30 рабиъус сони 1446
Абу Убайда ибн Жарроҳ

Абу Убайда Омир ибн Абдуллоҳ ибн ал-Жарроҳ ибн Ҳилол (Аллоҳ ундан рози бўлсин), машҳур саҳобалардан. Маккалик илк мусулмонлар қатори Исломга кирган. У Қурайш қабиласининг Бани Фихр уруғидан бўлиб, сулоласи еттинчи отада (Фихрда) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сулолалари билан бирлашади. Аввал Ҳабашистонга, кейин Мадинага кўчганлардан. Тириклигида жаннат башорати берилган ўн саодатманд саҳобийнинг бири, яъни Ашараи Мубашшарадан. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам билан барча юришларда қатнашган. Ислом тарихида шижоатли, ўта жасур жангчи, буюк саркарда, одил, ҳаёли, ишончли киши сифатида танилган. Расулуллоҳ вафотларидан сўнг ва Ҳазрати Умардан кейин Ислом умматига раҳбарлик таклиф этилганида кўнмаган. Ҳижратнинг 18 (милодий 639) йили Шомда тарқалган бир касалликдан Ўрдунда вафот этди, қабри Амё қишлоғида.

* * *

Абдуллоҳ ибн Умар (Аллоҳ ундан рози бўлсин) бундай дейди: «Қурайш қабиласида уч киши бор: улар инсонларнинг энг очиқ чеҳрали, гўзал ахлоқли ва ҳаёлисидирлар. Агар сизга гапиргудай бўлишса, бир луқма ҳам ёлғон қўшишмайди, агар сиз уларга гапирсангиз, сизни ёлғончига чиқаришмайди. Булар Абу Бакр Сиддиқ, Усмон ибн Аффон ва Абу Убайда ибн Жарроҳлардир» (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин).

* * *

Абу Убайда Исломга биринчилардан бўлиб Абу Бакр Сиддиқ чорлови билан кирган, Абдураҳмон ибн Авф, Усмон ибн Маъзун, Арқам ибн Абу Арқам (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин) билан бирга Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига бориб, шаҳодат калимасини айтган эдилар. Илк мусулмонлар кўрган барча қийинчилик, хўрлик, Ислом душманларининг жабр-ситамини у киши  ҳам бошдан кечирдилар. Кейинчалик  мушриклар билан бўлган маъракаларда алоҳида шижоат ва мардлик кўрсатдилар. У кишининг Аллоҳга иймони кучли, Ислом уммати орасида ишончга сазовор, омонатга вафодор эди.

* * *

Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Уҳуд кунининг энг кўзга кўринган қаҳрамонларидан бири бўлдилар. Уҳуд урушининг иштирокчиларидан Абу Бакр Сиддиқ бундай ҳикоя қиладилар: «Уҳуд уруши куни Расулуллоҳ одамлардан ажраб ёлғиз қолганларида мен биринчилардан бўлиб у Зот томон юрдим. Қарасам, бир одам у Зотнинг олдиларида ҳимоя қилиб уруш қилмоқда: «Талҳа бўлса эди, отам ҳам, онам ҳам унга фидо бўлсин! Талҳа бўлса эди, отам ҳам, онам ҳам унга фидо бўлсин!» деб борсам, орқамдан Абу Убайда худди қушдек учиб келди. Биргалашиб етиб борсак, Расулуллоҳнинг олдиларида Талҳа йиқилиб ётган экан. Расули акрам алайҳиссолату вассалом: «Биродарингизга қаранг, у ҳақлидир», дедилар. Шу пайт Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёноқларига бир нарса келиб тегиб, дубулғанинг ҳалқасини киритиб юборди. Уни Пайғамбар алайҳиссаломдан чиқариб олиш учун борган эдим, Абу Убайда: «Аллоҳ хайрингни берсин, Абу Бакр, менга қўйиб бер», деди ва у кирган нарсани чиқара бошлади. Пайғамбар алаҳиссаломга озор бермаслик учун тиши билан чиқаришга ҳаракат қилди ва чиқариб олди. Абу Убайданинг олд тиши тушди. Сўнгра мен кейингисини олишга уринган эдим, Абу Убайда яна: «Абу Бакр, Аллоҳ хайрингни берсин, менга қўйиб бер», деди. Яна тиши билан чиқариб олди. Абу Убайданинг яна бир тиши тушди. Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг ўшанда тушган икки тишлари умр бўйи у кишининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга садоқатлари нишони бўлиб қолди.

