2 жумадис сони
1446
Ваҳийнинг узилиб қолиши
Қуръони каримнинг биринчи оятлари нозил бўлгандан кейин бир муддат ваҳий келмай қолди. Сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам кутмаган ҳолда ваҳий келди. У Зот бу ҳодисадан қўрқиб кетдилар. Кейинчалик, Варақа ибн Навфалнинг баёнидан кейин, ўзларига Аллоҳ таолодан ваҳий келганини англаб етдилар. Ана шундоқ бир пайтда ваҳий келмай қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғир ҳолатга тушдилар. Ўзларини қўйгани жой топа олмай қолдилар. Бундоқ ҳолат муҳаққиқ уламоларимиз таъкидлашларича, беш-олти ой давом этди. Кейин яна ваҳий кела бошлади. Бу ҳолат қандоқ кечганини қуйидаги ривоят орқали ўрганамиз.
Ваҳий узилиб қолгани ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини сўзлай туриб, Жобир розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади: «Мен юриб кетаётган эдим. Бирдан осмондан овоз эшитиб қолдим. Кўзимни кўтариб қарасам, Ҳирода олдимга келган фаришта осмон билан ернинг ўртасида, курсида ўтирибди. Ундан қўрқиб кетдим. Қайтиб бориб, мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар, дедим. Шунда Аллоҳ таоло: «Эй бурканиб ётган! Тур ва огоҳлантир! Ва Роббингни улуғла! Ва кийимингни покла! Ва азоб(сабабчиси)дан четлан!»ни нозил қилди». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган. Шарҳ: Уламоларимиз ваҳийнинг бир муддат узилиб қолиши ҳикматли иш бўлганини таъкидлайдилар. Чунки ваҳийни қабул қилиб олиш оғир иш эканини ҳамма билади. Ушбу оғир иш бирданига кетма-кет бўлса, оғирлик яна ҳам зиёда бўлади. Аммо бир муддат узилганда эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга енгиллик бор. Бунинг устига, у кишида ваҳийга шавқу завқнинг ортиши ҳам ваҳийнинг узилиб қолгани сабабли бўлган. Яҳё розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Саламадан: «Қуръоннинг нимаси олдин нозил бўлган?» деб сўрадим. «Яа айюҳал муддассир!» деди. «Иқраъ!» эмасми?» дедим. «Жобир ибн Абдуллоҳдан, «Қуръоннинг нимаси олдин нозил бўлган?» деб сўрадим. «Яа айюҳал муддассир!» деди у. «Иқраъ!» эмасми?» дедим. Жобир: «Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нимани айтиб берган бўлсалар, ўшани айтиб бераман. У Зот: «Ҳирони бир ой живор тутдим. Живоримни тугатганимдан кейин пастга тушдим. Водийнинг ўртасига етганимда менга нидо қилинди. Олдимга, ортимга, ўнгимга, сўлимга назар солдим. Бировни кўрмадим. Сўнгра менга яна нидо қилинди. Назар солиб, яна бировни кўрмадим. Сўнгра менга яна нидо қилинди. Бошимни кўтариб қарасам,… ҳавода Жибрил аршда ўтирибди. Мени қаттиқ титроқ тутди. Хадижанинг олдига бориб: «Мени буркаб қўйинглар! Мени буркаб қўйинглар!» дедим. Шунда Аллоҳ азза ва жалла» «Эй бурканиб ётган! Тур ва огоҳлантир! Ва Роббингни улуғла! Ва кийимингни покла!»ни нозил қилди». Муслим ривоят қилган. Шарҳ: Бу келтирилган маълумотлар орасида ихтилоф бўлиши мумкин эмас. Ровийлардан ҳар бири ўзи эшитган нарсани омонат ила етказган. Ўзи эшитмаган ёки билмаган нарсага аралашмаган. Ушбу мавзуни яхшилаб ўрганган уламоларимиз, «Иқро» нубувват бўйича биринчи нозил бўлган, «Яа айюҳал муддассир!» рисолат бўйича биринчи нозил бўлган, дейдилар. Улумул Қуръон мутахассислари, «Иқро» умуман биринчи нозил бўлган, «Яа айюҳал муддассир!» ваҳий узилиб қолгандан кейин биринчи нозил бўлган, дейдилар. Муддассир сурасининг аввали нозил бўлиши билан кишиларни Исломга даъват қилиш ҳам бошланди. Шундан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатлари — Аллоҳ таолонинг динини умматларига етказиш иши бошланди. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг охирги пайғамбарига: «Эй бурканиб ётган! Тур ва огоҳлантир!» деган нидони қилган эди. Бу илоҳий нидо жуда ҳам таъсирчан нидо эди. Ётиш, дам олиш вақти ўтганлиги, туриш, ҳаракат қилиш, кишиларни тўғри йўлга бошлаш, бу ишда дуч келадиган кўплаб қийинчиликларни енгиш они келганидан хабар эди. «Огоҳлантир!» деганда ғофилларни яқинлашиб келаётган хавфу хатардан воқиф қилиш айтилган эди. Бу эса бандаларга бўлган Аллоҳнинг раҳматидир. Чунки агар барча халойиқ йўлдан адашиб кетса ҳам ёки ҳамма тўғри йўлдан юрса ҳам, Аллоҳнинг мулки камайиб ёки зиёда бўлиб қолмайди. Лекин Аллоҳнинг Ўз бандаларига раҳмати кенглигидан уларга огоҳлантирувчи пайғамбарлар юбориб турди. Албатта, бу оят ниҳоятда улкан маъно касб этади. Бу Аллоҳнинг йўлида кишиларни тўғри йўлга бошлаш учун қилинган амр эди. Ўраниб ётадиган вақт ўтди, тур энди, деган Аллоҳнинг нидоси эди. Шунинг учун ҳам Хадижа онамиз Пайғамбар алайҳиссаломга, бир оз ухлаб олсангиз-чи, десалар, Русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Хадижа, уйқунинг вақти ўтди», дер эдилар.
05:05 / 27.06.2020
2550
Аввалги мақола
Рисолат ва нубувват ила ваҳий тушишининг бошланиши
Мақолалар
2464
Кейинги мақола
Набий ва Расул бўлган зотга салавот
80
Саловотлар
Мақолалар
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь
Мақолалар
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг
шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни
билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман».
Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь
Мақолалар
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан
тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди,
мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди!
Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023
ٍКўп кўрилганлар