Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи бошланган нарса уйқудаги ҳақ туш бўлди. У Зот қандоқ туш кўрсалар, албатта, худди тонг ёруғидек аниқ ўнгидан келар эди. Сўнгра у Зотга холи қолиш маҳбуб бўлиб қолди. Ҳиро ғорида холи қолиб аҳллари олдига тушишдан олдин бир неча кеча «таҳаннус» ибодати қилар эдилар. Яъни ўз аҳлига қайтишдан олдин бир неча кечани ибодат ила ўтказар эдилар. Бунинг учун зоди роҳила олиб кетар эдилар. Сўнгра Хадижанинг олдига қайтиб, яна ўшанчага етарли зоди роҳила олар эдилар. У Зотга ҳақ келгунича шундоқ бўлди. У Зот Ҳиро ғорида эканликларида фаришта келиб: «Ўқи!» деди.(Бу воқеани Расуллуллоҳ шундай эслайдилар) «Мен ўқувчи эмасман», дедим. У мени тутиб ўзига тортди. Ҳаттоки менга қийинлик етказди. Сўнгра мени қўйиб юборди ва: «Ўқи!» деди. «Мен ўқувчи эмасман», дедим. У мени иккинчи марта тутиб ўзига тортди. Сўнгра мени қўйиб юборди ва: «Ўқи! Яратган Роббинг номи билан. У инсонни алақдан яратди. Ўқи! Ва Роббинг энг карамлидир!» деди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша(оят)лар ила қалблари титраб-қақшаб қайтдилар ва Хадижа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳонинг олдига кириб: «Мени ўраб қўйинглар! «Мени ўраб қўйинглар!» дедилар. Бас, у Зотдан қўрқинч кетгунча ўраб қўйдилар. Кейин у Зот Хадижага хабарни айта туриб: «Ўзимга бир нарса бўлмаса эди, деб қўрқдим», дедилар. Шунда Хадижа: «Ундоқ эмас! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни ҳеч қачон шарманда қилмайди. Албатта, сиз силаи раҳм қилурсиз. Заифга ёрдам берурсиз. Одамлар қилмаган яхшиликларни қиласиз. Меҳмонга зиёфат берасиз. Фалокатга учраганларга ёрдам берасиз», деди. Сўнгра у Зотни олиб, Варақа ибн Навфал ибн Асад ибн Абдулуззо (Хадижанинг амакисининг ўғли)нинг олдига борди. У жоҳилият даврида насронийликка кирган одам эди. Иброний китоб ёзар эди. Инжилдан ибронийчасига Аллоҳ ёзишини хоҳлаганини ёзар эди. У кўзи ожиз бўлиб қолган қари чол эди. Бас, Хадижа: «Эй амакимнинг ўғли! Биродарингизнинг ўғлини бир тингланг!» деди. Варақа у Зотга: «Эй биродаримнинг ўғли, нима кўрмоқдасан?» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари кўрган нарсанинг хабарини айтиб бердилар. Варақа у Зотга: «Бу Аллоҳ Мусога нозил қилган «Номус»дир. Эҳ! Қани энди, сени қавминг ҳайдаб чиқарганда бақувват бўлсам эди! Қани энди, тирик бўлсам эди!» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мени улар ҳайдаб чиқарурларми!?» дедилар. «Ҳа! Қайси бир киши сен келтирган нарсани келтирса, душманликка учрайдир. Сенинг ўша кунингга етсам, албатта, сенга қўлимдан келган ёрдамни берурман», деди. Кўп ўтмай Варақа вафот этди. Ваҳий узилиб қолди».