотиб жоҳилликдан қайтмаган қария эди. Ўша куни унинг мунофиқлиги юзага чиқди ва у: «Сиз унга ниманинг башоратини беряпсиз? Қиронқорадан бўлган жаннатними? Аллоҳга қасамки, сиз бу ёш болани алдадингиз», – деди.