Маккада Хадижа исмли аслзода, ақлли, ахлоқли, фазилатли ва бой-бадавлат аёл бор эди. У эри Абу Ҳола вафот этиб бева қолганидан кейин тижорат учун бошқа эркакларни ишга ёллар эди. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Хадижа бинти Хувайлид билан келишиб, унинг тижорати бўйича Шомга бориб савдо қилиб келдилар. Ўша тижорий сафарларда Хадижанинг хизматкори Майсара ҳам у Зотга ҳамроҳлик қилди. Бир-икки сафардан кейин ўткир ақл эгаси Хадижа Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам оддий одам эмаслигини сезиб қолди. У кишидаги тўғрилик, садоқат, ҳалоллик, хайр-барака ва бошқа хислатлар Хадижани ўзига ром этди. Бунинг устига хизматчи Майсара сафар давомида Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўрган ақл бовар қилмайдиган ҳолатларни айтиб берди. Макканинг кўплаб аъёнларининг совчиларини қайтарган Хадижа Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқишни ният қилди. У киши ўзининг бу ҳақдаги ниятларини дугоналари орқали Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга етказди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Ҳамза совчи бўлдилар. Икки томон розилигидан сўнг Абу Толиб никоҳ хутбасини ўқиди. Ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлари йигирма бешда, Хадижа онамизники эса қирқда эди.