Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен қачон Умарнинг «мен буни шундоқ деб ўйлайман» деганини эшитсам, албатта, ўша нарса унинг айтганидек бўлмай қолмасди. Умар ўтирган эди. Олдидан хушсурат бир киши ўтиб қолди. У: «Ёки менинг ўйлаганим нотўғри, ёки манави жоҳилиятдаги динида турибди, ёхуд уларнинг коҳини бўлган. У одамни олиб келинглар», деди. Уни чақирилди. У келди. Бас, (Умар) унга: «Яқинроқ кел», деди. «Мусулмон одамни бугунгидек кутиб олишни кўрганим йўқ», деди у. «Менга хабарни айтмагунингча, сени барибир тек қўймайман», деди Умар. «Жоҳилиятда уларнинг коҳини эдим», деди у. «Жинниянг сенга олиб келган энг ажойиб нарса нима?» деди Умар. «Бир куни бозорда турсам, у олдимга келди. Унда қўрқинчни кўрдим. Бас, у: «Жинларни ва уларнинг хавфини, уларнинг қувватини ва боши осмондан бўлганини, уларнинг туя эгаларига қўшилганини кўрмадингми?» деди», деб айтди у. «Тўғри айтдинг. Мен уларнинг олиҳалари олдида турган эдим. Бирдан бир одам бир бузоқни олиб келиб сўйди. Унга бир қичқирувчи қичқирди. Унинг овозидек шиддатли овозни ҳеч қачон эшитмаганман. У: «Эй Худонинг душмани! Нажотли иш! Фасоҳатли одам! Ла илаҳа иллаллоҳ, дейдир!» деб қичқирар эди. Одамлар сапчиб ўринларидан турдилар. Мен, ушбу қичқирувчи ортида нима борлигини билмагунимча қўймайман, дедим. У яна нидо қилди: «Эй Худонинг душмани! Нажотли иш! Фасоҳатли одам! Ла илаҳа иллаллоҳ, дейдир!» Шунда мен ҳам ўрнимдан турдим. Кўп ўтмай, мана, пайғамбар зоҳир бўлди, дейилди», деди Умар». Бухорий ривоят қилган Шарҳ: Бир куни ҳазрати Умар одамлар билан ўтирсалар олдиларидан бир одам ўтиб қолибди. Шунда у киши ўша одамга ишора қилиб: «Ёки менинг ўйлаганим нотўғри, ёки манави жоҳилиятдаги динида турибди, ёхуд уларнинг коҳини бўлган. У одамни олиб келинглар», деди». Яъни менинг ўйлаганим тўғри бўладиган бўлса, мана шу одам ёки ўзининг эски динида турибди, ёки мусулмон бўлишидан олдин коҳин бўлган, деганлар. Одамлар ҳалиги кишини ҳазрати Умарнинг олдиларига олиб келишди. У аввалги гапни эшитган экан: «Мусулмон одамни бугунгидек кутиб олишни кўрганим йўқ», деди у». Яъни: «Мен эски динимда турганим йўқ, мусулмон бўлганман. Мусулмон одам ҳақида ҳам шундоқ гаплар айтиладими?!» дейди. У киши шу гап билан ўзини оқлаб ҳазрати Умарнинг гапидан четлаб қолмоқчи эди. Лекин ҳазрати Умар бўш келмадилар: «Менга хабарни айтмагунингча, сени барибир тек қўймайман», деди». Ана ўшандагина ҳалиги одам сирни ошкор қилди. «Жоҳилиятда уларнинг коҳини эдим», деди у. Унинг кимлигини ўзига тасдиқлатиб олганларидан кейин асосий мақсадга ўтиб: «Жинниянг сенга олиб келган энг ажойиб нарса нима?» деди Умар. Жинния — аёл жин. Ўша аёл жинсли жин ўзининг одами бўлган коҳин — бутхона хизматчисига: «Жинларни ва уларнинг хавфини, уларнинг қувватини ва оёқлари осмондан бўлганини, уларнинг туя эгаларига қўшилганини кўрмадингми?» дегани ўзига хос маънога эга. Жинлар Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан олдин осмон хабарларини ўғриликча эшитиш имконига эга бўлишган. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлганларидан кейин эса улар хабар эшитгани осмонга чиқсалар, учқун отилиб қувлай бошланган. Жинларнинг хавфга тушганлари, оёқлари осмондан бўлиб, ишлари чаппасига айлангани шундан. Жинларнинг туя эгаларига қўшилиши эса арабларга қўшилиб пайғамбар алайҳиссаломга уммат бўлишларидир. Демак, аёл жин коҳинга дунёда катта ўзгариш бўлаётгани, жинлар олдинги имтиёзларидан маҳрум бўлиб, туянинг кетидан юрган саҳровий араблар қатори ўша пайғамбарга уммат бўлишлари ҳақида гапирган. Ўша собиқ коҳиннинг ва унинг жинниясининг гапларини тасдиқлаш учун ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўз тажрибаларидан ўтган шунга ўхшаш бир ҳодисани айтиб берганлар. Ҳазрати Умарнинг айтиб берган ҳодисаларидан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келишидан олдин ғойибдан келган овозлар ҳам у Зотнинг пайғамбар бўлишлари ҳақида хабар берган. Ана шундоқ бўлиб, охири замон пайғамбари юборилишлари учун ҳамма шароитлар Аллоҳ таолонинг иродаси ила муҳайё бўлган.