Араблар одатига кўра Абдулмутталиб авлодларининг энг севимлиси бўлган етим набираси учун водийда яшайдиган кўчманчилар орасидан сут эмизувчи она истади. Бу саодат Бани Саъд қабиласидан Ҳалима онамизга насиб этди. Ўша йил қурғоқчилик йили эди. Ҳалима онамиз мамлакатидан чиқиб, Маккага борди ва у ерда бирон нарса эвазига эмизиладиган бола истади. Бани Саъд қабиласи жуда ҳам қийин аҳволда эди. Маккага келган барча сут эмизувчиларга Расулуллоҳ кўрсатилган эди, бирортаси ҳам қабул қилмади. Чунки боланинг отасидан бирон нарса умид қилиш уларнинг одати эди. «Бу бола етим бўлса, бобоси билан онаси бизга нима ҳам яхшилик қиларди?», дея ўйладилар. Ҳалима онамиз ҳам ана шундай гумон қилиб, аввалида Расулуллоҳни қабул қилмади. Сўнг қалби унга исиди! Аллоҳ унинг севгисини Ҳалиманинг қалбига солди. Олиб кетиш учун ундан бошқа бола топа олмаган эди. Уни олиб карвонлари тўхтаган қароргоҳдаги юкларининг ёнига келтирди. Баракот унга ҳамроҳ бўлди. Юкида бўлган ҳар бир нарса бошқача ҳолатга келган эди. Кўкракларида ҳам баракотни ҳис қилди, сутларида ҳам... Ҳалима онамиз қари туясида ва юролмайдиган уловида ҳам баракот ва ҳаракатни сезди... Барча шериклари «Эй Ҳалима! Муборак бир бола олдинг»,− дейишарди. Хотинлар ундаги бу ҳолатга ҳасад билан қарар эдилар. Ҳалима уйига етгунча Аллоҳнинг хайр ва баракотига янада кўпроқ эриша бошлади. Бу ҳолат Расулуллоҳнинг Бани Саъд қабиласида икки йил турган даврларида давом этди. Икки йил томом бўлгач, Ҳалима уни сутдан чиқарди. Бу бола бошқа болаларга ўхшамаган бир ҳолатда ўсди. Ҳазрати Муҳаммадни онасига олиб келиб, унинг яна бир муддат ўзи билан туришлигига изн сўради. Ҳазрати Омина онамиз ҳам унга рухсат бердилар. Ҳазрати Муҳаммад Бани Саъд қабиласида бўлган вақтларида икки фаришта келиб, у Зотнинг кўкракларини ёриб, қора бир қон томирини олиб, сўнгра қалбини ювиб тозаладилар, такрор ўрнига жойлаштирдилар. Ҳазрати пайғамбаримиз сут қардошлари билан бирга қўй боқардилар. Содда бир тарзда катта бўлдилар. Тоза чўл ҳавосида яшадилар. Тўғри ва фасиҳ арабчани ўргандилар. У вақтларда Бани Саъд қабиласи фасиҳ арабча гапиришликлари билан машҳур эдилар. Ҳазрати Муҳаммад жуда ҳам севимли бола бўлганлигидан сут қардошлари уни яхши кўришарди. Сўнг бобоси ва онасининг олдига қайтдилар.