8 жумадис сони 1446
Анас ибн Молик

Абу Сумома Анас ибн Молик ибн Назр ан-Нажжорий ал-Хазражий ал-Ансорий (розияллоҳу анҳу) машҳур саҳобийлардан. Ҳижратдан ўн йил аввал Мадинада туғилганлар. Ёшликдаёқ Исломга кирганлар ва бир неча йил Пайғамбар алайҳиссаломга сидқидилдан хизмат қилганлар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) узоқ умр кўриши ва серфарзанд бўлишини тилаб дуо қилганлар. Бадрдан ташқари барча ғазотларда Пайғамбаримиз билан қатнашганлар. Исломнинг улуғ фақиҳ ва муҳаддисларидан. Расули акрамдан 2286 та ҳадис ривоят қилганлар. Шундан 168 тасини ҳам Бухорий, ҳам Муслим келтиришган. 83 тасини ёлғиз Бухорий, 71 тасини фақат Муслим келтирган, 1964 таси бошқа ҳадис китобларида мавжуд. Расулуллоҳ вафотларидан сўнг аввал Дамашқда, кейин Басрада яшадилар. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу): «Анас ибн Моликдан бошқа Набий алайҳиссаломнинг намозларига ўхшаш намоз ўқийдиган бирор кишини кўрмадим», деганлар. Ҳижрий 93 (милодий 712) йили бир юз уч ёшда Басрада вафот этдилар. Басрада вафот қилган охирги саҳобий бўлдилар.
Анас ибн Молик Ибн Назр Ансорий Хазражий ан-Нажжорийнинг кунялари Абу Ҳамза, оналари машҳур саҳобия Умму Сулайм бинти Милҳон розияллоҳу анҳо бўлган. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг оталари Молик ибн Назр мушрик ҳолида иймон келтирмай ўлиб кетган эди. Унинг қандай одам бўлганини қуйидаги воқеадан билиб олсак ҳам бўлади: «Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Абу Анаснинг олдига келиб: «Бугун сен ёмон кўрган нарса билан келдим», деди. «Сен доимо олдимга анави аъробийнинг олдидан мен ёмон кўрган нарсани олиб келаверасан!» деди Абу Анас. «У аъробий эди. Лекин Аллоҳ уни танлаб олиб, ихтиёр қилиб, пайғамбар қилди». «Келтирган нарсанг нима?» деди эр. «Ароқ ҳаром қилинди», деди хотини. «Бу сен билан менинг ажрашишимиз», деди. Сўнгра мушрик ҳолида ўлиб кетди».
Кейин Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг оналари Абу Толҳа розияллоҳу анҳуга турмушга чиқдилар. Эру хотин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида ҳозиру нозир эдилар. Улар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларига тутишди. У кишининг оналари Умму Сулайм розияллоҳу анҳо ҳам, ўгай оталари Абу Толҳа розияллоҳу анҳу ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларини қилишга ўта берилган эдилар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Онам мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борди. У мени ўз рўмоли билан ўраб ярмини менга изор, ярмини ридо қилган эди. У: «Эй Аллоҳнинг Расули, мана бу Анасча, менинг ўғлим, уни сизга хизмат қилсин деб олиб келдим. Унинг ҳаққига Аллоҳга дуо қилинг», деди. Шунда у зот: ««Эй Аллоҳим! Унинг молини ва боласини кўп қилгин!» дедилар». Анас айтади: «Аллоҳга қасамки, шубҳасиз, менинг молим кўпдир ва бугун болаларимнинг ва болаларимнинг болаларининг адади юздан ортади» (Имом Муслим ва Термизий ривоят қилишган).
Имом Бухорий ва бошқалар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ма¬динага келганларида Абу Толҳа менинг қўлимдан ушлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, Анас жуда хуш¬ёр бола, сизга хизмат қилсин», деди. У зотга сафарда ҳам, ҳазарда ҳам ўн йил хизмат қилдим».
