23 жумадул аввал 1446
Ар-Ражиъ воқеаси. Учинчи йил.Ҳубайб ва шерикларининг қатл этилиши

Абу Муҳаммад Абдулмалик ибн Ҳишом Зиёд ибн Абдуллоҳ ал-Баккоийдан, у Муҳаммад ибн Исҳоқ ал-Мутталибийдан ривоят қилиб, деди: «Бизга Осим ибн Умар ибн Қатоданинг айтишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуддан қайтганларида Удал ва ал-Қора қабилаларидан элчи­лар келишди».

Ибн Исҳоқ: улар: «Эй Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам, бизнинг ора­мизда Ислом тарқалди. Бизга дин масалаларини ва Қуръон ўқишни ўргатадиган саҳобаларингиздан бир нечтасини юборинг. Улар бизга Ислом шариатини ўргатсинлар», – дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан етти нафарини юбордилар. Улар: Ҳамза ибн Абдулмут­талибнинг иттифоқдоши Марсад ибн Абу Марсад ал-Ғанавий, Адий ибн Каъбнинг иттифоқдоши Холид ибн ал-Букайр ибн ал-Лайсий, Бани Амр ибн Авф ибн Молик ибн ал-Авс уруғидан бўлган Осим ибн Собит ибн Абу-л-Ақлаҳ, Бани Жаҳжабо ибн Калфа ибн Амр ибн Авф уруғидан бўлган Хубайб ибн Адий, Бани Баёза ибн Амр ибн Рузайқ ибн Абдуҳориса ибн Молик ибн ал-Хазраж уруғидан бўлган Зайд ибн Дасина ибн Муовия ва Зафир ибн ал-Хазраж ибн Амр ибн Молик ибн ал-Авс иттифоқдоши Абдуллоҳ ибн Ториқ эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу одамларга Марсад ибн ал-Марсад ал-Ғанавийни Амир этиб тайинладилар. Қавм чиқиб кетди. Улар Ҳижоздаги Ҳузайл қабиласига тегишли ар-Ражиъ булоғига, ал-Ҳадиъа деган жойнинг ўртасига етиб келганларида, саҳобаларга хиёнат қилишди. Улар саҳобаларга қарши Ҳузайл қабиласини чақира бош­лашди. Шунда қилич кўтарган кишилар саҳобаларга тўсатдан ҳужум бошлашди. Саҳобалар ҳам улар билан жанг қилиш учун қиличларини яланғочладилар. Ҳалиги одамлар: «Эй Муҳаммаднинг саҳобалари! Аллоҳга қасамки, биз сизни ўлдирмоқчи эмасмиз, биз Макка аҳлидан сизларнинг эвазингизга бирор нарса олмоқчимиз, холос. Сизларни ўлдирмасликка ваъда берамиз ва Аллоҳга қасам ичамиз», – дейиш­ди. Шунда Марсад ибн Абу Марсад, Холид ибн Букайр ва Осим ибн Собитлар: «Аллоҳга қасамки, биз мушрикнинг на аҳдлашувини, на битимини қабул қиламиз», – дейишди. Осим ибн Собит шундай шеър айтди:

Камчилигим нима менинг, сабрли камончи бўлсам,

Камонимнинг эса пишиқ арқони бўлса,

Унинг юзидан кенг тиғлар сирғаниб кетади.

Ўлим ҳақ, ҳаёт эса ботилдир,

Илоҳ истаган нарса, кишига келувчидир,

Одам эса у томон борувчидир.

Урушмасам мен агар, онам ортимдан йиғлаб қолар.

Осим ибн Собитнинг куняси Абу Сулаймон эди. Одамлар Осимга ҳужум қилиб, у билан икки биродарини ҳам ўлдиришди.

