Онаси ўғлини Ҳалимадан қайтариб олгач, Адий ибн Нажжор авлодига мансуб эрининг тоғаларини йўқлаб Мадинага йўл олди. Зиёратдан қайтиб келаётганда Макка билан Мадина оралиғидаги Абво деган кентда тўсатдан вафот этди. Расулуллоҳни бувалари Абдулмутталиб ўз тарбиясига олди, Умму Айман парвариш қилди. Абдулмутталиб неварасини ҳаддан ташқари яхши кўрар, унинг истиқболига, келажакда улуғ одам бўлишига умид боғлагани учун ер-кўкка ишонмас эди. Пайғамбар алайҳиссалом саккиз ёшга кирганларида бувалари оламдан ўтди. Етим болани амакилари Абу Толиб ўз қарамоғига олди ва чинакам оталик меҳри билан суюб, ҳомийлик қилди. У қўл учида кун кечирадиган камбағал одам эди. Шундан кейин Аллоҳ у кишининг арзимас мол-дунёсига барака берди. Амакиларининг қарамоғида юрган пайтларида пайғамбар алайҳиссалом сабр-қаноати, одатда, ёш болалар берилиб ўйнайдиган маъносиз ўйинларга рағбати йўқлиги билан алоҳида ажралиб турардилар. Энагалари Умму Айманнинг ривоят қилишича, овқат маҳали бошқа болалар талашиб-тортишиб ейишса ҳам, Расулуллоҳ одоб сақлар, теккан улушига қаноат қилар эканлар.