Робиъул-аввал ойининг 2-куни
Ҳижрий 897-йил 2-робиъул-аввал куни (милодий 1492-йил 2-январ) мусулмонларнинг охирги қалъаси бўлган Гранада (Ғарната) насронийлар қўлида яксон қилинди.Ҳижрий 1367-йил 2- робиъул-аввал куни (милодий 1948-йил 18-январ) Муҳаммад Маъмун Шановий Азҳар университети шайхи деб сайланди. У киши Азҳар университети шайхлари силсиласининг 32-вакили ҳисобланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубода тўрт кун қолдилар ва у ерда масжид қурдилар. Қубодан Мадина томон юрганларида халқ йўлларда ГУРУҲ-ГУРУҲ ҳолида ул Зотни кутиб олдилар. Ҳар бири ул Зотни ўз уйида меҳмон қилишни орзу қиларди, туяларининг юганларига осилишарди. Ҳазрати Пайғамбар туясининг йўлини тўсмасликларини ва туяси қайси ерга чўкса, ўша ердаги уйга меҳмон бўлишликларини билдирдилар. Бу сўзларни бир неча бор такрорладилар. Туя Бани Нажжорга оид бўлган ерга боргунга қадар йўлида давом этди ва масжиди Набавийнинг бугунги дарвозасининг ўрнига чўкди! У ер ўша вақтда Бани Нажжордан икки етим боланинг хурмо ёядиган хирмон ери эди. Бани Нажжор- ликлар Пайғамбарга оналари томонидан тоғалари бўлар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туяларидан тушдилар. Ҳазражнинг Нажжор уруғидан бўлган Абу Ҳолид ибн Зайд Расулуллоҳнинг юкларини туяларининг устидан тушириб уйига олиб келди. Расулуллоҳ унинг уйида меҳмон бўлдилар. Унинг икром ва иззатини кўрдилар. Уйнинг биринчи қаватида истиҳомат қилар эдилар. Аммо Абу Айюбнинг ўзи юқори қаватда ўтирар экан, Расулуллоҳнинг пастки қаватда меҳмон қилишликка кўнгли тўлмади. Лекин Расулуллоҳнинг ўзлари унга шундай деган эдилар: —«Эй Абу Айюб! Бизга ва бизнинг зиёратимиз учун келганларга биринчи қаватда ўтиришлигимиз янада яхшироқ (муносиброқ) ва янада роҳатлидир!»