22 жумадул аввал 1446
Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шамоиллари

1. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Суфён ибн Ҳарб ўз оғзидан менга шундай деди: «Мен билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўртамизда адоват бўлган пайтда жўнаб кетдим. Шомда эканлигимда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Ҳерақлга мактуб олиб келинди. Уни Деҳятул Калбий олиб келди. Уни Бусронинг бошлиғига берди. Бусронинг бошлиғи уни Ҳерақлга берди. Ҳерақл: «Бу ерда ўша набийман деяётган одамнинг қавмидан бирор киши борми?»  деди. «Ҳа»,  дейишди. Мен бир тўп қурайшликлар билан бирга чақирилдим. Ҳерақлнинг олдига кирдик. У бизни ўз қаршисига ўтқазди ва: «Қай бирингиз ўша набийман деяётган одамга насаб жиҳатидан яқинсиз?»  деди. «Мен»,  дедим». Бас, мени унинг олдига ўтқазишди. Шерикларимни орқамга ўтқазишди. Кейин таржимонини чақирди ва: «Уларга айт, мен манавидан анави ўзини набий деяётган одам ҳақида сўрайман. Агар менга ёлғон гапирса, уни ҳам ёлғончи қилишган бўлади»,  деди. «Аллоҳга қасамки, агар мени ёлғончи дейишларидан қўрқмаганимда, албатта, ёлғон гапирган бўлардим»,  деди Абу Суфён. Кейин таржимон орқали суҳбат бошланди. Ҳерақл: Унинг насаби ичингизда қандоқ? Абу Суфён: У ичимизда насаблидир. Ҳерақл: Унинг ота-боболаридан подшоҳ ўтган борми? Абу Суфён: Йўқ. Ҳерақл: Ушбу гапни айтишидан олдин уни ёлғончиликда айблар эдингизми? Абу Суфён: Йўқ. Ҳерақл: Унга одамларнинг ашрофлари эргашдими, заифларими? Абу Суфён: Заифлари. Ҳерақл: Улар кўпаймоқдамилар, озаймоқдамилар? Абу Суфён: Кўпаймоқдалар. Ҳерақл: Унинг динига кирган бирор кимса аччиқ қилиб, диндан чиқадими? Абу Суфён: Йўқ. Ҳерақл: У билан жанг қилдингларми? Абу Суфён: Ҳа. Ҳерақл: Унга қарши жангингиз қандоқ бўлди? Абу Суфён: Гоҳ ундоқ. Гоҳ бундоқ. У бизни енгади. Биз уни енгамиз. Ҳерақл: Алдайдими? Абу Суфён: Йўқ. Биз ҳозир уни кутиш муддатидамиз. Нима қилишини билмаймиз. (Абу Суфён ушбу гапларни одамларга айтаётиб: «Ҳерақл менга ушбу калимадан бошқа гап қўшишга имкон бермади», деган.) Ҳерақл: Бу гапни ундан бошқа бирортаси айтганми? Абу Суфён: Йўқ. У таржимонга: «Бунга айтгин, мен сендан унинг насаби ҳақида сўраган эдим. Сен у ичингиздан насабдорлигини айтдинг. Набийлар доимо ўз қавми насаби ила юбориладилар. Унинг ота-боболаридан подшоҳ ўтган борми, деб сўрадим. Сен, йўқ, дединг. Агар ота-боболаридан подшоҳ ўтгани бўлганида, ота-боболарининг мулкини талаб қилмоқда, дер эдим. Унга одамларнинг ашрофлари эргашдими, заифларими, деб сўрадим. Сен, заифлари эргашадилар, дединг. Улар набийларнинг атбоъларидир. Ушбу гапни айтишидан олдин уни ёлғончиликда айблар эдингизми, деб сўрадим. Сен, йўқ, дединг. Бас, мен билдимки, албатта, у одамларга ёлғон гапирмай юриб, Аллоҳга ёлғон гапириши мумкин эмас. Унинг динига кирган бирор кимса аччиқ қилиб, диндан чиқадими, деб сўрадим. Сен, йўқ, дединг. Иймоннинг ҳаловати қалбларга кирганда шундоқ бўлади. Улар кўпаймоқдамилар, озаймоқдамилар, деб сўрадим. Сен, улар кўпаймоқдалар, дединг. Иймоннинг иши то батамом бўлгунча шундоқ бўлур. Мен, унга қарши жангингиз қандоқ бўлди, деб сўрадим. Сен, гоҳ ундоқ, гоҳ бундоқ. У бизни енгади. Биз уни енгамиз, дединг. Расуллар шундоқ синаладилар. Сўнгра оқибат уларники бўлади. Алдайдими, деб сўрадим. Сен, йўқ, дединг. Ана шундоқ. Набийлар алдамайдилар. Мен сендан, сиздан биров ундан олдин бу гапни айтганмиди, деб сўрадим. Сен, йўқ, дединг. Агар биров ундан олдин бу гапни айтган бўлганида, ўзидан олдин айтилган гапни айтмоқда, дер эдим»,  деди. Сўнгра у: «Сизларга нимани амр қилади?»  деб сўради. «Бизни намозга, ростгўйликка, иффатга ва силаи раҳмга амр қилади»,  дедим. «Агар сен айтган гап ҳақ бўлса, албатта, у Набийдир. Мен унинг чиқишини билар эдим. Унинг сизлардан эканлигини ўйламаган эдим. Агар мен унга холис бўлишимни билганимда, у билан учрашишга уринар эдим. Агар унинг ҳузурида бўлганимда, оёқларини ювар эдим. У менинг ушбу қадамим остини эгаллайди»,  деди. Кейин у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактубларини чиқарди. Уни ўқиди. Қарасам, унда: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳнинг бандаси ва Расули Муҳаммаддан, Румнинг улуғи Ҳерақлга. Ҳидоятга эргашганларга саломлар бўлсин. Аммо баъд: Мен сени Ислом чақириғига даъват қилурман. Мусулмон бўл, саломат бўласан. Аллоҳ сенинг ажрингни икки марта берур. Агар юз ўгириб кетсанг, ал-Ерисийиннинг гуноҳи сенга бўлур. «Эй, аҳли китоблар! Бизга ҳам, сизга ҳам баробар сўзга келинг. Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб, баъзимиз баъзимизни Робб қилиб олмайлик», дегин. Бас, агар юз ўгирсалар: «Гувоҳ бўлинглар, биз, албатта, мусулмонлармиз», деб айтинглар», дейилган экан. У мактубни ўқиб бўлиши билан ҳузурида овозлар кўтарилди. Шовқин-сурон кўпайди. Биз ҳақимизда амр бўлди. Биз чиқарилдик. Чиққанимиздан кейин мен ўз асҳобларимга: «Ибн Абу Кабшанинг иши каттайиб кетди-ку! Ундан бани Асфарнинг подшоси ҳам қўрқмоқда»,  дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишларига ва у Зотнинг зоҳир бўлишларига ишончим комил бўлди. Охири Аллоҳ менга Исломни киритди». Зуҳрий айтади: «Сўнгра Ҳеракл Румнинг улуғларини чақириб, бир уйга тўплади ва: «Эй Рум улуғлари! Сиз нажотни, рушди ҳидоятни ва мулкингиз собит бўлишини истайсизми?!»  деди. Улар қочиб ўзларини эшикка урдилар. Эшиклар қулфлоғлик эди. «Уларни олдимга қайтариб келинглар»,  деди ва: «Мен ҳалиги гапларни сизларнинг динингизга мустаҳкамлигингизни синаб кўриш учун айтган эдим. Батаҳқиқ, уни кўрдим»,  деди. Уларнинг барчаси унинг оёғига йиқилдилар ва ундан рози бўлдилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.  

2. Жубайр ибн Мутъам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Менинг исмларим бор: Мен Муҳаммадман. Мен Аҳмадман. Мен Моҳийман, Аллоҳ мен ила куфрни маҳв этур. Мен Ҳоширман, Аллоҳ менинг икки қадамим олдига одамларни ҳашр этур. Мен ундан кейин бирорта келмайдиган Оқибман». Батаҳқиқ, Аллоҳ у Зотни Раууф ва Роҳийм деб атаган. Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

3. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўзларини бир неча исмлар ила номлар эдилар: «Мен Муҳаммадман, Аҳмадман, Муқаффийман, Ҳоширман, Набийюттавбаман, Набийюрроҳмаман», дер эдилар». Муслим ривоят қилган. 4. Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Амр ибн Абаса Суламий айтди: «Жоҳилиятдаги пайтимда одамлар залолатда ва улар ҳеч нарсада эмас.  Улар бутларга ибодат қиладилар, деб юрардим. Бас, Маккада бир киши турли хабарлар бераётганини эшитдим. Унинг олдига бордим. Кўрсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар. Яшириниб юрибдилар. Қавми у кишига журъат қилган ҳолда. Пайт пойлаб туриб Маккада у Зотнинг олдиларига кирдим. Бас, мен у Зотга: «Сен нимасан?»  дедим. «Мен Набийман»,  дедилар. «Набий нима?»   дедим. «Мени Аллоҳ юборди»,  дедилар. «Сени нима ила юборди?»  дедим. «Мени силаи раҳм, бутларни синдириш, Аллоҳни ягона деб билиш, Унга бирор нарсани ширк келтирмаслик ила юборди»,  дедилар. Мен у Зотга: «Буларга сен билан ким бирга?»  дедим. «Ҳур ва қул»,  дедилар. Ўша кунда у Зотга иймон келтирганлардан Абу Бакр ва Билол бирга эди. «Мен сенга эргашаман!» – дедим. «Бу кунда сен унга қодир эмассан. Ҳолимни ва одамларнинг ҳолини кўрмаяпсанми?! Аммо аҳлинг ҳузурига қайт. Қачон менинг зоҳир бўлганимни эшитсанг, ҳузуримга кел»,  дедилар. Бас, аҳлим ҳузурига бордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келдилар. Мен эса аҳлим билан бирга эдим. Хабарларни кузатиб турдим. Ул Зот Мадинага келганларида одамлардан сўрар эдим. Токи Мадинадан аҳли Ясриб бир гуруҳ одамлар келганда: «Мадинага келган анави одам нима қилди?»  дедим. «Одамлар у томон шошилмоқда. Қавми уни ўлдирмоқчи бўлган эди. Лекин бунга қодир бўлмадилар»,  дейишди. Мадинага бордим. Ул Зотнинг олдиларига кирдим ва: «Ё Расулаллоҳ! Мени танидингизми?»  дедим. «Ҳа. Сен мен билан Маккада учрашгансан»,  дедилар. «Худди шундай! Ё Набийаллоҳ! Менга Аллоҳ сизга таълим берган, мен билмайдиган нарсадан хабар беринг. Менга намоздан хабар беринг»,  дедим. Ул Зот айтдилар: «Бомдод намозини ўқи. Кейин қуёш чиқиб кўтарилиб бўлгунича намоздан тийилиб тур. Бас, у чиқаётган пайтда шайтоннинг икки шохи орасидан чиқади. Ўша пайтда кофирлар унга сажда қиладилар. Сўнгра намоз ўқийвер. Чунки то соя найзага тенг бўлгунча намоз шоҳид бўлинган ва ҳозир бўлингандир. Сўнгра намоздан тийил. Чунки у пайтда жаҳаннам қиздирилади. Қачон соя қайта бошласа, бас, намоз ўқийвер. Чунки  намоз шоҳид бўлинган ва ҳозир бўлингандир. Бу то Асрни ўқигунингчадир. Сўнгра то қуёш ботгунча намоздан тийил. Чунки у шайтоннинг икки шохи орасида ботади ва ўша пайтда унга кофирлар сажда қилади». Бас, мен: «Ё Набийяллоҳ! Таҳорат-чи?! Менга ундан гапиринг»,  дедим. Бас, у Зот айтдилар: «Сиздан ким таҳоратига яқинлашса ва оғзини чайиб, бурнига сув олиб тозаласа, албатта, унинг юзидаги, оғзидаги ва бурнидаги хатолари тўкилади. Сўнгра юзини Аллоҳ амр қилганидек