* * *

Муҳаммад ибн Жаъфар ҳикоя қилади: «Бир куни Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига насронийлар гуруҳи келиб: – Эй Абул Қосим, ўртамиздаги мол-мулкни тақсимлай олмай, бир-биримиз билан қирпичоқ бўлиб кетаёздик. Сиз, мусулмонлар, тўғрисўз, омонатдор кишисизлар. Шунинг учун бир ишонган одамингизни бизга қўшиб берсангиз, у молларимизни адолат билан тақсимлаб берса! – дейишди. – Эртага келинглар, сизларга энг ишонган одамимни қўшиб бераман, – дедилар Фахри Коинот. Бу ҳикояни Умар ибн Хаттоб (Аллоҳ ундан рози бўлсин) давом эттиради: – Эртаси куни пешин намозини ўқиш учун масжидга одатдагидан эртароқ келдим. Аллоҳ ҳаққи, умрим бино бўлиб, бирор марта одамлар орасида қозилик қилишни истамаган эдим, лекин ўшанда Сарвари олам «Бу ишга мени танласалар-ку», деган орзу билан ёнардим. Пайғамбар алайҳиссалом бизга пешинни ўқиб бергач, ортларига ўгирилдилар. Нигоҳлари билан одамлар орасидан кимнидир ахтара бошладилар. Мен умид билан бўйнимни чўзиб қарадим. Пайғамбаримиз назарлари Абу Убайдага тушиб, уни чақирдилар. «Меҳмонлар билан бирга бориб, улар келиша олмаётган масалани одиллик билан ҳал қилиб бер», деб буюрдилар. «Улоқни Абу Убайда илиб кетди», деб қўйдим ичимда. Анас ибн Моликдан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта ҳар бир умматнинг амини (ўта ишончли кишиси) бўлади, бизнинг аминимиз Абу Убайда ибн Жарроҳдир», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).

* * *

Жобир ибн Абдуллоҳдан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳни бош қилиб бизларни Қурайш карвонини пойлаш учун юбордилар. У Зот алайҳиссалом бизни бир идиш хурмо билан таъминладилар, бошқа нарса топа олмадилар. Абу Убайда бизларга бир дона-бир донадан хурмо берар эди. «Уни нима қилар эдинглар?» деб сўрадим. «Гўдак сўрганга ўхшатиб, сўрар эдик. Сўнгра устидан сув ичар эдик. Баъзиларимиз таёқларимиз билан барг қоқиб келар эдик. Кейин уни ҳўллаб ер эдик», деди» (Абу Нуъайм ривояти).

* * *

Абу Саълаба (розияллоҳу анҳу)  қуйидагиларни айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга учраб: «Эй Аллоҳнинг Расули, яхши таълим олиш учун мени бир одамга йўлланг», дедим. Шунда у Зот мени Абу Убайда ибн Жарроҳга юбордилар ва: «Мен таълимингни ва одобингни яхшилайдиган кишига жўнатдим», дедилар» (Ибн Асокир ривояти).

* * *

Абу Умома Бохилийдан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр, Умар, Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳум ва бир гуруҳ саҳоба билан ўтирган эдилар. Бир идишда шарбат келтирилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Абу Убайдага тутдилар. Шунда Абу Убайда: «Сиз ўзингиз олинг, эй Аллоҳнинг Расули!» деди. «Сен ол!» дедилар у Зот. Абу Убайда пиёлани олди ва уни ичишдан олдин яна: «Сиз ўзингиз олинг, эй Аллоҳнинг Расули!» деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ич, барака, албатта, улуғларимиздадир. Ким кичигимизга раҳм қилмаса ва каттамизни улуғламаса, биздан эмас», дедилар» (Табароний ривояти). Абу Убайда ибн Жарроҳ (розияллоҳу анҳу) Шомга волий қилиб тайинланиб, катта мансабга эга бўлганидан кейин ҳам заррача ўзгармади. Қўл остида ўша вақтдаги дунёнинг энг кучли лашкари турганига қарамай, оддий аскардек юраверди. Шомдаги одамлар Исломдан олдин дабдабага ўрганиб қолишган эди. Мусулмонлар амирининг аҳволи бирпасда ҳамма ёққа овоза бўлиб тарқаб кетди.

