20 жумадул аввал 1446
Ғарб олимларининг Ислом юришлари тўғрисидаги шаҳодатлари

Ғарб олимлари Ислом динининг Ер юзига тарқаши, бир сўз билан айтганда, Ислом юришлари ҳақида ҳам ўз фикру мулоҳазаларин баён этганлар. Қуйида Ислом билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаган, фақат ижтимоий илмлар билан машғул бўлган олимлар сўзларидан намуналар келтирмоқчимиз.

Профессор Густав Лобон ўзининг «Араблар цивилизацияси» номли китобида ёзади:

«Биз арабларнинг юришлари ва ғалабалари ҳақида баҳс юритганимизда Қуръони Каримнинг тарқалишида куч ишлатиш омил бўлмаганлигини ўқувчи англаб олади. Араблар енгилган халқларни ўз динларида эркин қўйганлар. Баъзи бир масиҳий халқлар Исломни ўзига дин қилиб, арабчани тил қилиб олган бўлсалар, ғолиб арабларнинг адолати, Исломнинг бошқа динлардан кўра енгилроқ эканлиги сабабидандур».

 

Бошқа бир жойда профессор шундай зикр қилади:

«Дастлабки ғалабалардан арабларнинг кўзига парда тортилиб, одатда ғолиблар мағлубларга нисбатан қиладиган зулм, ёмон муомала ва динга куч билан киритиш каби ишларни қилишлари мумкин эди. Агар улар шундай қилганларида, худди салибчиларга қарши бирлашгандек, барча халқлар арабларга ҳам қарши бирлашган бўлар эдилар. Лекин нодир даҳога эга бўлган аввалги халифалар турли тузум ва динлар қўполлик билан мажбур қилинадиган нарса эмаслигини тушуниб етганлар. Сурия, Миср, Испания ва бошқа жойларда аҳолига ажойиб лутф-марҳамат билан муомала қилдилар. Уларни ўз ақидалари, тузумлари, қонунларига тегмадилар. Озгинагина жизъя солиғи солишдан нарига ўтмадилар. Доимо тинчлик ҳукм сурди.

Ҳақиқатни айтганда, дунё халқлари араблар каби шафқатли, меҳрибон фотиҳларни кўрмаган. Уларнинг меҳрибончилиги ва очиқ кўнгиллилиги кўплаб диёрларни очишга, кўплаб халқлар уларнинг дини, тузумини, тилини хурсандчилик билан қабул қилишига олиб келди. Бу нарсалар ҳатто араблар ўзлари чиқиб кетганларидан сўнг ҳам йўқолмади. Бунга Миср яққол мисол бўла олади. Мисрликлар араблар олиб келган барча нарсаларни қабул қилдилар ва маҳкам тутиб қолдилар. Араблардан олдин келган Форс, Рум, Юнон ва бошқа фатҳлардан эса ҳеч нарса қолган эмас».

Профессор яна ёзади:

«Бундай яхши фазилатларни оз сонли инсофли Оврупо олимлари араблар тарихини ўрганиб чиққанларидан сўнг эътироф қилганлар». Робертсон ўзининг «Шарлкун тарихи» номли китобида бундай ёзади:

«Фақат мусулмонларгина жиҳод билан раҳимдилликни ўзларида жамлай олганлар. Улар ўзлари ғолиб келган халқларни тўла диний эркинликда қолдирганлар».

Мишуд эса ўзининг «Салиб юришлари тарихи» китобида шундай дейди:

«Жиҳодга буюрган Ислом бошқа дин вакилларига нисбатан жуда ҳам меҳрибонлик қилган. Патриарх, роҳиб ва уларнинг хизматкорлари солиқдан озод бўлганлар. Хусусан, ибодат билан машғул бўлганликлари учун роҳибларни ўлдириш ман этилган. Умар Ибн Хаттоб Қуддусни фатҳ қилганда христианларга ҳеч қандай ёмонликни раво кўрмаган. Салибчилар Қуддусга кирганларида эса мусулмонларни сўйганлар, яҳудийларни ўтда куйдирганлар».