Ўша пайтда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ёшлари ўнда эди. Мана шу кундан бошлаб, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Анас ибн Моликка бўлган муомалалари хўжайиннинг хизматчисига қилган муомаласидек бўлмай, балки отанинг боласига қилган муомаласидек эди. Анаснинг ўзлари айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор қилган ишимни нимага бундай қилдинг ёки буюрган ишимни нега қилмадинг, деб сўрамас эдилар. Балки «Аллоҳ хоҳлагани бўлади, хоҳламагани бўлмайди», дер эдилар».
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ихлос билан хизмат қилдилар. У киши хизматни вазифа деб эмас, шараф деб билар эдилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қандай хизматлари бўлса, жону дил билан бажарар эдилар. Мана шу эътибордан у киши саҳобаи киромлар ичида “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходими” лақабини олдилар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўпгина хизматларини айтмасларидан олдин англаб, бажо келтирар эдилар. У зот бирор жойга кириб ўтириб қолсалар, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кавушларини қўйинларига солиб, остонада ўтирар эдилар. Бунга ўхшаш фидокорлик мисоллари ҳадсиз-ҳисобсиз бўлгани учун бир-иккита мисол келтириш билан кифояланамиз.
Имом Бухорий ва бошқалар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Қачон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қазои ҳожатга чиқсалар, мен ва бир бола икковимиз ўзимиз билан сувли мешчани олиб келар эдик», деди. Яъни, истинжо қилишлари учун».
Имом Бухорий ва бошқалар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар билан Мадина орасида уч кун туриб, ўзлари билан София бинти Ҳуяйнинг никоҳ валиймасини қилдилар. Мен мусулмонларни валиймага даъват қилиб келдим. Унда нон ҳам, гўшт ҳам йўқ эди. У зот тери дастурхонларни ёзишга амр қилдилар. Уларнинг устига хурмо, қурт ва сариёғ ташланди. У зотнинг валиймалари шундан иборат эди. Мусулмонлар: «Мўминларнинг оналаридан биримикан ёки у зотнинг қўлларига мулк бўлиб тушдимикан?» дейишди. Сўнгра: «Агар уни ҳижобга амр қилсалар мўминларнинг оналаридан бўлур. Бўлмаса, қўлларига мулк бўлганлардан бўлур», дедилар. Шунда жўнаганларида ўз ортларидан жой тайёрлаб бердилар ва у билан одамлар орасига ҳижоб тортдилар». Бу ривоятдан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу таҳоратга сув бериш ва шунга ўхшаш кичик хизматларнигина эмас, тўйга айтишга ўхшаш катта хизматларни ҳам бажаришлари келиб чиқади. Гоҳида хизмат унча-мунча одамга ишониб бўлмайдиган ўта муҳим топшириққа айланиб ҳам кетар эди.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен болалар билан ўйнаётган эдим. Олдимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, бизга салом бердилар. Сўнгра у зот мени ўз ҳожатлари бўйича юбордилар. Мен онамнинг олдига боришга кеч қолдим. Унинг олдига борган чоғимда: «Нега ушланиб қолдинг?» деди. «Мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳожатлари бўйича юбордилар», дедим. «У зотнинг ҳожатлари нима экан?» деди. «Бу сир», дедим. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларини ҳеч кимга айтмагин», деди. Анас: «Аллоҳга қасамки, агар уни бировга айтадиган бўлсам, албатта, сенга айтар эдим, эй Собит», деди» (Имом Муслим ривояти).
