Биринчи бўлиб Хадижа онамиз Исломга кирдилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари бўлиш билан бирга, Аллоҳ таолога ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи иймон келтириш шарафига ҳам муяссар бўлдилар. Шу билан бирга иймон йўлида улкан хизматлар ҳам қилдилар. Ёшлардан биринчи бўлиб Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу иймонга келдилар. У киши ўша пайтда ўн ёшда эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни, отаси Абу Толиб қийналиб қолгани учун, ўз қарамоғларига олган эдилар. Кейин Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу иймонга келдилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуллари бўлган эди. Аммо у Зот уни озод қилиб ўғил тутган эдилар. Катта кишилардан биринчи бўлиб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу иймонга келдилар. У киши Қурайш қабиласида катта обрўга эга эдилар. Ўткир ақллари, мурувватлари, адолатлиликлари ва бошқа олий сифатлари учун кўпчилик ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳуни яхши кўрар ва ҳурмат қилар эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзлари иймонга келганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима иш қилиш кераклигини сўрадилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни Исломга даъват қил, дедилар. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг дастлабки даъвати самараси ўлароқ ўша пайтда Қурайшнинг ашрофларидан бўлган, кейинчалик саҳобаларнинг улуғларига айланган ва жаннатга киришларига башорат берилган ўн кишининг бешталари — Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн Аввом, Абдурраҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос ва Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳум иймонга келдилар. Яширин равишда олиб борилаётган даъват таъсирида бошқалар ҳам аста-секин Исломга кира бошладилар. Дастлабки мусулмонлар ичида Абу Убайда ибн Жарроҳ, Арқам ибн Абу Арқам, Усмон ибн Мазъун, Убайда ибн Ҳорис, Саъид ибн Зайд, Хаббоб ибн Арт, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Аммор ибн Ясир, Суҳайб Румий каби эркаклар ва бир неча аёллар бор эди. Дастлабки мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан яширин равишда учрашар эдилар. Улардан бирор киши ибодат қилмоқчи бўлса ҳам, ҳеч ким кўрмайдиган пана жойга беркиниб олиб ибодат қилар эди. Мусулмонларнинг сони секинлик билан кўпайиб борди. Уларнинг адади ўттизтача эркак ва аёлдан иборат бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Арқам ибн Абу Арқам розияллоҳу анҳунинг уйларида тўпланишлар ўтказишга амр қилдилар. У Зот мусулмонлар билан ўша ерда сирли равишда учрашар, керакли таълим-тарбиялар берар эдилар. Кейинчалик мусулмонларнинг сони қирқтачага етди. Биринчи мусулмонлар ичида турли тоифадаги эркак ва аёллар бор эди. Кўплари, асосан, ёшлардан иборат бўлган бу мусулмонлар ичида обрўли бойлар ҳам, камбағаллар ҳам, араблар ҳам, арабмаслар ҳам, аслзода қурайшликлар ҳам, бировнинг қули бўлганлар ҳам, осиёликлар ҳам, овруполиклар ҳам, африқоликлар ҳам бор эди. Бундан Ислом барчанинг дини, тенглик дини, биродарлик дини, адолат дини, инсонпарвар дин экани кўриниб турарди. Ўша пайтларда мусулмонларга икки маҳал, икки ракъатдан намоз ўқиш фарз бўлганини муҳаққиқ уламоларимиз таъкидлайдилар. Бунга Ғофир сурасидаги «Ва Роббинг ҳамди ила кечда ва эрталаб тасбиҳ айт» оятини далил қиладилар. Шунингдек, Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қилинган ривоятда, аввалда намоз икки ракъат, икки ракъат фарз қилинган эди. Кейинчалик сафарда шу бўйича қолдирилиб, ҳозир бўлганда яна икки ракъат зиёда қилинди, деган маънода ривоят ҳам бор. Ҳар бир мусулмон қуёш чиқишидан олдин икки ракъат, қуёш ботишидан олдин икки ракъат фарз намоз ўқир эди. Нафл намозни эса хоҳлаган вақтида хоҳлаганича ўқийверар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни Исломга уч йил давомида яширинча даъват қилдилар. Мусулмонлар бу муддат ичида кофирлардан ўз иймонларини беркитиш учун барча чораларни кўрар эдилар. Уч йилдан сўнг, янги мусулмонларнинг иймони сайқал топиб бўлганидан кейин, Исломга ошкора даъват қилиш фурсати етди.