* * *

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳазрати Умар Шомга келган куни шомлик жуда кўп одам ва катталар кутиб олишди. Шунда Умар: «Оғайним қани?» деб сўради. «Ким у?» дейишди. «Абу Убайда», деди Ҳазрати Умар. «Ҳозир келади», дейишди. Абу Убайда каноп юганли туяни миниб келди. Ҳазрати Умар Абу Убайда ибн Жарроҳ билан қучоқлашиб кўришди. Кейин унинг уйига кирди. Уйда қилич, қалқон, эгар-жабдуқдан бошқа нарса кўрмади ва: «Бошқа шерикларингга ўхшаб сен ҳам у-бу қилмадингми?» деб сўради. «Эй мўминлар амири, ётиб-тургани шу ҳам етади», деди Абу Убайда. Шунда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Сендан бошқа ҳаммамизни дунё ўзгартиб юборди, эй Абу Убайда», деди» (Имом Аҳмад, Абдуллоҳ ибн Муборак, Абу Нуъайм ривояти). Мана шунинг учун ҳам Ҳазрати Умар Абу Убайда ибн Жарроҳни жуда яхши кўрар ва ҳурмат қилар эди. У киши ҳамма раҳбарлари, ишбошилари ва волийлари Абу Убайда ибн Жарроҳга ўхшаш бўлишини орзу қилар эди.

* * *

Имом Бухорий «Тарихи сағир»да Зайд ибн Аслам розияллоҳу анҳудан, у киши Убай розияллоҳу анҳу қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Умар ибн Хаттоб ўз соҳибларига: «Орзу қилинглар!» деди. «Мен бир уй тўла дирҳамларим бўлиши ва уларни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилишни орзу қилурман», деди бири. «Орзу қилинглар!» деди у яна. «Мен мана шу уй тўла олтинларим бўлиши ва уларни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилишни орзу қилурман», деди бошқаси. «Орзу қилинглар!» деди у яна. «Мен мана шу уй тўла жавҳарларим бўлиши ва уларни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилишни орзу қилурман», деди яна бири. «Орзу қилинглар!» деди у яна. «Бундан бошқа орзумиз йўқ», дейишди улар. Шунда Умар: «Аммо мен мана шу уй тўла Абу Убайда ибн Жарроҳ, Муоз ибн Жабал ва Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳум каби одамлар бўлишини ва уларни Аллоҳнинг тоати учун омил қилишни орзу қилар эдим», деди. Сўнгра у Ҳузайфага мол юборди ва: «Назар солинглар, нима қилар экан?» деди. У молни тақсимлаб юборди. Сўнгра у Муоз ибн Жабалга мол юборди ва: «Назар солинглар, нима қилар экан?» деди. У молни тақсимлаб юборди. Сўнгра у Абу Убайдага мол юборди ва: «Назар солинглар, нима қилар экан?» деди. У молни тақсимлаб юборди. «Ана, сизларга айтмабмидим!» деди Умар».