Албатта, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий ходимлари бўлиш катта бахт ва қулай фурсат эди. У киши хизмат сабабидан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дорулфунунларининг закий талабасига ҳам айланган эдилар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўладиган ҳар лаҳзалари мисли йўқ дарс эди. Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кези келганда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ўзларига алоҳида насиҳатлар ҳам қилиб турар эдилар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй болам, агар эртаю кеч бировга нисбатан қалбингда ғиллу ғаш бўлмаслигига қодир бўлсанг, шуни қил», дедилар. Сўнгра яна: «Эй болам, ана шу менинг Суннатимдир. Ким менинг Суннатимни тирилтирса, батаҳқиқ, менга муҳаббат қилган бўлади. Ким менга муҳаббат қилган бўлса, мен билан бирга жаннатда бўлади», дедилар. Демак, ҳар бир мусулмон бировга нисбатан ёмонликни соғинмаслиги, ҳеч кимга нисбатан қалбида ғиллу ғаш сақламаслиги керак.  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига амал қилиш, бу Суннатни маҳкам ушлаш ана шундай олий мақомга эриштиради.
Имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:  «Эй болагина, намозда аланглашдан сақлангин. Албатта, у ҳалокатдир. Агар, ҳеч имкони бўлмаса, нафлда майли, аммо фарзда эмас», деган эканлар». Ушбу ҳадисдан аланглаш нафл намозда бир оз енгил саналса ҳам, фарзда мутлақо мумкин эмаслигини тушуниб оламиз.
Имом Бухорий ва бошқалар Иббон ибн Абу Аффош розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Анас розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг», дедим. «Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур. Чунки бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмас», дедилар у зот». Охирзамон Пайғамбари, Ҳабиби Роббил оламин, Муҳаммад ал-Амин соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу жавоблари умумий қоида бўлиб қолди. Қайси замон, қайси маконда бўлишидан қатъи назар, ҳар бир мўмин-мусулмон дуоим қабул бўлсин, деса, ҳалол-пок касб қилсин, ейдиган луқмасини ҳалол-пок қилсин. Ана ўшандагина дуоси қабул бўлади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан доимий равишда бирга бўлганлари учун у зотнинг мўъжизаларининг кўпларини кўрганлар. Баъзи бир мўъжизаларнинг содир бўлишига Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ўзлари сабабчи ҳам бўлганлар. Баъзиларини эса, фақат у кишининг ўзларигина кўрганлар. Шунинг учун бўлса керак, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу мўъжизалар ҳақидаги ривоятларнинг кўп қисмини ўзлари қилганлари гувоҳи бўламиз.
Сув етишмай қолган пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари ила озгина сув кўпайиб кетгани бир неча бор такрорланган. Ҳудайбийя ҳодисасида ҳам бир жойга тўпланиб қолган озгина кўлмак сувга камон ўқини суқиб қўйганларида ҳамма аскарнинг ичишига, таҳорат қилишига, уловларнинг суғорилишига ва идишларни тўлатиб олишларига етиб ортадиган миқдорда сув отилиб чиққан. Албатта, бу нарса Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларига хос. Пайғамбарлардан бошқа ҳеч кимга мўъжиза берилмайди.
Имом Бухорий ва бошқалар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Абу Толҳа Умму Сулаймга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг овозлари заифлигини эшитдим. У зотнинг оч эканларини биламан. Сенда бирор нарса борми?» деди. У: «Ҳа», деди-да, бир неча арпа нони олиб чиқди. Кейин рўмолини олиб чиқиб, унинг бир тарафига нонни ўради. Сўнгра уни қўлтиғимга қистира туриб, у(рўмол)нинг бир қисми билан мени ўради. Кейин мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига юборди. Бориб, у зотни масжиддан топдим. У зот билан бошқа одамлар ҳам бор эди. Мен уларнинг тепаларига бориб, индамай туравердим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Сени Абу Толҳа юбордими?» дедилар. «Ҳа», дедим. «Таом биланми?» дедилар. «Ҳа», дедим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан бирга бўлганларга: «Туринглар», дедилар-да, юриб қолдилар, мен ҳам олдиларига тушиб олиб, юриб кетавердим. Абу Толҳанинг олдига бориб хабарни айтдим. Абу Толҳа: «Эй Умму Сулайм! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни олиб келдилар. Бизнинг эса, уларга берадиган таомимиз йўқ-ку!» деди. «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», деди Умму Сулайм. Абу Толҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб, у зотни бошлаб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Умму Сулайм, ўзингда борини олиб кел», дедилар. Умму Сулайм ҳалиги нонларни олиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилдилар, улар синдирилди. Умму Сулайм ёғ мешини сиқиб ичидаги бор нарсани чиқарди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб, Аллоҳ хоҳлаган нарсаларни айтдилар. Кейин: «Ўнтага изн бер», дедилар. Уларга изн берди. Улар тўйгунларича еб, кейин чиқдилар. Сўнг у зот: «Ўнтага изн бер», дедилар. Уларга изн берди. Улар тўйгунларича еб, кейин чиқдилар. Сўнг у зот: «Ўнтага изн бер», дедилар. Уларга изн берди. Улар тўйгунларича еб, кейин чиқдилар. Сўнг у зот: «Ўнтага изн бер», дедилар. Уларга изн берди. Охири қавмнинг ҳаммаси тўйгунча еди. Қавм етмиш ёки саксон киши эди».
