Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ соҳобалари билан Бани Қурайзага етиб келишларидан олдин ас-Саврайн деган жойдан ўтдилар. У Зот: «Сизларнинг олдингиздан кимдир ўтмадими?» – деб сўрадилар. Улар: «Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, бизнинг олдимиздан устига бир парча ипак мато тўшалган, эгарланган оқ хачирга миниб Диҳя ибн Халифа ал-Калбий ўтди», – дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўша одам Жаброилдир. У Бани Қурайзанинг қўрғонларини ларзага келтириш ва уларнинг қалбларига қўрқув солиш учун юборилди», – дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Қурайзага етиб келганларида, уларга тегишли ерларнинг чегарасидаги «Анна» деб аталадиган қудуқ ёнига келиб жойлашдилар.
Ибн Исҳоқ: Одамлар у Зотнинг олдиларига бирин-кетин етиб кела бошлашди. Улардан баъзилари аср намозини адо этмай, шом намозидан кейин етиб келишди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч ким аср намозини Бани Қурайзадан бошқа ерда ўқимасин!» – дегандилар. Уларнинг урушда қилишлари керак бўлган ишлари, намозни адо этишдан машғул қилиб қўйган эди. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бан Қурайзага етиб келгунингизга қадар» – дегандилар. Шунинг учун улар аср намозини шомдан кейин ўқидилар. Аллоҳ ўзининг китобида уларни бу иш сабабли айбламади ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уларни койимадилар. Бу ҳадисни менга Абу Исҳоқ ибн Ясор Маъбад ибн Каъб ибн Молик ал-Ансорийдан ривоят қилган эди.