20 жумадул аввал 1446
Ғарб олимларининг Ислом маданияти ҳақидаги гувоҳликлари

Тарихда, шу жумладан, ғарблик тарихчиларнинг гувоҳликларига кўра аввалги мусулмонлар ер юзида тарқалиб, халқларга Ислом даъватини етказганлар. Шу билан бир вақтда ўша ердаги ўзлари учратган илм-фан, маданият ва санъатни ўрганганлар. Уларнинг илмга бўлган қизиқиши шу нарсаларни ёзиб қолдирилган манбалардан ўрганишга ундаган. Мусулмонлар ўзлари кириб борган юртлардаги илмий китобларни бошқаларга ўхшаб йўқ қилиб куйдириб юбормаганлар, балки уларни тўплаб, катта-катта илмий марказлар қурганлар. Шу китоблар ёзилган тилларни билувчи кишиларни ёрдамга чақириб, уларни таржима қилдирганлар. Таржимонларга эса қилган ишлари учун жуда катта миқдорда мол-дунё берганлар. Сўнгра эса ўша китобларни ўқиб ўрганишга ва ҳаётга татбиқ қилишга бел боғлаганлар. Бу улкан ишларда уларга мусулмон подшоҳлар, амирлар ва давлатмандлар яқиндан ёрдам берганлар.

Шундай қилиб, грек ва римликлардан сўнг илм султони мусулмонлар қўлига ўтган. Уларнинг олий ўқув юртлари барча халқларнинг фойда ва илм оладиган марказига айланган. Мусулмонлар табобат, кимё, табиий фанлар, математика ва бошқа илмларнинг ривожланишига улкан ҳисса қўшганлар. Қуйида баъзи ғарб олимларининг бу ҳақдаги фикрларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Нью-Йорк дорилфунунининг профессори Дрибер ўзининг «Илм ва дин ўртасидаги тортишув» номли китобида шундай дейди: «Мусулмонларнинг илм билан шуғулланишлари 638 йили Искандария шаҳрини қўлга олишларидан сўнг бошланган. Яъни Муҳаммад пайғамбарнинг вафотидан 6 йил ўтгандан сўнг. Шу вақтдан бошлаб икки аср ўтмай грекларнинг барча илмий китобларини чуқур ўргандилар ва тўғри баҳоладилар. 813 йили Маъмун халифа бўлганидан сўнг Бағдод шаҳри ер юзидаги илм пойтахтига айланди. Бу халифа Бағдодга беҳисоб китоблар тўплади, уламоларни йиғди ва уларга зўр ҳурмат кўрсатди».

Муаллиф мусулмонларнинг табиий илмлардаги асарларини санаб бўлгандан кейин шундай дейди: «Агар биз бу улкан илмий ҳаракатнинг барча асарларини санамоқчи бўлсак, китобимизнинг чегарасидан чиқамиз. Мусулмонлар қадимги илмларни жуда ҳам ривожлантирдилар. Шу билан бирга ўзларидан аввал маълум бўлмаган илмларни кашф этдилар».

Бошқа бир жойда шундай дейди: «Мусулмонларнинг дорулфунунлари овруполик толиби илмлар учун доимо очиқ эди. Овруполик подшолар мусулмонлар диёрларига даволаниш учун борар эдилар».

Профессор Седилат ўзининг «Араблар тарихи» китобида шундай дейди: «Мусулмонлар ўрта асарларда илм, фан ва фалсафада ягона эдилар. Улар бу нарсаларни қадамлари қаерга етса, шу ерга тарқатдилар. Бу нарсалар улар орқали Оврупода ҳам тарқалди. Оврупонинг уйғониши ва тараққиётининг асосий сабабчилари ҳам мусулмонлардир».

Социолог профессор Густав Лугон ўзининг «Араб цивилизацияси» китобида шундай дейди: «Шарқ кўпгина халқларга бўйсунган − форс, рум ва бошқаларга. Бу халқларнинг сиёсий таъсири кучли бўлса ҳам, маданий таъсири бўлмаган. Форс, рум ва бошқа халқларнинг Шарқда қила олмаган ишларини араблар тезда ва ҳеч бир мажбур қилмасдан амалга оширдилар. Улар Мисрда нимани амалга оширган бўлсалар, байроқлари устида ҳилпираб турган Африка, Сурия, Форс каби бошқа юртларда ҳам амалга оширдилар. Улар йўл-йўлакай кириб ўтган Ҳиндистонда ҳам улкан таъсирларини қолдирдилар. Ҳатто фақат савдо учун қадамлари етган Хитойда ҳам улкан таъсир кўрсатдилар. Тарихда бундай зўр таъсирга эга бўлган араблардан бошқа ҳеч бир халқ йўқ. Араблар билан алоқада бўлган халқлар уларнинг маданиятини қабул қилганлар. Арабларнинг Шарққа кўрсатган таъсири фақат диёнат, тил ва санъат билан чегараланиб қолмай, балки уларнинг илмий, маданий таъсирлари ҳам улкан бўлган. Араблар Ҳиндистон ва Хитой билан бўлган алоқалари давомида кўпгина илмий-маърифий таъсирларини ўтказганлар. Овруполиклар эса бу нарсаларни нотўғри баҳолаб, Ҳиндистон ёки Хитой илм ва маърифати деб атайдилар. Арабларнинг Шарққа бўлган таъсири катта бўлганидек, Ғарбга ҳам таъсири каттадир. Оврупо цивилизацияси араблар олдида қарздордир. Арабларнинг Ғарбга бўлган аҳамиятини билиш учун араблар ўз цивилизациясини Оврупога киритишдан аввал у ерда аҳвол қандай эканлигини англамасдан олдин баҳолаш қийин. Агар IX мелодий асрга қайтадиган бўлсак, бу вақтда арабларнинг Андалусиядаги (Испания) маданияти ўз чўққисига чиққан эди. Шу вақтда Ғарбдаги маданият ўчоқлари ваҳший феодал помешчикларнинг қароргоҳи бўлиб, улар ўзларининг саводсизлигини ҳис қилгунича кўп вақт ўтди. Фақат XI - XII асрлардагина илмга рағбат пайдо бўлди. Оврупода жаҳолат кафанини устидан олиб ташлашни хоҳловчи одамлар пайдо бўлганда, арабларга қараб юзландилар».

Профессор Либри шундай деган эди: «Агар тарих саҳнасида араблар пайдо бўлмаганида Оврупонинг уйғониши бир неча асрларга орқага сурилар эди. Арабларнинг таржималари Оврупо дорилфунунларида олти аср давомида ягона ўқув қўлланмаси бўлиб келган. Айтиш мумкинки, арабларнинг баъзи бир илмдаги таъсирлари, мисол учун, тиббиётда, ҳозиргача давом этиб келмоқда. Ибн Синонинг китоблари ўтган асрнинг охирларида шарҳ қилинди».

Юқоридаги гаплар овруполик уламоларнинг гаплари бўлиб, уларни келтиришдан мақсад шуки, Ислом жами инсониятни тараққиётга чорлайди ва албатта, Ислом Аллоҳнинг дини бўлиб, инсон ўйлаб чиқарган нарса эмас.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 
05:34 / 17.11.2016
Аввалги мақола
Воқидий
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...