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтиб кетаётган эдилар, онам Умму Сулайм у зотнинг овозларини эшитиб қолиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мана бу Анасча», деди. Шунда у зот менга уч дуо қилдилар. Мен бу дунё¬да улардан иккитасини кўрдим. Учинчисини эса, охиратда кўришни умид қиламан» (Имом Муслим ва Термизий ривояти).
Ўша уч дуо қандай дуолар эканини қуйидаги ривоятдан билиб оламиз: Сайёр ибн Рабийъадан ривоят қилинади: «Анас ибн Молик айтадиларки, бир куни онам билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бордик. Онам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Ходимингизнинг ҳаққига дуо қилинг», деганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳ, буни молу дунёсини кўп қилиб, умрини узоқ қилгин ва гуноҳларини мағфират айлагин», дедилар». Ушбу набавий дуо ижобат бўлиб, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг молу дунёлари кўп бўлган, умрлари узоқ бўлган ва Аллоҳ таоло у кишини мағфират қилишидан умидвор бўлганлар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набиюллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга бир сир айтдилар. Мен уни ҳозиргача бир кимга айтганим йўқ» (Имом Муслим ривояти). Албатта, сир энг яқин одамга айтилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга сир айтишлари яқинлик аломатидир.
Имом Бухорий ва бошқалар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Сулаймнинг уйида намоз ўқидилар. Мен ва бир етим бола у зотнинг орқаларида турдик. Умму Сулайм эса, бизнинг орқамизда турди». Умму Сулайм ҳазрати Анас розияллоҳу анҳунинг оналари. Етим бола эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилган қуллари Абу Зумайранинг ўғли эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан фақат уч кишининг намоз ўқиши, улардан бири Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу бўлиши у кишининг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қанчалар яқин эканларининг далилидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни ўзларига яқин олганларидан гоҳида у кишига ҳазил-мутойиба ҳам қилиб турар эдилар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Гоҳида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: эй икки қулоқ эгаси, дер эдилар» (Имом Термизий ривояти).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу доимий равишда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга содиқ қолдилар. Ҳатто у зот Рафиқи Аълога интиқол қилганларидан кейин ҳам бу содиқлик давом этди. Собит ал-Буноний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Анас ибн Молик менга: “Эй Собит, мендан олиб қол. Албатта, сен мендан кўра ишончлироқ бирор кишини топа олмайсан. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олганман, у зот Жаброилдан олганлар. Жаброил эса, Аллоҳ таолодан олган», деди» (Имом Термизий ривоят қилган).
