Расулуллоҳ Аллоҳнинг ўзига амр этгани Ислом чақириғини очиқча эълон қилиб, ҳақни айта бошлаган вақтларида қавми у кишидан узоқлашмади ва қаршилик ҳам қилмади. Лекин бутлар тўғрисида гапириб, танқид қила бошлаган вақтдан эътиборан, уни ўзлари учун буюк таҳлика санашиб, ул Зотнинг қаршисига бирлашдилар ва ул кишига душманлик қила бошладилар. Бу сафар ҳазрати Пайғамбарнинг амакилари Абу Толиб ул Зотни ҳимоя қилиб, у кишига бўладиган ҳужумларни қайтаришлик учун қаттиқ туриб ҳаракат қилди. Ҳазрати Пайғамбар чақириғини такрорлар, ҳақни айтишликдан қайтмас эдилар. Ҳеч қандай нарса бунга монеъ бўла олмасди. Абу Толиб ҳам ул Зотни ҳимоя қиларди. Бу ҳолатнинг чўзилганини кўрган Қурайшнинг ашрофларидан баъзилари Абу Толибга келиб, унга шундай дедилар: —Эй Абу Толиб! Жиянинг бизнинг тангриларимизни ҳақарот қилмоқда ва динимизни камситмоқда. Бизни ақлсиз, оталаримизнинг эса залолатда бўлганликларини сўзламоқда. Ё уни бу сўзларни айтишликдан қайтар, ё эса ўртамизни тўсма, бизни у билан яккама-якка қўй! Чунки сен ҳам бизнинг динимиздасан... Абу Толиб уларга яхши муомала қилди. Уларга чиройли жавоблар қайтарди. Улар қайтиб кетдилар!...