2 жумадис сони 1446
Севги ва фидокорлик намуналари

Абу Убайда ибн Жарроҳ Расулуллоҳнинг юзларига кириб кетган халқадан бирини тиши билан чиқариб олар экан, олд тишларидан бири синди. Иккинчи ҳалқани чиқарар экан, иккинчи тиши синди. Расулуллоҳнинг ярали юзларига кирган дубўлға парчаларини чиқарар экан, яна икки тишидан ажради. Абу Дужона Расулуллоҳга зарар етмасин деб, ўзини Пайғамбарга мўлжаллаб отилган ўқларга тутар экан, келаётган ўқлар унинг танасига санчиларди. Танаси ўқ яраларидан тўлиб кетган эди. Саъд ибн Абу Ваққос Расулуллоҳга душманларни яқинлаштирмаслик учун тинимсиз ўқ отар эди, Расулуллоҳ унга ўқни тўплаб берар эканлар: «От, ё Саъд! Отам ва онам сенга фидо бўлсин!»− дер эдилар. Қатода ибн Нуъмоннинг кўзига бир ўқ теккан эди, кўзи ёноғига оқиб тушганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оққан кўзини муборак қўллари билан ўрнига қўйганларида, кўзи яна ҳам чиройли бўлиб, яна ҳам яхши кўрадиган бўлди. Мушриклар Расулуллоҳни ўлдириш мақсади билан тинимсиз у  Зотга яқинлашишга ҳаракат қилар экан, ўнта саҳоба бунга монеъ бўлишлик учун қўлларидан келган ҳаракатни қилишар эди. Ҳаммалари шаҳид бўлдилар. Талҳа ибн Убайдуллоҳ ўрнакли бир мужодала қиларди. Расулуллоҳга келаётган ўқларга қўлларини тутиб турар экан, ўқлар тегиб муборак қўллари мажруҳ бўлди. Расулуллоҳ у ердаги бир қояга чиқишликни истаганларида, етган жароҳатлар сабабидан бунга қодир бўла олмадилар. Шунда Талҳанинг елкаларига муборак оёқларини қўйиб, сўнг чиқишга муваффақ бўлдилар. Намоз вақти бўлганда намозни ўтирган ҳолатда ўқидилар. Мусулмонлар қочишган вақтда Расулулоҳнинг хизматида бўлган Анас ибн Моликнинг амакиси Анас ибн Назир қочмади. Саъд ибн Муоз у билан учрашганда сўради: —Эй Абу Амр! Қаёққа? — Ажойиб ҳушбўй бўлган жаннат ҳидларига! Эй Саъд жаннатнинг ҳидларини Уҳуд тоғининг этакларидан топаман! Анас ибн Назир, муҳожир ва ансорлардан баъзи кишиларнинг олдига борди. Ҳаяжонда эдилар. Анас нима учун бундай ҳолатда эканликларини сўраганда, « Аллоҳнинг Расули ўлдирилди!»− дедилар. Анас: «У ҳолда Расулуллоҳдан кейин яшаб нима қиласиз? Ўрнингиздан туринг, Пайғамбар курашиб ўлган даъво учун сиз ҳам ўлинг!»− деди. Сўнгра мушрикларга ҳужум қилиб, шаҳид бўлгунча жанг қилди. Жияни Анас ибн Молик шундай дейди: —Унинг баданида у кун етмишта ўқ изини топдик. Шу даражада эдики, биз уни таний олмаган эдик, сингиллари уни бормоғидаги белгиси ёрдамида зўрға таниган эди... Зиёд ибн Сукун билан ёнида ансорлардан беш киши Расулуллоҳни мудофаа қилишиб, бирин-кетин шаҳид бўлдилар. Зиёд жанг қилиб оғир яродор бўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни менга яқин олиб келинглар»− дедилар. Уни яқин олиб келдилар. Расулуллоҳ муборак оёқларини унга ёстиқ қилдилар, унинг ёноғини оёқларининг устиларига қўйдилар. Зиёд ёноғи Расулуллоҳнинг оёқлари устида экан, руҳини Аллоҳга таслим қилди. Амр ибн Жамуҳ чўлоқ эди, чўлоқлиги аниқ кўриниб турар эди. Тўртта ўғли бор эди. Ўғиллари Расулуллоҳ билан ғазотга кетишаётган эди. Уҳуд куни Амр ҳам жангга иштирок қилишни истади. Ўғиллари шундай дедилар: —Аллоҳ сизга жанг қилиш учун рухсат бермаган. Сиз уйда ўтириб, ўрнингизга биз борсак, бўлмайдими? Зеро Аллоҳ таоло жиҳоднинг фарзлигини зиммангиздан туширган бўлса. Амр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб шундай деди: —Фарзандларим сиз билан баробар жангда иштирок этишимга рухсат бермаяптилар. Қасам ичиб айтаманки, мен ҳам шаҳид бўлишликни орзу қиламан. Шу чўлоқ оёқларим билан жаннатда кезишликни истайман! —Эй Амр! Аллоҳ сендан жиҳод фарзини соқит қилган. Сўнгра болаларига юзланиб шундай дедилар: —Жангга қатнашишлигига монеълик қилиб, бир маъсулиятни зиммангизга олмангиз. Балки Аллоҳ таоло унга шаҳидликни насиб айлар! Амр Расулуллоҳ билан бирга жангда қатнашди ва Уҳуд куни шаҳид бўлди. Зайд ибн Собит шундай дейди: —Уҳуд куни Пайғамбаримиз мени Саъд ибн Робеъни излашликка буюрдилар ва менга «Агар уни кўрсанг, саломимни етказ ва ўзини қандай ҳис қилаётганини сўраганимни айт»− дедилар. Уни ўликлар орасидан топдим. Сўнги нафасларини олар экан, ёнига бордим. Бадани найза , қилич ва ўқ яралари билан тўла эди. Дедимки: «Эй Саъд! Расулуллоҳнинг саломлари бор. Ўзингни қандай ҳис қиляпсан, деб сўраяпдилар». Саъд: «АллоҳнингРасулига ҳам саломлар бўлсин! Расулуллоҳга айт, мен жаннат ҳидларини туймоқдаман. Ансорларга ҳам айт, кўзлари очиқ экан, Расулуллоҳга бир ёмонлик етса, Аллоҳ ҳузурларида узрлари қабул қилинмайди!» Буларни сўзлаб-сўзламай руҳини таслим қилди. Уҳуд куни Абдуллоҳ ибн Саҳж шундай дуо қилган эдилар: —Эй Аллоҳим! Сенга қасамлар бўлсинки, эртага душман билан юзма-юз келаман, урушаман. Мени шаҳид қилсинлар. Сўнгра қорнимни тешсинлар, бурним ва қулоқларимни кессинлар. Сўнгра Сен менга «Нима учун бундай қорнинг тешик, бурнинг ва қулоғинг кесик?»− деб сўра, Мен эса кўксимни кера-кера Сенга: «Эй Роббим! Сенинг йўлингда ва Сенинг учун»−дейин!»

08:08 / 27.06.2020
Аввалги мақола
Кейинги мақола
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...