Ушбу ривоятдан ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қанчалар содиқ эканлари ва илмий одобга қанчалар риоя қилишлари кўриниб турибди. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида ўн йил бардавом турган, саҳобаи киромлар ичида энг кўп ҳадис биладиганлардан эдилар. Зеҳнлари ўткир, муҳофазалари кучли эди. Шундай бўлса ҳам Пайғамбаримиз айтмаган бирор оғиз сўзни айтиб қўйиб, гуноҳкор бўлиб қолмай, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким менга ёлғонини қасд қилса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», деган ҳадислари тахтига дохил бўлиб қолмай, деб ўзларини кўп ҳадис айтишдан тийиб турганлар. Анас ибн Молик ҳаммаси бўлиб, 2286 та ҳадис ривоят қилиб, Абу Ҳурайра ва Ибн Умарлардан кейинги ўринни эгалладилар. Бу зотдан Ибн Сийрин, Собит ал-Буноний, Қатода, Ҳасан Басрий, Зуҳрий ва бошқалар ривоят қилишган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинликлари, хизматлари, садоқатлари ва ўзларидаги илмга бўлган ташналик ва ихлослари ҳамда бошқа омиллар у кишини илм денгизига айлантирган эди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу қаерда бўлсалар, ўша ерда илм суҳбати, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва бошқа нарсалардан саволлар бўлиб турар эди.
Имом Бухорий ва бошқалар ривоят қилишади: «Анас розияллоҳу анҳуга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозида «Қунут» ўқиганларми?» дейилганда: «Ҳа, рукуъдан кейин, бир оз муддат», деганлар. Бошқа бир ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъдан кейин бир ой «Қунут» ўқиганлар. Қориларнинг қотиллари зиддига дуо қилганлар», дейилган». Анас розияллоҳу анҳу аввалги ривоятда «бир муддат» деганларида айнан ушбу иккинчи ривоятдаги бир ой муддатни кўзда тутганлар. Бу ривоятда зикри келган Қунут ўқиш маълум сабабга кўра бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Салама қабиласига етмишта қоридан иборат бир жангчи гуруҳини юборганларида, қабиладагилар хиёнат ва алдамчилик йўли билан ҳалиги қориларнинг ҳаммасини йўлда қатл қилишган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қориларнинг қатл этилганига қаттиқ хафа бўлганлар ва уларнинг қотиллари зиддига бомдод намозида бир ой дуоибад қилганлар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу бу жавоблари билан кишиларнинг «Бомдодда нимага дуои Қунут ўқилган экан?» деган саволларига қониқарли жавоб берганлар.
Имом Муслим, Абу Довуд ва Аҳмадлар Яҳъё ибн Язид ал-Ҳуноний розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан намозни қаср қилиш ҳақида сўрадим. Шунда у киши: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон уч миллик ёки уч фарсахлик йўлга чиқсалар, намозни икки ракат ўқир эдилар», дедилар».
Термизий, Абу Довуд ва Аҳмадлар Абу Ғолиб розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:  «Анас ибн Молик билан бир эр кишига жаноза ўқидим, у унинг бош томонида турди. Сўнгра қурайшлик бир аёлнинг жанозасини олиб келдилар. «Эй Абу Ҳамза, бу(аёл)га жаноза ўқинг», дейишди. Шунда у тобутнинг ўртасига турди. Шунда унга ал-Аъло ибн Зиёд: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жанозада бу(аёл)да турган мақомингда ва эр кишида ҳам сен турган мақомда турганларини кўрганмисан?» деди. «Ҳа», деди Анас ибн Молик ва фориғ бўлгандан сўнг: «Ёдлаб олинглар», деди. Икки жаноза намозда иштирок этган кишилар буюк саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан эр кишининг жанозасини ўқиганда бош томонида туриши, аёл кишининг жанозасини ўқиганда ўртасида туриши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари эканлигини сўраб олишлари илм¬ни мустаҳкамлаб, аниқлаб олишнинг бир туридир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳуга уйланганларида валиймани никоҳ кечасининг эртасига қилганлар. Бу уйланиш ҳодисасидаги энг машҳур воқеалардан бири – ҳижоб оятининг нозил бўлиши эди. Ўша машҳур воқеада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга у кишига ихлос билан хизмат қилиб юрадиган ёш саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳам бирга иштирок этган эдилар. Шунинг учун ҳам бу масалада бирор савол чиқса ҳазрати Анас розияллоҳу анҳуга мурожаат қилиш одат бўлиб қолган эди. Ҳатто Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу каби қори ва улуғ саҳобийлар ҳам ҳижоб ояти ҳақида ҳазрати Анас розияллоҳу анҳудан сўрашар эди.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Анасни Баҳрайнга юбориш ҳақида ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан маслаҳат сўрадилар. Ҳазрати Умар Анас розияллоҳу анҳунинг тақволарини ва узоқ вақт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшаганларини эътиборга олиб, «У оқил йигитлардан эди», деб мақтадилар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу биринчи халифа амри ила Баҳрайнга ишга кетдилар ва у ерда ўз вазифаларини қойиллатиб бажардилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга мактуб ёзиб баъзи ишларни қандай бажарилиши лозимлигини тушунтириб турар эдилар.  Имом Бухорий ва бошқалар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Абу Бакр розияллоҳу анҳу у кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фарз қилган (закот) нарса ҳақида ёзган мактубида: «Садақадан қўрқиб айри-айрини жам қилинмайди ва жам бўлиб турганни айриб ташланмайди. Икки аралаштирган киши ўзаро ҳисоб қилиб олишади», дейилган эди.
Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Мени Абу Бакр розияллоҳу анҳу закотга омил қилди. Абу Бакр вафот қилганидан кейин келдим. Шунда Умар розияллоҳу анҳу менга: «Эй Анас! Улов келтирдингми?» деди. «Ҳа», дедим. «Бизга улов олиб келибсан. Мол сеники бўлсин», деди. «У жуда ҳам кўп!» дедим. «Кўп бўлса ҳам сеники!» деди у. Ўша мол тўрт минг эди. Мадина аҳлининг энг бой одамига айланиб қолдим».
Кейинроқ Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Форсни фатҳ қилиш учун олиб борилган урушда фаол қатнашдилар. Фатҳлар тамом бўлгандан кейин подшоҳ Ҳурмузон билан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг олдиларига борадиган ҳайъат тузилди. Уларнинг ичида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ва Аҳнаф ибн Қайслар ҳам бор эди.
Имом Байҳақий ва Абдурраззоқлар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Абу Мусо розияллоҳу анҳу мени Тистир фатҳи хушхабари ила Умар розияллоҳу анҳуга юборди. Бакр ибн Воилдан олти киши Исломдан муртад бўлиб, мушрикларга қўшилиб кетган эди. Умар мендан ўшалар ҳақида сўраб: «Бакр ибн Воиллик ҳалиги одамлар нима қилди?» деди. Мен: «Эй мўминларнинг амири, улар Исломдан муртад бўлиб, мушрикларга қўшилиб кетди. Уларни ўлдиришдан бошқа йўл йўқ», дедим. Умар: «Мен уларни тинчлик билан олмоғим мен учун устидан қуёш чиқиб турган оқу сариқ барча нарсадан кўра маҳбуброқ», деди. Мен: «Эй мўминларнинг амири, агар уларни олсангиз нима қилар эдингиз?» дедим. Умар: «Улар ўзлари чиққан эшикни қайта киришлари учун кўрсатган бўлар эдим. Агар шуни қилишса, улардан қабул қилар эдим. Бўлмаса, қамаб қўяр эдим», деди».
Ибн Саъд Самома ибн Абдуллоҳдан ривоят қиладилар: «Ёз чоғи Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ҳузурига боғининг боғбони келиб, қурғоқчиликдан шикоят қилди. Шунда у сув сўраб, таҳорат қилди ва намоз ўқиди. Сўнгра у: «Бирор нарса кўряпсанми?» деб сўради. «Ҳеч нарса кўрмаяпман», деди. У кириб яна намоз ўқиди. Учинчи ёки тўртинчи мартасида: «Назар сол!» деди. «Қушнинг қанотига ўхшаган булутни кўрмоқдаман», деди. У намоз ўқиб, дуо қилишда давом этди. Охири боғбон кириб: «Осмон тўғриланди. Ёмғир ёғмоқда!» деди. «Бишр ибн Шағоф юборган отни миниб, ёмғир қаерга етганига назар солиб кел», деди. У отни миниб, назар солди. Қараса, ёмғир Ғазбоннинг қасридан нарига ўтмаган экан».
