Расулуллоҳ соллалло=у алай=и васалламнинг амакизодаси, Абу Толибнинг ўғли Жаъфар розияллоҳу анҳу ўринларидан туриб шундай деди: Эй подшоҳ: Биз жаҳолат ичида қолган бир қавм эдик. Бутларга топинар, ҳаром гўштни еб, зино қилар, силайи раҳмни билмас ва қўшниларимизга ёмонлик қилар эдик... Қувватлиларимиз заифларимизни эзар эди. Биз шундай ҳолатда эканмиз, Аллоҳ таоло бизнинг ичимиздан бир Пайғамбар юборди. Унинг насл-насабини, тўғрилигини, амин ва иффатли киши эканлигини биламиз. Бу Пайғамбар бизни Аллоҳга чақирдики, Уни бир деб билайлик, ёлғиз Унга қуллик этайлик, оталаримиз топинган тошларга ва бутларга топинмай тарк этайлик, деди. Бизни тўғри гапиришликка, омонатга хиёнат қилмасликка, силайи раҳм қилишликка, қўшнилар билан ҳусни муомалада бўлишликка амр этди. Ҳаром ейишликдан, қон тўкишликдан қайтарди. Сўкиш, ёлғон сўзлаш, етимнинг молини ейишлик, номусли хотинларга бўҳтон қилишни бизга манъ этди. Ёлғиз Аллоҳга ибодат этишга, Унга ширк келтирмасликка, намоз ўқишга, закот беришга ва рўза тутишга буюрди. Шундай қилиб, Жаъфар ибн Толиб Исломнинг амрларини Нажошийга бирма-бир санагандан сўнгра сўзларини шундай давом қилди: Биз уни тўғри, деб топдик, унга иймон келтирдик. Аллоҳдан келтирганларига тобе бўлдик. Ёлғиз Аллоҳга қуллик этишга, Унга шерик қўшмасликка бошладик; бизга ҳаром қилганларини ҳаром билдик, ҳалол қилганларини ҳалол, деб қабул қилдик. Бу ҳолатни кўрган қавмимиз бизга қарши чиқди. Қавмимиз бизларга азоб бера бошлади. Бизни динимиздан воз кечиришга, Аллоҳга қулликдан, бутларга қуллик қилишга қайтишликка чақирдилар. Авваллари ҳалол деб қабул қилинган ифлосликларни, янгидан ҳалол дейишимизни истадилар. Бу зулмлар ҳали ҳам давом этаётганидан, бизни босқи остига олганликларидан ва динимизни тадбиқ этишимизга монеъ бўлганлари сабабидан ўлкангизга келиб илтижо этдик. Сизни бошқалардан афзал кўриб, қўшнилигингизга толиб бўлдик. Эй подшоҳ! Сизнинг ҳузурингизда зулм бўлмаслигини умид қиламиз! Нажоший бу сўзларни тинглагач, шундай деди: —Пайғамбарингиз Аллоҳнинг ҳузуридан келтирган ваҳийдан бирон нарса ёдингизда борми? —Албатта, бор! —У ҳолда менга уларни ўқиб беринг! Жаъфар розияллоҳу анҳу «Марям» сурасининг бош қисмини тиловот қилди. Буни тинглаган Нажоший ўкириб-ўкириб йиғлади. Кўз ёшлари сақолини ҳўл қилганди. Ёнидаги дин одамлари ҳам йиғлашарди...