8 жумадис сони 1446
Ошкора даъватга ўтиш

Яширин даъватдан ошкорага ўтиш ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзининг амри ила бўлди. У Зот Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга қуйидаги икки оятни нозил қилди: «Ва яқин қариндошларингни огоҳлантир. Ва сенга эргашган мўминларга қанотингни пастлат». Ушбу икки ояти карима нозил бўлганидан кейин Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо тепалигига чиқиб: «Ў сабоҳоҳ!» деб қичқирдилар. Одамлар у кишининг ҳузурларига тўпланди. Кимдир ўзи келди. Кимдир одамини юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қараб: «Эй бани Абдулмуттолиб! Эй бани Фиҳр! Эй бани Луъай! Айтинглар-чи, агар мен сизга тоғнинг ортида отлиқлар сизларга ғорат қилишга шай бўлиб турибди, десам, ишонасизларми?!» дедилар. Улар: «Ҳа, ишонамиз!» дедилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мен сизларга шиддатли азобдан олдин келган огоҳлантиргувчиман», дедилар. Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига нозил бўлган оятга мувофиқ яқин қариндошларини огоҳлантира бошладилар. У Зот фақат бу билан кифояланиб қолмай, энг яқин кишиларини ҳам огоҳлантирдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: «Ушбу оят нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурайшликларни ҳам умумий, ҳам хусусий равишда даъват қилдилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй қурайшликлар, ўзингизни дўзах ўтидан қутқаринглар! Эй бани Каъб жамоаси, ўзингизни дўзах ўтидан қутқазинг! Эй Фотима Муҳаммад қизи, ўзингни дўзах ўтидан қутқар! Аллоҳга қасамки, мен сизлардан Аллоҳнинг бирор нарсасини қайтаришга молик эмасман», дедилар». Ана шундоқ тарзда Исломга очиқчасига даъват қилиш бошланди. Аввалига мушриклар индамай туришди. Исломнинг иши ривожланиб кетаётанини кўрганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши адоват қила бошладилар. Мушрикларнинг бу душманлигига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толиб тўсиқ бўлди. У ҳамма жойда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларини олиб, у Зотни ҳимоя қила бошлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай қийинчиликларга ҳам қарамай, одамларни Исломга даъват қилишда давом этавердилар. Амакилари Абу Толиб ҳам у Зотни ҳимоя қилишда бардавом бўлди. Иш жиддийлашиб кетгач эса Қурайш бошлиқларидан бир гуруҳи Абу Толибнинг олдига келдилар ва: «Эй Абу Толиб, укангнинг ўғли олиҳаларимизни сўкмоқда. Динимизни айбламоқда, ақлимизни паст демоқда ва оталаримизни залолатга кетган демоқда. Сен уни тийиб олгин. Ёки бўлмаса, уни ўзимизга қўйиб бер. Ахир сен ҳам бизнинг динимиз ва ақийдамиздасан», дедилар. Абу Толиб уларга мулойим гапириб қайтариб юборди. Лекин мушриклар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга маҳкам ёпишиб олдилар. У Зотни ҳеч тинч қўймадилар. Бир-бирларини у Зотга қарши қайрай бошладилар. Бир муддат ўтиб яна бир гуруҳ қурайшликлар Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устларидан шикоят қилиб Абу Толибнинг олдига келдилар. Улар: «Эй Абу Толиб! Сен ичимизда ёши улуғимиз, шарафлимиз ва мартабалимизсан. Укангнинг ўғлини тийиб олишингни илтимос қилган эдик, қилмадинг. Аллоҳга қасамки, биз оталаримизнинг сўкилишига, ақлимизнинг паст дейилишига ва олиҳаларимизнинг айбланишига бундан ортиқ сабр қила олмаймиз. Уни тийиб олмасанг, у билан ҳам, сен билан ҳам охиригача олишамиз. Икки томондан бири ҳалок бўлмагунича тек қўймаймиз», дедилар. Абу Толибга бу гаплар қаттиқ таъсир қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга одам юбориб чақиртириб келди ва: «Эй жияним! Қавминг олдимга келиб, бундоқ, бундоқ, дедилар. Ўзингга ҳам, менга ҳам раҳим қил. Менга тоқатимдан ташқари ишни юклама», деди. Шунда Расул алайҳиссалом: «Эй амаки! Аллоҳга қасамки, агар шу ишни тарк қилишим учун қуёшни ўнг томонимга, ойни чап томонимга олиб келиб қўйсалар ҳам, Аллоҳ уни зоҳир қилмагунича ёки унинг йўлида ҳалок бўлгунимча, уни тарк қилмайман», дедилар. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам шу гапларни айтиб туриб, йиғлаб юбордилар ва ўринларидан туриб чиқиб кета бошладилар. У Зот кетаётганларида Абу Толиб: «Жияним, бу ёққа кел!» деб қолди. У Зот қайтиб келганларида Абу Толиб: «Эй жияним! Нимани хоҳласанг, гапиравер. Сени ҳеч қачон бировга топшириб қўймайман», деди. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз ҳимоясида бўлишларига қатъий қарор қилди. Арабларнинг одатлари бўйича улардан бири бировни ўз ҳимоясида эканини эълон қилса, бошқалари ўша ҳимоядаги одамга тега олмас эдилар. Шу одатга биноан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам учун Абу Толибнинг ҳимояси жуда қўл келди. У ўзи Исломни қабул қилмаган бўлса ҳам, Ислом пайғамбарини ҳимоя қилар эди.

19:33 / 11.04.2012
Аввалги мақола
Биринчи мусулмонлар
Кейинги мақола
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...