Намозни чин ихлос, хушуъ ва хузуъ билан ўқишда ҳам Анас ибн Моликка етадиган саҳобий кам бўлган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Анас ибн Моликдан бошқа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларига ўхшаш намоз ўқийдиган бирор-бир кишини кўрмадим», дейдилар. Сумома ибн Абдуллоҳ: «Анас ибн Молик намозда қиёмни узоқ қилар эдилар, ҳатто оёқларидан қон чиқиб кетарди», дейдилар.
Анас розияллоҳу анҳу ҳаётларининг охирида Басрага кўчиб ўтдилар ва ўша ерда ҳижратнинг 93-йилида вафот этдилар. У зотни Муҳаммад ибн Сийрин ювиб, Қатода ибн Мудрик жанозаларини ўқидилар. Анас ибн Моликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган ҳассача бўлиб, васиятларига биноан, вафотларидан кейин у киши билан бирга кўмилди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.

Манбалар: 1) Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва Ҳаёт”, Тошкент, “Шарқ”, 2009, 26-жуз; 2) Ибн Жавзий. “Сифатус-Савфа”; 3) Аҳмад ибн Ҳалликон. “Вафиятул аҳян фи анбаи абнаиз-заман”, Қоҳира, “Матбаатул-маймуна”, ҳ. 1310; 4) Абул Ҳасан Али Ҳасаний ан-Надавий. “Рижолул Фикри вад-даъвати фил Ислами”, Байрут, “Дору Ибни Касир”, 1999; 5) Кандеҳлавий. “Ҳаётус-саҳоба”; 6) Шоҳ Валийуллоҳ Деҳлавий. “Ҳужжатуллоҳил балиға”, Лоҳур, “Мактабатус- салафийя”; 7) Белазурий. “Футуҳул Булдон”; 8) Муҳаммад ибн Абу Бакр Розий. «Мухтарус сиҳаҳ», Қоҳира, “Ҳайъал мисриятул аммату лил китаб”, 1976; 9) Баҳнасовий. «Хилофату вал хулафаур Рошидийн»; 10) Ибн Ҳишом. «Ас-Сийра ан-Набавийя»; 11) Ибн Саъд. «Ат-Тобақотул-кубро»; 12)   Ибн Ҳажар. «Ал-Исоба фи Тамйизис-саҳоба».

13:28 / 29.08.2013
Аввалги мақола
Кейинги мақола
Сахобалар
Ҳазрати Умарнинг Исломга келишлари
Жоҳилий жамият руҳида ўсган ҳазрати Умар Ислом янги пайдо бўлганида унга қаттиқ қаршилик кўрсатганлардан бири бўлганлар. Лекин у кишидаги соф табиат бир кун келиб ўзини кўрсатиши турган гап эди. Бунин...
15:58 / 23.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Адолатли сиёсат даҳоси
(Саид ибн Омир розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолат уммонларидан файз олиб ўсган ва ўша тенги йўқ зотнинг ҳидоят нурларидан насибаланиб, инсониятга йўл кўрсатган юлду...
14:29 / 22.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Фаришталар ювинтирган саҳоба
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида, ҳижрий 3-санада жарчи ҳаммани Уҳуд ғазотига чорлай бошлади. Ҳанзала розияллоҳу анҳу бу нидони эшитиб, дарҳол қурол-аслаҳаларини олиб, урушга тайё...
17:02 / 31.07.2023 Батафсил...
Сахобалар
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу — бу киши воизлик билан танилган. Ҳусайн воиз Кошифийга ўхшаб. Ҳаким-ўта ҳикматга бой бўлганлар. Ўткир жуда ҳам чуқур гапларни гапирганлар. Аллоҳ т...
16:00 / 27.07.2023 Батафсил...