ювса, албатта, юзининг хатолари соқолларининг атрофидан сув билан бирга тўкилади. Сўнгра икки қўлини чиғаноғи билан ювса, албатта, икки қўлининг хатолари бармоқларининг учидан сув билан бирга тўкилади. Сўнгра бошига масҳ тортса, албатта, бошининг хатолари сочларининг атрофидан сув билан бирга тўкилади. Сўнгра икки оёғини тўпиқлари билан ювса, албатта, оёқларининг хатолари бармоқларининг учидан сув билан бирга тўкилади. Бас, агар у туриб намоз ўқиса, Аллоҳга У Зот лойиқ бўлган ҳамду санони айтса ва У Зотни улуғласа ва қалбини Аллоҳ учун холий қилса, албатта, у хатосидан худди онаси уни туққан кунидек ҳолга қайтади». Бас, Амр ибн Абаса бу ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаси Абу Умомага айтиб берди. Шунда Абу Умома унга: «Ё Амр ибн Абаса! Нимани айтаётганингга назар сол! Кишига бир мақомда шу нарса бериладими?!»  деди. Амр унга айтди: «Ё Абу Умома! Батаҳқиқ, ёшим улғайди. Суягим мўртлашди. Ажалим яқинлашди. Менинг Аллоҳга ва Расулуллоҳга ёлғон гапиришга ҳожатим йўқ. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир, икки, уч марта... деб (то еттигача санади) эшитмаганимда буни ҳеч ҳам айтмас эдим. Лекин мен уни ундан ҳам кўп эшитганман». Муслим ривоят қилган. 5. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи бошланган нарса уйқудаги ҳақ туш бўлди. Ул Зот қандоқ туш кўрсалар, албатта, худди тонг ёруғидек, аниқ ўнгидан келар эди. Сўнгра у Зотга холий қолиш маҳбуб бўлиб қолди. Ҳиро ғорида холий қолиб, аҳллари олдига тушишдан олдин бир неча кеча «таҳаннус» ибодати қилар эдилар. Яъни ўз аҳлига қайтишдан олдин бир неча кечани ибодат ила ўтказар эдилар. Бунинг учун зоди роҳила олволар эдилар. Сўнгра Хадижанинг олдига қайтиб, яна ўшанчага етарли зоди роҳила олар эдилар. Ул Зотга ҳаққ келгунича шундоқ бўлди. Ул Зот Ҳиро ғорида эканликларида фаришта келиб: «Ўқи!» – деди. «Мен ўқувчи эмасман»,  дедим. У мени тутиб, ўзига тортди. Ҳаттоки менга қийинлик етказди. Сўнгра мени қўйиб юборди ва: «Ўқи!»   деди. «Мен ўқувчи эмасман»,   дедим. У мени иккинчи марта тутиб, ўзига тортди. Сўнгра мени қўйиб юборди ва: «Ўқи!»   деди. «Мен ўқувчи эмасман»,   дедим. У мени учинчи марта тутиб, ўзига тортди. Сўнгра мени қўйиб юборди ва: «Ўқи! Яратган Роббинг номи билан. У инсонни алақдан яратди. Ўқи! Ва Роббинг энг карамлидир!»  деди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша(оят)лар ила қалблари титраб-қақшаб қайтди ва Хадижа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳонинг олдига кирди-да: «Мени ўраб қўйинглар! Мени ўраб қўйинглар!»  деди. Бас, у Зотдан қўрқинч кетгунча ўраб қўйдилар. Кейин у Зот Хадижага хабарни айта туриб: «Ўзимга бир нарса бўлмаса эди, деб қўрқдим»,   деди. Шунда Хадижа: «Ундоқ эмас! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни ҳеч қачон шарманда қилмайди. Албатта, сиз силаи раҳм қилурсиз. Заифга ёрдам берурсиз. Одамлар қилмаган яхшиликларни қиласиз. Меҳмонга зиёфат берасиз. Фалокатга учраганларга ёрдам берасиз»,  деди. Сўнгра у Зотни олиб Варақа ибн Навфал ибн Асад ибн Абдулуззо (Хадижанинг амакисининг ўғли)нинг олдига борди. У жоҳилият даврида насронийликка кирган одам эди. Иброний китоб ёзар эди. Инжилдан ибронийчасига Аллоҳ ёзишини хоҳлаганини ёзар эди. У кўзи ожиз бўлиб қолган қари чол эди. Бас, Хадижа: «Эй, амакимнинг ўғли! Биродарингизнинг ўғлини бир тингланг!»  деди. Варақа у Зотга: «Эй, биродаримнинг ўғли, нима кўрмоқдасан?»  деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари кўрган нарсанинг хабарини айтиб бердилар. Варақа у Зотга: «Бу, Аллоҳ Мусога нозил қилган «Номус»дир. Эҳ! Қани энди, сени қавминг ҳайдаб чиқарганда бақувват бўлсам эди! Қани энди, тирик бўлсам эди!»  деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мени улар ҳайдаб чиқарурларми?!»  дедилар. «Ҳа! Қайси бир киши сен келтирган нарсани келтирса, душманликка учрайдир. Сенинг ўша кунингга етсам, албатта, сенга қўлимдан келган ёрдамни берурман»,  деди. Кўп ўтмай Варақа вафот этди. Ваҳий узилиб қолди». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. 6. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш сўзловчи эмас ва фаҳшни қилувчи ҳам эмас эдилар. Ул Зот: «сизларнинг яхшиларингиз, ахлоқи яхшиларингиздир»,  дер эдилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. 7. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳшчи ҳам, лаънатчи ҳам, сўкувчи ҳам эмасдилар. Итоб қилсалар: «Унга нима бўлди?! Пешонасига тупроқ»,  дер эдилар». Бухорий ривоят қилган. 