Ҳазрати Муҳаммад Аллоҳнинг ёрдами билан жоҳилият даврининг ифлос урф-одатларидан узоқ бўлиб яшади. Мурувват жиҳатидан қавмининг энг устуни, ахлоқда энг гўзали, ҳаёда ҳаёлиси, тўғри сўзликда энг ростгўйи, ишончлиликда энг амини эдилар. Фоҳиш сўзлардан, дилозорликлардан энг узоқ турган ҳам ул Зот эдилар... Садоқатга, ростгўйликка хилоф сўзлар муборак оғизларидан ҳеч чиқмаганлиги учун ҳам у кишига «АМИН»лақабини берган эдилар. Қариндош-уруғлардан хабар олишликка аҳамият берар эдилар. Юки борнинг юкини ташишликка ёрдам берар, мусофирга меҳмондўстлик қилар, яхшилик ва тақво йўлида барчага ёрдамчи бўлар эдилар. Меҳнатлари билан топган нарсадан ердилар. Оз ва ўзига етарли нарсага қаноат қилар, бойлик ортидан қувмас эдилар. Ўн тўрт ёки ўн беш ёшларида эканлар, Қурайш қабиласи билан Қайс қабиласи орасида фужжор урушида иштирок этдилар. Урушда душманлар отган ўқларни териб амакиларига элтиб берардилар ва бу урушда уруш санъатини ўргандилар.