* * *

Шомда вабо тарқалаётгани ҳаммаёқда шов-шув бўлганда Абу Убайда розияллоҳу анҳу халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан қуйидаги амрни олдилар: «Менинг сенга бир ҳожатим чиқиб қолди. Сендан бошқа мен учун уни ҳал қила олмайди. Агар ушбу мактубим сенга кечаси етиб борса, тонг отмасдан мен томонга йўл олишингни талаб қиламан. Агар ушбу мактубим сенга кундузи етиб борса, кеч бўлмасдан мен томонга йўл олишингни талаб қиламан». Абу Убайда розияллоҳу анҳу мактубни ўқиб кўриб: «Мўминлар амирининг менга тушган ҳожатини билдим. У киши боқий эмас кимсани боқий қилмоқчи», дедилар. Сўнгра қуйидаги мактубни ёздилар: «Эй мўминларнинг амири, менга тушган ҳожатингни билдим. Мен мусулмонлар лашкари ичидаман. Уларга етган нарсадан ўзимни четга олмоқчи эмасман. Аллоҳ менинг ва уларнинг ҳақида Ўз ҳукмини қилмагунча улардан ажрамоқчи эмасман. Қачон сенга ушбу мактубим етиб борса, мени талабингдан ҳалол қил. Менга қолишга изн бер». Ҳазрати Умар мактубни ўқиб, қаттиқ йиғладилар. У кишининг атрофида турганлар: «Нима, Абу Убайда ўлибдими, эй мўминларнинг амири?» дедилар. «Йўқ. Лекин ўлим унга яқинлашибди», дедилар у киши. Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу одамлар орасида юриб, уларни сабрга чақирар эдилар. Охири дард у кишининг ўзларига ҳам хуруж қилди. Синчалоқларига кичкина бир нарса чиқди. Одамлар у кишига тасалли бермоқчи бўлиб, ҳеч нарса эмас, дедилар. У киши бўлса, Аллоҳдан умидим бор, шунга ҳам барака берса, ажаб эмас, дедилар. Охири у киши хаста бўлиб ётиб қолдилар. Ибн Асокир Саъид ибн Абу Саъиддан ривоят қилади: «Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Урдунда вабога чалинганида (қабри ўша ерда) ўша ерда ҳозир бўлган мусулмонларни чақириб: «Мен сизларга бир васият қиламан. Агар уни қабул қилсангиз, яхшиликда бардавом бўлурсизлар–намозни ўқинглар, закотни беринглар, Рамазон ойи рўзасини тутинглар, садақа қилинглар, ҳаж қилинглар, умра қилинглар. Бир-бирингизга насиҳат қилинглар. Амирларингизга насиҳат қилинглар, уларни алдаманглар. Дунё сизни ҳалок қилмасин. Агар бир одам минг йил яшаса ҳам, албатта, менинг сиз кўриб турган ҳолимга тушиши бор. Аллоҳ таоло бани одамга ўлимини ёзгандир. Улар ўларлар. Уларнинг энг фаросатлиси ўз Роббисига итоаткорроқ бўлгани ва қайтар куни учун кўпроқ амал қилганидир. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи! Эй Муоз, одамларга намоз ўқиб бер». Ана шундан кейин Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу вафот этдилар.  Аллоҳ таоло бу кишидан рози бўлсин!

Аҳмад МУҲАММАД тайёрлади

07:43 / 27.06.2020
Аввалги мақола
Сахобалар
Ҳазрати Умарнинг Исломга келишлари
Жоҳилий жамият руҳида ўсган ҳазрати Умар Ислом янги пайдо бўлганида унга қаттиқ қаршилик кўрсатганлардан бири бўлганлар. Лекин у кишидаги соф табиат бир кун келиб ўзини кўрсатиши турган гап эди. Бунин...
15:58 / 23.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Адолатли сиёсат даҳоси
(Саид ибн Омир розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолат уммонларидан файз олиб ўсган ва ўша тенги йўқ зотнинг ҳидоят нурларидан насибаланиб, инсониятга йўл кўрсатган юлду...
14:29 / 22.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Фаришталар ювинтирган саҳоба
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида, ҳижрий 3-санада жарчи ҳаммани Уҳуд ғазотига чорлай бошлади. Ҳанзала розияллоҳу анҳу бу нидони эшитиб, дарҳол қурол-аслаҳаларини олиб, урушга тайё...
17:02 / 31.07.2023 Батафсил...
Сахобалар
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу — бу киши воизлик билан танилган. Ҳусайн воиз Кошифийга ўхшаб. Ҳаким-ўта ҳикматга бой бўлганлар. Ўткир жуда ҳам чуқур гапларни гапирганлар. Аллоҳ т...
16:00 / 27.07.2023 Батафсил...