8. Абу Абдуллоҳ Жадалийдан ривоят қилинади: «Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари ҳақида сўрадим. Бас, у: «Ул Зот фаҳш сўзловчи ҳам, фаҳш қилувчи ҳам ва бозорларда шовқин солувчи ҳам эмасдилар. Ул Зот ёмонликни ёмонлик ила қайтармас, лекин афв қилур, кечирур эдилар»,  деди». Термизий ривоят қилган. 9. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан ҳеч нарсани: аёлни ҳам, ходимни ҳам урмаганлар. Илло, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилганларидагина урганлар. Ул Зотга бирор нарса етган бўлса, унинг соҳибидан интиқом олмаганлар. Илло, Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар поймол қилинсагина, Аллоҳ азза ва жалла учунгина интиқом олганлар. Ул Зотга икки иш таклиф қилинса ва улардан бири бошқасидан енгилроқ бўлса, агар гуноҳ бўлмаса, албатта, енгилини ихтиёр қилар эдилар. Агар гуноҳ бўлса, ундан энг узоқдаги одам бўлар эдилар». Аҳмад, Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. 10. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига киришга изн сўради. Бас, у Зот: «Унга изн беринглар. У ўз уруғининг қандай ҳам ёмон кишиси ёки уруғининг қандай ҳам ёмон ўғли»,  дедилар. У кирганда эса унга мулойим гап айтдилар. Оиша айтади: «Ё Расулаллоҳ, айтган гапингизни айтдингиз-у, кейин унга мулойим гапирдингиз?»  дедим. «Ҳой Оиша! Одамларнинг ёмони одамлар унинг фаҳшидан қўрқиб тарк қилганларидир»,  дедилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. 11. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ўликларни сўкманглар. Чунки улар ўзларини тақдим қилган нарсага қовушдилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. 12. Ато ибн Ясордан ривоят қилинади: «Мен Абдуллоҳ ибн Амрга йўлиқдим ва: «Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Тавротда келган сифатларининг хабарини бер»,  дедим. «Хўп! Аллоҳга қасамки, у Зот Тавротда ўзларининг Қуръондаги баъзи сифатлари ила васф қилингандирлар. «Ё Набий, албатта, Биз сени гувоҳ, хушхабар берувчи, огоҳлантирувчи ва уммийларга ҳимоя қўрғони қилиб юбордик. Сен бандам ва Расулимдирсан. Сени Мутаваккил деб номладим. Бадхулқ ҳам, қўпол ҳам, бозорларда шовқин солувчи ҳам эмассан. У ёмонликни ёмонлик ила қайтармас, лекин афв қилур, кечирур. Аллоҳ у ила қинғир миллатни «Лаа илааҳа иллаллоҳу» дейишлари, у ила кўр кўзларни, кар қулоқларни ва берк қалбларни очиши ила тўғриламагунча уни қабз қилмас». Бухорий ривоят қилган. 13. Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чачвондаги мастура қиздан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Қачон бир нарсани ёқтирмасалар, юзларидан билар эдик». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. 14. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг ичида юзи энг гўзали, хулқи энг гўзали, роса новча ҳам, пакана ҳам эмас эдилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. Бошқа ривоятда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрта бўйли, елкалари кенг, сочлари кўп – қулоқлари юмшоғига тушиб турадиган киши эдилар. Ул Зотни қизил рангли кийимда кўрдим. Ҳеч қачон у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан гўзалроқ ҳеч нарсани кўрмаганман». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. 15. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оқ-қизғиш рангли эдилар. Терлари луълуъдек эди. Тебраниб юрар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кафтларидан кўра юмшоқроқ нарсани – дебожни ҳам, ипакни ҳам ва бошқа нарсани ҳам ушлаган эмасман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидларидан кўра хушбўйроқ нарсани: анбарни ҳам, мискни ҳам ва бошқа нарсани ҳам ҳидлаган эмасман». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. 16. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам роса новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, ўта оппоқ ҳам эмас, ўта буғдой ранг ҳам эмас, (сочлари) ўта жингалак ҳам эмас, ўта юмшоқ ҳам эмас эдилар. Аллоҳ У зотни қирқ ёшларида юборди. Бас, Маккада ўн йил (турдилар). Мадийнада ўн йил. Бас, Аллоҳ у Зотни вафот қилдирганида соч ва соқолларида йигирмата ҳам оқ тола йўқ эди». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. Бошқа ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрта бўйли – новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, гўзал жисмли, сочлари  жингалак ҳам, юмшоқ ҳам эмас, буғдойранг эдилар. Қачон юрсалар, тебраниб юрар эдилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. 17. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, қўл-оёқлари йўғон, бошлари катта, аъзолари катта, кўкрак жунлари узун эдилар. Юрганларида салобат билан, худди баландликдан тушаётгандек бўлиб юрар эдилар. Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин ҳам, кейин ҳам у кишига ўхшашини кўрмадим». Бухорий ва Термизий ривоят қилишган. 18. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларининг олд қисми ва соқоллари мошгуруч эди. Мойлаган пайтларида билинмай қолар эди. Бошлари тўзиб турганда билинар эди. Ул Зотнинг соқоллари қалин эди». Бир киши: «Юзлари қилич мисоли эдими?»  деди. «Йўқ. Қуёш ва ой мисоли эди. Думалоқ эди. Кураклари олдида кабутарнинг тухумидек муҳрни кўрдим. Жисмларига ўхшарди»,  деди у». Муслим ривоят қилган. 19. Саъийд Жарийрийдан, Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганман»,  деди. Унга: «Ул Зотни кўрганингда қандоқ эдилар?» – дедим. «Хушрўй оқ, худди пастликка тушаётганга ўхшаб юрар эдилар»,  деди». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган. 20. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизлари кенг, кўзлари кенг ва товонларининг гўшти оз эди». Муслим ривоят қилган. 21. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари қулоқларининг ярмига тушиб турарди». Муслим ривоят қилган. 22. Абдуллоҳ ибн Шиххийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. Ул Зот намоз ўқиётган эканлар. Кўксиларидаги йиғидан худди қайнаётган қозоннинг овозига ўхшаш овоз чиқиб турар эди». Абу Довуд, Насаий, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган. 23. Умму Ҳонеъ розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага келдилар. У Зотнинг сочлари тўрт ўрим эди». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. 24. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапни сизларга ўхшаб шошилиб гапирмас эдилар. Лекин у Зот бўлиб-бўлиб гапирар эдилар. Олдиларида ўтирган одам ёдлаб олар эди». Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган. 25. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушунарли бўлиши учун сўзни уч марта такрорлар эдилар». Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган. 26. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам гапни шундоқ гапирар эдиларки, агар сановчи санаса, санаб улгурарди». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. 27. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ё Расулаллоҳ! Бизга ҳазил-мутойиба қиласиз?»  дейишди. «Албатта, мен фақат ҳақни айтаман»,  дедилар». Термизий ривоят қилган. 28. Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Жазъи розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра кўпроқ табассум қиладиган бирор кишини кўрмадим». Термизий ривоят қилган. Бошқа ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кулгилари фақат табассумдан иборат эди». Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган. 29. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлганимдан кейин мендан ҳеч ўзларини тўсмадилар ва қачон кўрсалар, табассум қилар эдилар». Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган. 30. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг хулқи гўзали эдилар. Менинг укам бор эди. Уни Абу Умайр дейиларди. Кўкракдан ажратилган эди, деб ҳисоблайман. Ул Зот қачон келсалар: «Эй, Абу Умайр, нима қилди нуғайр?!» – дердилар. Буни у ўйнаб юрган нағр қуши сабабли айтардилар. Гоҳида уйимизда турганларида намоз ўқимоқчи бўлардилар. Остиларига солинган нарсани супуриб, сув сепилар ва у Зот турсалар, биз ортларида турардик ва бизга намозга ўтар эдилар». Бухорий ривоят қилган. 31. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ё Расулаллоҳ, мени уловга миндиринг»,  деди. «Сени урғочи туянинг боласига миндирамиз»,  дедилар. «Урғочи туянинг боласини нима қиламан?»  деди у. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Туяларни урғочи туялар туғади-ку!»  дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. 32. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Эй, икки қулоғи бор!»  дедилар». Яъни мутойиба қилдилар. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. 33. