Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ Убайда ибн Амрга: «Бизда Анас розияллоҳу анҳудан етиб келган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг муборак соч толалари бор», деди. Убайда: «У Зотнинг бир дона муборак соч толалари мен учун дунё ва ундаги барча бойликлардан афзал », деди.
Ҳа, юқоридаги сатрларни ўқиш биланоқ ўзингизга: «Мен учун ҳам у Зотнинг бир дона соч толалари дунё ва ундаги барча бойликлардан устун», дейишингиз мумкин. Лекин биз ҳозир сизга инсоф билан жавоб беришингизни илтимос қилган ҳолда қуйидаги саволлар билан юзланмоқчийдик: Умрингиз давомида «Буни Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам қилиб юрганлар», деб бирор суннат амални доимий тарк қилмаган ҳолда қилиб юрибсизми? Турмуш тарзингизда учраб турадиган муаммоларни қайси бирини Пайғамбаримиз айтган кўрсатма асосида ҳал қилдингиз? Ҳафтангизни ёки ойингизни ёки йилингизнинг қайси кунларини, ҳеч бўлмаганда бир кунини «Бугун ўзимга суннатга амал қилиш шиорини лозим тутиб, қўлимдан келган барча суннатларни қилишга ҳаракат қиламан», деб ўтказдингиз? Пайғамбаримизни яхши таниш ва у кишига муҳаббат қўйиш учун қайси сийрат китобларини ўқиб чиқдингиз? Ҳар куни Пайғамбаримизга ҳеч бўлмаганда энг камида 100та саловот айтяпсизми? Корхонада ёки иш жойингизда ёки кўча-кўйда инсонлар билан муомала қилаётганингизда суннатга амал қилиб муомала қиляпсизми? Пайғамбаримиз: «Кимки мана бу ишни қилса, жаннатда мен билан бирга бўлади» , деган маънодаги ҳадисларнинг ҳеч бўлмаганда биттасига амал қилишга уриндингизми? Бу борадаги саволларни келтирадиган бўлсак, улар жуда ҳам кўп. Биз мана шу ерда бу услубда савол беришни тўхтатиб, бошқа услубдаги иккинчи саволга ўтамиз: Сиз қилаётган орзу жуда яхши, лекин шу орзуга эришиш йўлида қилинадиган бирорта амал сизда борми? Энди сўздан амалга ўтиш вақти етиб келмадими? Орзу қилиш билан чекланиб, ўзимизни алдаб юришни тўхтатиш вақти келмадими? Пайғамбаримизга чин уммат бўлишга ҳаракат қилиш вақти етиб келмадими? Аллоҳ барчамизни Расулуллоҳ билан бирга бўлишга сабаб бўладиган амалларга муваффақ айласин.
Абу Абдуллоҳ Бухорий