Осим ўлдирилганида Ҳузайллик кишилар унинг бошини Су­лофа Бинт Саъд ибн Шаҳид исмли аёлга сотиш учун олишмоқчи бўлди. Икки ўғли Уҳуд жангида ўлдирилганида, Сулофа Осимнинг бошини қўлга киритадиган бўлса, унинг бош суягида шароб ичиш­ни назр қилганди. Шунда асаларилар кўчи тўзиб, уларни бу ишни қилишларига йўл қўймади. Асаларилар Осим билан улар ўртасига туриб олгач, Ҳузайлликлар: «Кечки пайт тушгунча қўйиб туринглар. Унинг бошини арилар учиб кетганида оламиз», – дейишди. Сўнг Аллоҳ водийга сел юбориб, Осимни Оқизиб кетди. Осим танасига би­рор мушрик қўлини теккизмаслигига ва у ҳам нажас бўлган бирор мушрикка қўлини теккизмасликка Аллоҳга аҳд қилганди. Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳуга уни асаларилар ҳимоя қилгани ҳақида хабар келга­нида шундай деганди: «Аллоҳ мўмин бандани сақлайди. Осим бирор мушрик унга қўлини тегизмаслигини ва у ҳам ҳаёти давомида қўлини бирор мушрикка тегизмасликни назр қилганди. Осим ҳаёти мобай­нида ўзини мушрикдан қандай эҳтиёт қилган бўлса, Аллоҳ уни вафо­тидан кейин шундай ҳимоя қилди». Зайд ибн ад-Дасина, Ҳубайб ибн Адий ва Абдуллоҳ ибн Ториқ ҳаётда қолишни истаб, таслим бўлишди ва асирга тушишди. Мушриклар уларни сотиш учун Маккага олиб кетишди. Аз-Заҳрон деган жойга етиб келишганида, Абдуллоҳ ибн Ториқ қўлини ечди, қиличини олиб қавмдан қочди. Улар Абдуллоҳга тош отиб, ўлдиришди. Унинг қабри аз-Заҳрондадир. Ҳубайб ибн Адий билан Зайд ибн ад-Дасинани Маккага олиб кетишди.

Ибн Ҳишом: Уларни Маккадаги Ҳузайл қабиласига қарашли икки асир эвазига Қурайшга сотишди.

Ибн Исҳоқ: Ҳубайбни Бани Навфал иттифоқдоши Ҳужайр ибн Абу Иҳоб ат-Тамимий сотиб олди. Абу Иҳоб Ҳорис ибн Омирнинг она бир акаси эди. У Ҳубайбни отасининг қасосини олиш учун қатл этди.

Ибн Исҳоқ: Зайд ибн ад-Дасинани Сафвон ибн Умайя сотиб олди. У Зайдни отаси Умайя ибн Халафнинг ўчини олиш учун қатл этди. Сафвон Зайдни ўзининг Нистос исмли озод қилган қулига қўшиб ат-Танъим деган жойга юборди. Уни қатл этиш учун ҳарамдан ташқарига олиб чиқишганида бир тўда қурайшликлар тўпланди. Уларнинг ичида Абу Суфён ибн Ҳарб ҳам бор эди. Абу Суфён Зайдни қатл этиш учун олиб келишганида: «Аллоҳ номи билан қасам ичиб айт, эй Зайд! Ҳозир сенинг ўрнингда Муҳаммад бўлиб, унинг бўйнига қилич уришимиз­ни ва сен оиланг орасида бўлишингни истармидинг?» – деди. Зайд: «Аллоҳга қасамки, мен оилам орасида бўлганим ҳолда, Муҳаммад Алайҳиссаломга ҳозир турган жойларида бир тиканнинг ҳам озор бе­ришини хоҳламайман!» – деди. Шунда Абу Суфён: «Мен бирор ки­шининг бошқа бировни саҳобалари Муҳаммадни яхши кўрганидек яхши кўрганига гувоҳ бўлмаганман!» – деди. Кейин Нистос Зайдни қатл этди. Аллоҳ уни раҳматига олсин!

Менга Абдуллоҳ ибн Абу Нажиҳ Ҳубайб ибн Адий тўғрисида га­пириб берди. Ҳубайб ҳақида Ҳужайр ибн Абу Иҳобнинг озод қилган жорияси Мовия гапириб берган эди. У исломни қабул қилганди. Мовия: «ҳубайбни менинг уйимга қамаб қўйишганди. Бир куни унинг ҳолидан хабар олиш учун келганимда, унинг қўлида одамнинг бошидек келадиган бир бош узумни кўрдим. Ҳубайб уни еб ўтирар эди. Атрофда узум бўлмагани сабабли, уни қаердан олганини бил­майман», – деди.