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набийюллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ансория кампир келиб: «Ё Расулаллоҳ, Аллоҳга дуо қилинг, мени жаннатга киритсин»,  деди. «Кампирлар жаннатга кирмайдилар»,  дедилар. Набийюллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бориб намоз ўқидилар. Сўнг Оишанинг олдига қайтиб келдилар. Бас, Оиша: «У гапингиздан машаққат ва шиддат топди»,  деди. «Албатта, ўзи шундайдир. Албатта, Аллоҳ агар уларни жаннатга киритса, қиз ҳолларида киритади»,  дедилар». Табароний, Абушшайх ва Байҳақий ривоят қилишган. Бошқа ривоятда: «Набий  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир кампир келиб: «Ё Расулаллоҳ, Аллоҳга дуо қилинг, мени жаннатга киритсин»,  деди. «Ҳой, Умму Фулон! Кампирлар жаннатга кирмайдилар»,  дедилар. У йиғлаб қайтиб кетди. Шунда у Зот айтдилар: «Унга кампир ҳолида у ерга кирмаслигининг хабарини беринг. Албатта, Аллоҳ айтадирки: «Албатта, Биз уларни дафъатан, хос қилиб, яратдик. Бас, уларни бокиралар қилдик. Тенгдош маҳбубалар қилдик». Термизий «Шамоил»да келтирган. 34. Шарийд ибн Сувайд Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мингашиб кетаётган эдим. Бас, у Зот: «Умайя ибн Абу Солтнинг шеъридан бирор нарса биласанми?» – дедилар. «Ҳа»,  дедим. «Ҳийҳ!»  дедилар. Ул Зотга бир байт ўқиб бердим. «Ҳийҳ!  дедилар. Сўнг у Зотга яна бир байт ўқиб бердим. «Ҳийҳ!»  дедилар. Шундай қилиб у Зотга юз байт ўқиб бердим». Муслим ривоят қилган. 35. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «У кишидан «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шеърдан бирор мисол келтирармидилар?»  деб сўралди. «Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг шеъридан мисол келтирар эдилар. Мисол келтириб айтардилар: «Ва сен зодини бермаганнинг хабарини келтирур». Термизий ривоят қилган. 36. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мажлисларида юз марта бирга ўтирдим. Ул Зотнинг саҳобалари шеър айтишар, жоҳилиятнинг ишларидан ҳар нарсаларни эслашар эдилар. Ул Зот сукут сақлардилар. Гоҳида уларга қўшилиб табассум қилардилар». Термизий ривоят қилган. 37. Оиша розияллоҳу анҳоудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузуримга кирганларида, олдимда икки қизча Буос куни ҳақида қўшиқ айтаётган эди. Ул Зот тўшакка ёнбошлаб, юзларини ўгириб олдилар. Шунда Абу Бакр кириб менга ўқрайди ва: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида шайтоннинг нағмаси бўляптими?!»  деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб: «Тек қўй, уларни!»  дедилар. Пайтини пойлаб туриб, икковига кўз қисган эдим, чиқиб кетишди. Ийд куни эди. Қоралар қалқон ва найзаларни ўйнашар эди. Ёки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим. Ёки у Зот: «Томоша қилишни хоҳлайсанми?»  дедилар. Мен: «Ҳа»,  дедим. У киши мени орқаларига турғиздилар. Юзим у кишининг юзларига тегиб турарди. Ул Зот бўлсалар: «Эй, бани Арфидалар, давом этаверинглар»,  дердилар». Бу ҳол, то мен малол олгунимча давом этди. «Бўлдингми?»  дедилар. «Ҳа»,  дедим. «Кетавер»,  дедилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. Бошқа ривоятда: «Абу Бакр кирганида, олдимда ансорийларнинг қизларидан икки қизча Буос куни ансорлар айтган нарсани қўшиқ қилиб айтаётган эдилар. Икковлари қўшиқчи эмасдилар. Шунда Абу Бакр: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида шайтоннинг нағмаси бўляптими?!»  деди. Ўша куни ийд байрами эди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй, Абу Бакр, ҳар бир қавмнинг байрами бор. Бу бизнинг байрамимиздир»,  дедилар». Бухорий ривоят қилган. 38. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сафарларидан бирида чиққан эдим. Ҳали гўшт олмаган ва баданли бўлмаган ёш қиз эдим. Ул Зот одамларга: «Олдинга ўтинглар!»  дедилар. Улар олдинга ўтишди. Шунда менга: «Кел, мусобақалашамиз»,  дедилар. Мен мусобақалашиб у Зотдан ўзиб кетдим. Ул Зот сукут сақладилар. Мен унутдим. Бир муддатдан сўнг гўштим оғирлашиб, баданли бўлганимда сафарларидан бирида яна у Зот билан бирга чиқдим. Ул Зот одамларга: «Олдинга ўтинглар!»  дедилар. Улар олдинга ўтишди. Шунда менга: «Кел, мусобақалашамиз»,  дедилар. Мусобақалашиб у Зот мендан ўзиб кетдилар ва: «Ҳалиги билан биру бир»,  дедилар». Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган. 39. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ҳабашлар найзаларини ўйнатаётган эдилар. Бирдан Умар ибн Хаттоб кириб келди ва тош олиб уларга ота бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уларни тек қўй! Ё Умар!»  дедилар. 40. Амрадан ривоят қилинади: «Оиша розияллоҳу анҳога: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйда нима қилар эдилар?»  