Генри Де Костри ўзининг «Ислом, хотиралар ва ёдномалар» номли китобида шундай дейди:

«Араблар динни қабул қилиб, Қуръонга иймон келтириб, қалблари иймон нури билан нурланганидан сўнг ер юзи халқлари рўпарасига янги бир суратда мусулмон бўлиб чиқдилар. Бу ўзаро келишув муомалаларида ҳурфикрлик эди. Қуръон оятлари бирин-кетин яхшиликларга даъват қилиб туша бошлади. Араблар мусулмон бўлганларидан сўнг пайғамбарнинг уларга берган таълимоти шундан иборат эди.

Ундан сўнг халифалар ҳам унинг изидан бордилар. Бу нарса бизни Робертсоннинг фикрига қўшилиб, Муҳаммаднинг одамлари фақат ёлғиз уларгагина яхши муомала билан ўз динларини тарқатишни қўшиб олиб борган кишидур, дейишга ундайди. Мана шу муҳаббат фатҳга чорлади. Бунинг ҳеч айби йўқ. Қуръон музаффар армия ортидан қанотини ёзиб борди. Шомга кирганларидан сўнг яшин тезлигида шимолий Африкага, Қизил денгиздан тортиб Атлантика океанигача етиб бордилар. Ўз йўлларида афсус қиларли ҳеч нарса қолдирмадилар. Агар баъзи бир ҳодисалар бўлган бўлса, улар ҳамма жойда ҳам бўлиб туради. Исломдан бош тортган бирор халқни ўлдирганлари йўқ».

«Осиё ва Африка қитъасида Исломнинг кенг тарқалиб, мустаҳкам ўрнашишига бошқа яна бир сабаб бор. У ҳам бўлса, Константинополнинг жабр-зулмидир. Бу ерда зулм ҳаддан ошган, ҳокимлар жабрининг чегараси йўқ эди. Ислом келганда барча халқлар жабр-зулмдан, оғир солиқлардан қочиб, Исломни ихтиёр қилдилар».

«Бошқа динларда  даъват билан шуғулланадиган махсус кишилар бўлган. Христиан подшоҳларидан бири Шарламон ўзи билан бирга доимо кўп сонли роҳиб ва диний ходимларни олиб юрар эди. Уруш қилиб диёрларни босиб олганидан сўнг бу диний ходимлар кишиларга динни тушунтиришга ҳаракат қилар эдилар. Исломда эса бу нарсанинг асари ҳам йўқ эди. Бирор киши Исломга қилич ёки тил кучи билан мажбуран киритилмаган, балки қалблар уни завқу-шавқ билан қабул қилган. Қуръони Каримнинг ўзи кишилар ақлини асир қилиб олар эди».

Кўпгина тарихчилар шарқий каниса христианлари орасида Ислом тарқалишининг асосий сабабларидан бири уларнинг динидаги турли сафсата ва тушуниб бўлмайдиган мазҳабпарастликлару  Исломдаги аниқлик ва равшанлик сабаб бўлган, дейишади.

«Янги ИСЛОМ ОЛАМИ» номли китобда шундай дейилади:

«Араблар ўз юришларида ўлжа тўплашни мақсад қилиб қўйган эмас эдилар. Аксинча, улар фазилатли кишилар бўлиб, илмни ва илм ўрганишни яхши кўрар эдилар. Аввалги маданий меросларни эъзозлардилар. Ғолиб ва мағлублар орасида қудачилик алоқалари мустаҳкамланди, уларнинг қалблари диний биродарлик руҳи билан тўлди. Бу икки тараф бир-бири билан қўшилиб, кишилар учун фойдали бўлган цивилизацияни яратди. Бу барча нарсадан устун турувчи Ислом цивилизациясидур».

Мана шу сўзлар Ислом фатҳлари ҳақида баъзи бир тарихчи ва ёзувчиларнинг фикрларидур. Бу нарсага ўхшаш ҳолат ҳеч бир халқ тарихида учрамайди. Мусулмонлар бу билан ҳар қанча фахрлансалар арзийди.

Ислом юришлари ҳақида шундай фикрда бўлган олимлар бу диннинг меҳр-мурувватини ҳам англамасликлари мумкин эмас.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 
08:09 / 27.06.2020
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...