Сарвари олам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам мавлолари Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг ҳамроҳликларида сут оналарининг юрти – бани Саъд қабиласи ерлари орқали Тоиф томон кетмоқдалар. Улар, шояд, Тоифдан бирор ёруғлик чиқса, маҳзунлик ариса, даъват ишлари юришиб кетса, деган умидда эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифга етиб борганларидан кейин диёр аҳолиси асосини ташкил қилувчи Сақиф қабиласи аъёнлари билан учрашдилар. Улар билан мажлис қуриб, Исломга даъват қилдилар. Аммо уларнинг жавоби энг ёмон жавоб бўлди. Улар у Зот алайҳиссаломни масхара қилдилар. Бу ҳам етмаганидек, ўзларининг эсипастлари, қуллари ва бебош болаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сўкишга, ортларидан қичқиришга ва тош отишга чорладилар. Тоифликлар йўлнинг икки четига туриб олиб, у Зот олдиларидан ўтаётганда аёвсиз тошбўрон қилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқлари қонга, қалблари эса дарду аламга тўлди. Тиллари Аллоҳ таолога илтижога — дуога тўлди: «Эй бор Худоё! Ўзингга қувватим заифлигидан, ҳийлам озлигидан, одамлар олдида ожизлигимдан шикоят қилурман! Эй раҳмлиларнинг раҳмлиси! Сен заифҳолларнинг Роббисан! Сен Роббимсан! Мени кимга қўюрсан?! Мени ёқтирмайдиган нотанишгами?! Ёки ишимни душманга топширдингми?! Агар менга ғазаб қилмаган бўлсанг, буларга эътибор бермайман! Фақат Сенинг офиятинг мен учун кенгдир. Зулматларни ёритган, бу дунё ва охират ишини салоҳиятли қилган юзинг нури ила менга ғазабинг нозил бўлишидан, қаҳринг тушишидан паноҳ тиларман. Токи рози бўлгунингча узр. Фақат Аллоҳдагина имкон ва қувват бордир». Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарининг бу дуоларини дарҳол қабул қилди. Шу ондан ишлар аста-секин юриша бошлади.