Ибн Исҳоқ: Менга Осим ибн Умар ибн Қатода ва Абдуллоҳ ибн Абу Нажиҳ айтиб беришларича, Мовия: «Уни қатл этиш вақти келга­нида, у менга: «Покланиб олишим учун менга бир пичоқ юборсанг» – деди. Мен бир ёш болага устара бериб: «Мана буни анави уйдаги кишига олиб бор», – дедим. Аллоҳга қасамки, болани пичоқ билан юборишим билан: «Нима қилиб қўйдим? Аллоҳга қасамки, у бу бо­лани ўлдириб ўчини олади» – дедим. Бола пичоқни унга берганида, пичоқни олаётиб: «Онанг сени олдимга пичоқ билан юбораётганида хиёнат қилишимдан қўрқмади», – деб уни қўйиб юборди.

Ибн Исҳоқ: Осим айтади: «Сўнг Ҳубайбни Осиш учун ат-Танъимга олиб келганларида, Осим уларга: «Икки ракат намоз ўқиб олишим учун менга имкон беринг», – деди. Улар рози бўлишди. У икки ра­кат намозни гўзал шаклда ўқиди. Кейин қавмга юзланиб: «Аллоҳга қасамки, агар сиз мени ўлимдан қўрқиб намозни чўзаяпти, деб ўйламаганингизда, намозни яна ҳам узунроқ ўқирдим», – деди. Ҳу­байб ибн Адий ўлим олдидан ўқиладиган икки ракат намозни мусул­монлар учун биринчи бўлиб суннат қилиб қолдирди. Сўнг уни ёғочга кўтаришди. Уни боғлашганида: «Эй Аллоҳим! Биз сенинг элчинг рисолатини етказдик. Сен ҳам у Зотга бизга нима қилишаётганини етгазгин!» – деди. Кейин у: «Эй Аллоҳим! Мана буларни битта-битта санагайсан, уларни алоҳида-алоҳида қатл этгайсан ва бирортасини қолдирмагайсан!» – деб дуо қилди. Сўнг уни қатл этишди. Аллоҳ уни раҳматига олсин!

Муовия ибн Абу Суфён айтар эди: «Ўша куни Абу Суфён билан бирга ҳозир бўлганлар ичида эдим. Отам Ҳубайбнинг дуоибади мен­га тегмасин, деб ерга ётқизди. Мушриклар: «Агар кишининг ҳақига дуоибад қилинган бўлса, у ёнбошлаб ётиши керак, шунда дуоибад тегмайди», – дейишарди.

Ибн Исҳоқ: Менга Яҳё ибн Аббод ибн Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр отаси Аббоддан, у эса Уқба ибн ал-Ҳорисдан ривоят қилиб, деди: «Аллоҳга қасамки, мен Ҳубайбни ўлдирмадим. Чунки мен бу ишни қилиш учун кичиклик қилардим. Лекин Абдуддорнинг акаси Абу Майсара найзани олиб, менинг қўлимга ушлатди. Сўнг қўлимни най­за билан ушлаб, уни Ҳубайбга санчиб ўлдирди».

Ибн Исҳоқ: Менга баъзи дўстларимнинг айтишларича, Умар ибн ал-Хаттоб Саид ибн Омир ибн Ҳизом ал-Жумаҳийни Шомдаги бир жойга волий этиб тайинлаганди. У одамлар орасида бўлганида ҳушидан кетиб турарди. Буни Умар ибн ал-Хаттобга айтиб, у касал, дейишди. Умар ибн Хаттоб у ерга келганида: «Эй Саид! Сен нега ҳушингдан кетиб турасан?» – деб сўради. У: «Аллоҳга қасамки, эй мўминлар амири, менга ҳеч нарса бўлмаган. Лекин мен Ҳубайб ибн Адий ўлдирилганида ўша ерда ҳозир бўлганлар ичида эдим ва унинг қилган дуосини эшитгандим. Аллоҳга қасамки, қаерда бўлмайин, унинг дуоси эсимга тушса, ҳушимдан кетаман», – деди. Бу гап Умар­нинг унга нисбатан ҳурмати ортишига сабаб бўлди.

Ибн Ҳишом: Ҳубайб уларнинг қўлида «Ашҳур ал-Ҳурум»[1] тугагу­нича қолди. Сўнг уни ўлдиришди.


[1] Уруш ҳаром қилинган ойлар

16:24 / 16.04.2013
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...