8 жумадис сони 1446
Амр ибн Туфайл

Туфайл Давс ўлкасида, шарафли ва сахий бир оилада вояга етди. Унда шеър ёзиш қобилияти бор эди. Шу боис шуҳрати ва истеъдоди қабилалар орасида кенг ёйилди. Укоз бозорида мамлакатнинг турли жойларидан келган араб шоирлари йиғилиб, халққа истеъдодини намойиш қилар, шунда Туфайл ўзига хос ўринга эга бўлар эди. Укоз бозори мавсумидан бошқа пайтларда ҳам у Маккага тез-тез бориб турарди. Бир сафар шаҳарга борганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломга даъват қилаётган эдилар. Қурайш аҳли Туфайлнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўришиб, мусулмон бўлиши ва истеъдоди билан Исломга хизмат қилишидан қўрқар эди... Шу сабабли бу учрашувнинг олдини олмоқчи бўлган мушриклар Туфайлни давраларига тортиб, уни машғул қилиш учун турли хил маишат, меҳмондорчиликларни ўйлаб топищди. Қурайшликлар Туфайлга бундай дейишди: «Муҳаммаднинг гаплари ота-болалар, ака-ука, эр-хотин ўртасига совуқчилик солиши мумкин. Биз сенинг ҳам, қавминнингг ҳам адашувидан қўрқамиз. У билан гаплаша кўрма, сўзларини асло тинглама!..» Воқеани Туфайлнинг ўзи бундай баён қилади: «Аллоҳга қасамки, у Зот билан учрашишимга роса қаршилик қилишди, охири кўришмасликка ва сўзларини эшитмасликка қарор қилдим. Каъба ёнига борганимда гапларини тингламаслик учун қулоқларимга пахта тиқиб олдим. Аммо Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини эшитишимни хоҳлади ва ниҳоятда гўзал нарсалардан хабардор бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга Исломни англатдилар, Қуръон ўқиб бердилар. Мен ҳаётимда бундан ҳам гўзалроқ сўзларни, одилликни эшитган эмасдим. Мусулмон бўлдим. У Зотнинг шоҳидликларида шаҳодат келтирдим ва: «Эй Расулуллоҳ, мен қавмимда ўз сўзига эга бўлган киши эдим. Қавмимнинг ёнига қайтаман. Уларни Исломга чақираман. Бунда менга ёрдам берадиган оят нозил қилишини сўраб, Аллоҳга илтижо қилинг», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам :«Аллоҳим, бу ҳақда бир оят нозил қилгин!» деб дуо қилдилар.

