Илм, фан ва маданият бўйича исломий ташкилот ИСЕСКО Араб адиблари ва ёзувчилари Бош уюшмаси мукофоти Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Ойша розияллоҳу анҳо шаънига зид қасида муаллифи ироқлик шоир Саъдий Юсуфга берилишини қаттиқ қоралади.
Ташкилот шу бўйича берган баёнотида уюшма қарорининг хатолиги, шу каби тубан ва разил, адабиёт оламига ҳеч алоқаси йўқ ишларга тарғиб эканини билдирди. ИСЕСКО мисрлик ёзувчи Муҳаммад Салмовий бошқараётган уюшмадан ушбу мукофотни бекор қилишни талаб қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг тоҳира аёлларига нисбатан одоб, бутун дунёдаги миллионлаб мусулмонлар ҳис-туйғуларига эҳтиром шуни талаб қилади, дейилади баёнотда. Шунингдек, ИСЕСКО Азҳари шариф, Ислом оламидаги диний ва маданий ташкилотларни ушбу мукофотни инкор этиш ва бекор қилишни талаб қилишга чақирди.