дейилди. «Башардан бир башар эдилар. Кийимларини созлар эдилар. Қўйларини соғар эдилар. Ўзларига хизмат қилар эдилар»,  деди». Аҳмад, Бухорий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган. 41. Асвад ибн Язийд Нахаъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Оиша розияллоҳу анҳодан: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйда нима қилар эдилар?»  деб сўрадим. «Аҳлларининг меҳнатида бўлар эдилар. Қачон намоз ҳозир бўлса, намозга чиқар эдилар»,  деди». Бухорий ривоят қилган. 42. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон салла ўрасалар, учини икки кураклари орасига тушириб олар эдилар». Термизий ривоят қилган. 43. Абу Бурда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Оиша розияллоҳу анҳо бизнинг олдимизга қалин изорни ва мулаббадани олиб чиқди ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу икки кийим ичида қабзи руҳ қилинганлар»,  деди». Муслим ривоят қилган. «Изор» тананинг киндикдан пастига тутиб олинадиган тикилмаган кийим. «Мулаббада» – турли парчаларни улаб қилинган кийим. 44. Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Румдан келтирилган енглари тор чопонни кийдилар». Термизий ва Насаий ривоят қилишган. 45. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Кисро, Қайсар ва Нажошийга мактуб ёзмоқчи бўлдилар. Бас, у Зотга: «Улар хатми(муҳри) бор мактубдан бошқани қабул қилмайдилар»,  дейилди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалқаси кумушдан бўлган хотим(узук) қилдирдилар. Кўзига «Муҳаммадун Расулуллоҳ»ни нақш қилдилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. 46. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узукларининг нақши уч сатр: «Муҳаммадун» – бир сатр, «Расулу» – бир сатр ва «Аллоҳи» – бир сатр эди». Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган. 47. Осим Аҳвалдан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадаҳларини Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуда кўрдим. Уни ёрилганда кумуш билан қадаб олган эди. У низор ёғочидан қилинган катта чиройли қадаҳ эди. Унинг темир ҳалқаси бор эди. Анас унинг ўрнига тилло ёки кумушдан ҳалқа қилишни ирода қилди. Шунда Абу Толҳа унга «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган нарсани ҳеч ўзгартирма»,  деди. Бас, у тарк қилди». Бухорий ривоят қилган. 48. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўшаклари ичига лийф солинган теридан эди». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. «Лийф» хурмо пўстлоғининг ички тарафидаги майин толалар. 49. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда кечаси ётсалар, ўнг биқинларига ёнбошлар эдилар. Агар тонгга яқин ётсалар, чиғаноқларини тираб, бошларини кафтларига қўяр эдилар». Муслим ривоят қилган. 50. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хушбўй нарсани қайтармас эдилар». Бухорий ривоят қилган. 51. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кавшларининг олд томонида иккита илгичи бор эди». Бухорий ривоят қилган. 52. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиличларининг сопи кумушдан эди». Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилишган. 53. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхшиси, одамларнинг  энг шижоатлиси эдилар. Бир кеча Мадина аҳли қўрқинчда қолди. Бас, улар овоз томон юрдилар. Уларнинг қаршиларидан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқдилар. Бўйинларида қилич бор эди. Абу Толҳанинг отини яйдоқлигича миниб олган эдилар. «Қўрқманглар! Қўрқманглар!» – дердилар. Кейин: «Биз уни (отни) денгиздек топдик ёки у денгиз экан»,  дедилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. 54. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийси эдилар. Ул Зотнинг энг сахий бўлганлари эса Рамазонда − Жиброил мулоқотларига келганда бўлар эди. Рамазонда ҳар кеча у Зотнинг мулоқотларига келар ва Қуръондан таълим берар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликка эсган шамолдан ҳам сахийроқ эдилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. 55. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан  икки тоғ ораси тўлган қўйларни сўради. Бас, унга ўшаларни бердилар. У ўз қавми ҳузурига бориб: «Эй қавмим, мусулмон бўлинглар! Аллоҳга қасамки, Муҳаммад кўп ато берар экан. Фақирликдан қўрқмас экан»,  деди». Анас: «Киши фақат дунё учун мусулмон бўлади. Мусулмон бўлганда дунё ва ундаги барча нарсалардан кўра Ислом унга маҳбуброқ бўлади»,  деди». Муслим ривоят қилган. 56. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса сўралганда ҳеч қачон «йўқ» демаганлар». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. 57. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор нарсани эртага сақламас эдилар». Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган. 58. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кун ёки кечаси ташқарига чиқиб Абу Бакр ва Умарга дуч келдилар. Бас, у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икковингизни бу соатда уйингиздан нима чиқарди?»  дедилар. Икковлари: «Очлик, ё Расулаллоҳ»,  дейишди. «Мени ҳам, жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, икковингизни чиқарган нарса чиқарди, туринглар!»  дедилар. Ул Зот билан бирга туриб ансорийлардан бирининг ҳузурига боришди. У киши уйида йўқ экан. Аёли у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриши билан: «Хуш келибсиз!»  деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлдан: «Фалончи қаерда?»  деб сўрадилар. «Сув олиб келгани кетди»  деди аёл. Тезда ансорий саҳоба ҳам етиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у Зотнинг икки саҳобаларига назари тушиши билан: «Алҳамдулиллаҳ! Бугун менчалик ҳурматли меҳмонлари бор ҳеч ким йўқ!»  деди. Бориб бир тизим хурмо келтириб: «Енглар»,  деди ва қўлига пичоқни олди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Зинҳор ва зинҳор соғин ҳайвонга тегма!»  дедилар. Ансорий саҳоба уларга бир қўй сўйди. Улар қўйдан ва ҳалиги хурмодан тановул қилишди, чанқоқбосди ичимликлардан ичишди. Тўйиб, сероб бўлганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр билан Умарга: «Менинг жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, қиёмат куни, албатта, ушбу неъматдан сўраласизлар. Сизни уйингиздан очлик чиқарди. Энди эса сизга ушбу неъмат етганидан кейин қайтасизлар»,  дедилар. Муслим ривоят қилган. 59. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ва аҳллари бир неча кеча қаторасига оч ётар эдилар. Кечки таом топа олмасдилар. Кўпинча уларнинг нонлари арпа нон бўларди». Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган. 60. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Ой ўтиб кетарди. Аммо биз Оли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  уйимизда олов ёқилмасди. Хурмо ва сув бўларди, холос». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. 61. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Оли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, то у Зот қабз қилингунларича, арпа нонга икки кун кетма-кет тўймадилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. 62. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ширинлик ва асални яхши кўрар эдилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. 63. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яхши кўрган ичимликлари ширин ва салқин эди». Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган. 64. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир тикувчи одам таом тайёрлаб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни даъват қилди. Мен ҳам у Зот билан бирга бордим. Бас, у арпа нон ва қуритилган гўштли, ошқовоқли шўрва қўйди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лаган атрофидаги ошқовоқни териб еяётганларини кўрдим. Ўша кундан буён ошқовоқни яхши кўраман». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. 65. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ушбу қадаҳимдан турли ичимликлар: асал, набийз, сув ва сут ила сероб қилдим». Муслим ривоят қилган. «Набийз» – хурмо ёки майизни сувга солиб ивитиб тайёрланадиган хуштаъм, маст қилмайдиган ичимлик. 66. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга мен ва Холид ибн Валид Маймунанинг олдига кирдик. У бизга бир идишда сут келтирди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичдилар. Мен ўнг тарафларида эдим. Холид чап тарафларида эди. Ул Зот менга: «Ичиш сеники. Агар истасанг, Холидни устин қўясан»,  дедилар. «Сизнинг қолдиғингизга ҳеч кимни устин қўймайман»,  дедим. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни Аллоҳ таом ила таомлантирса, «Аллоҳим, бизга уни баракали қилгин», десин. Кимни Аллоҳ азза ва жалла сероб қилса, «Аллоҳим, бизга уни баракали ва зиёда қилгин», десин»,  дедилар. Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сутдан бошқа таом ва шароб ўрнини босувчи нарса йўқ»,  дедилар». Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган. 67. Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таррани ҳўл хурмо билан тановул қилаётганлар
07:47 / 27.06.2020
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...