* * *

Аллоҳ таоло: «Сўзни тинглаб, энг гўзалига тобе бўлган ул кимсалар», мазмунли оятни нозил қилди. Туфайл ана шундай бахтга мушарраф бўлган саҳобалардан бири эди. У соф фитрат соҳиби бўлгани боис Аллоҳнинг элчиси дилига солган рушд ва хайр оятларидан баъзиларини эшитиши билан қалби очилиб, мусулмон бўлиб, дарҳол ўз қавмини ҳақ динга ва тўғри йўлга чақиришга жазм этди. Шу мақсадда юртига — Давс ўлкасига борган заҳоти қатъий ишонч билан отасига юзланди. Аллоҳни танитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тилга олиб, отасини Исломга чақирди. У Зотнинг буюклигини, поклигини, камтарлигини таъкидлади. Отаси ҳам мусулмонликни қабул қилди. Сўнг онасига юзланди, у ҳам муслима бўлди. Кейин аёлига сўз очди. Аёли ҳам муслима бўлди. Ислом нури хонадонини ёритганига ишонч ҳосил қилгач, кўчманчи халқи ва бутун Давс аҳлига юзланди. Аммо улар орасидан Абу Ҳурайрадан бошқа ҳеч ким мусулмонликни қабул қилмади. Қабиладошлари Туфайл ибн Амрни ўзларидан узоқлаштира бошлашди. У сабр-бардош билан ҳақ йулга даъват этди. Аммо натижа чиқмагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашиш мақсадида уловига миниб йўлга тущди. Маккага етиши биланоқ энг соғинган инсоннинг — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига кирди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга бундай деди: «Эй Аллоҳнинг Расули! Давсда зино ва жаҳолат менга қарши чиқиб, ғолиб бўлди. Аллоҳдан сўранг, Давс аҳлини ҳалок этсин». Расулуллоҳ муборак қўлларини дуога очиб: «Аллоҳим, Давс аҳлига ҳидоят бер, уларни мусулмон қил», дедилар. Сўзларига жавобан бундай яхши дуони эшитган Туфайл даҳшатга тущди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга юзландилар: «Қавмингнинг ёнига қайт. Уларни Исломга чақир ва хушмуомалада бўл». Туфайлнинг қалби руҳий бир осойишталик билан тўлди. Қаршисидаги марҳаматли инсон — Пайғамбаримиз алайҳиссалом унинг устози эдилар. Исломий, кўнгилга хотиржамлик бағишловчи маслаҳат олгани учун Аллоҳга ҳамд айтди. Қавмига бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрганларидек, хушмуомалалик ва сабр-тоқат билан Исломга даъват қила бошлади. Шу орада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилдилар, Бадр, Уҳуд, Ҳандақ жанглари бўлиб ўтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳайбарда турганларида, Аллоҳ мусулмонларга зафар насиб этганида, Давсдан саксон оиладан иборат гуруҳ Пайғамбаримизнинг ҳузурларига келди. Улар Исломни қабул қилишди. Буни курган Туфайл ибн Амр Аллоҳдан Давс аҳлини ҳалок қилишини сўраб, Расулуллоҳнинг ёнларига келганини эслади. Пайғамбаримиз эса: «Аллоҳим, Давс аҳлига ҳидоят бер», деб дуо қилган эдилар. Аллоҳ таоло Давсни ҳидоятга етказди. Улар мусулмон бўлищди. Саксон оила қавмнинг кўпчилиги эди, албатта. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашищди. * * * Туфайл жамоаси билан бирга хизматини давом эттирарди. Макка фатҳ этилган куни ўн бир мусулмон ғолибликдан кибрланмай, аксинча, зафарга етказгани учун Аллоҳга шукрлар айтиб боришарди. Туфайл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Каъбадаги бутларни синдириб, узоқ муддат ҳукм сурган залолатдан тозалаётганларини кўрди. Улар орасида Амр ибн Хумаймага тегишли бут борлигини эслади. Илгари бу ерга зиёратга келганида иккаласи бирга шу бутга сиғинишар, жонсиз бу жисмга ёлборишар эди. Эндиликда Туфайлда ўша кунлардаги гуноҳларини ювиш учун имконият туғилган эди. Расулуллоҳ   соллаллоҳу алайҳи васалламдан Амр ибн Хумайманинг бутини ёқиш учун рухсат сўради. Ўша бут Залкаффайн деб аталарди. Пайғамбар унга рухсат бердилар. Туфайл бутни ёқиб юборди. Олов сусайганида кучайтириб: «Эй Залкаффайн, сенга сиғинувчилардан эмасман, Бизнинг таваллудимиз сеникидан қадимийроқ, Олов билан ичингни тўлдирдим», деган мазмунда байт айтарди. Туфайл Пайғамбар алайҳиссалом атрофларида шу тарзда ҳаёт кечирди. У Зотнинг орқаларида туриб намоз ўқирди, илм ўрганарди, ғазотларда иштирок этарди. Туфайл Расулуллоҳ вафотларидан сўнг масъулияти тугамаганини, аксинча, мусулмон сифатида вазифалари ортганини англади. Бу даврда Ридда жанги бўлаётган эди. У улуғ бир орзу билан шиддатли ва аёвсиз жангларда иштирок этди. Ўғли Амр ибн Туфайл у билан доимо бирга эди. Амр ибн Туфайл Шомдаги Ёрмук жангида ҳалок булди.

Гулсара СОАТХОНОВА таржимаси

02:50 / 27.06.2020
Аввалги мақола
Ҳудайр
Кейинги мақола
Сахобалар
Ҳазрати Умарнинг Исломга келишлари
Жоҳилий жамият руҳида ўсган ҳазрати Умар Ислом янги пайдо бўлганида унга қаттиқ қаршилик кўрсатганлардан бири бўлганлар. Лекин у кишидаги соф табиат бир кун келиб ўзини кўрсатиши турган гап эди. Бунин...
15:58 / 23.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Адолатли сиёсат даҳоси
(Саид ибн Омир розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолат уммонларидан файз олиб ўсган ва ўша тенги йўқ зотнинг ҳидоят нурларидан насибаланиб, инсониятга йўл кўрсатган юлду...
14:29 / 22.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Фаришталар ювинтирган саҳоба
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида, ҳижрий 3-санада жарчи ҳаммани Уҳуд ғазотига чорлай бошлади. Ҳанзала розияллоҳу анҳу бу нидони эшитиб, дарҳол қурол-аслаҳаларини олиб, урушга тайё...
17:02 / 31.07.2023 Батафсил...
Сахобалар
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу — бу киши воизлик билан танилган. Ҳусайн воиз Кошифийга ўхшаб. Ҳаким-ўта ҳикматга бой бўлганлар. Ўткир жуда ҳам чуқур гапларни гапирганлар. Аллоҳ т...
16:00 / 27.07.2023 Батафсил...