20 жумадул аввал 1446
Ойнинг бўлиниши

Ана шундоқ оғир пайтда кушойиш томон яна бир қадам босилди. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарини улкан мўъжиза ила қўллади. Ойнинг ёрилишини у Зотга мўъжиза этиб берди. Имом Бухорий ривоят қилишларича, Макка аҳли Муҳаммад алайҳиссаломдан ҳақиқий Пайғамбар эканликларига далил сифатида ҳужжат-мўъжиза кўрсатишни сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар. Аллоҳ таоло у кишининг дуоларини қабул қилди ва ой иккига бўлинди. Икки бўлакнинг орасида Ҳиро ғори кўриниб турарди. Имом Аҳмад Жубайр ибн Мутъамдан бундай ривоят қиладилар: «Набий алайҳиссаломнинг вақтларида ой ёрилиб, иккига бўлинди. Бир бўлаги манави тоғ устида, иккинчи бўлаги анави тоғнинг устида кўринди. Мушриклар, Муҳаммад бизни сеҳрлаб қўйди, дейишди. Сўнг улар, агар бизни сеҳрласа ҳам, барчани сеҳрлай олмайди, мусофирлар келишини кутиб туринглар, дейишди. Мусофирлар келишганда, улардан сўраб кўришган эди, мусофирлар ҳам ойнинг ёрилганини кўришганини айтдилар. Шунда мушриклар, Муҳаммад ҳаммани сеҳрлаб қўйди, дейишди. Аллоҳ таоло «Қамар» сураси аввалини туширди». Бу машҳур ҳодиса бўлиб, ўша кечада ким унга назар солган бўлса, ойнинг ёрилганини кўрган, мулоҳаза қилган. Яқинда Ҳиндистонда тарихий ёдгорликларни ўрганиш жараёнида бир ибодатхонанинг қурилиш тарихига оид ҳужжатлар кўриб чиқилди. Буни қарангки, мазкур ҳужжатда «Бу ибодатхона ой ёрилган кечанинг эртаси куни қурила бошланган», деб ёзилган экан. Энг кучли далил — оят тушгандан сўнг мушриклар бу хабарни сон-саноқсиз марта эшитганлар, ўзлари ҳам ўқиганлар, лекин бирортаси, қачон ой ёрилган эди, нимага ёлғон айтяпсизлар, деган эмас. Шунингдек, ўзларининг «бу сеҳр» деб айтган гапларини ҳам тан олиб жим туришган. Ҳолбуки, ўша пайтда душманлар Қуръондан, Пайғамбар алайҳиссаломдан, мусулмонлардан сал бўлса ҳам айб топиш учун барча имкониятларни ишга солган эдилар. Ойнинг ёрилиши масаласига келсак, бу иш Аллоҳ учун ҳеч нарса эмас. Кофирлар доимо ўз номаъқулчиликларини ҳаспўшлаш мақсадида турли баҳона, таклифлар қилиб туришади. Аввалги ўтган барча пайғамбарларга ҳам шундай қилганлар. Аллоҳ Ўз пайғамбарларининг ҳақлигини тасдиқлаш, кофирларни ожиз қолдириш, мўминларнинг иймонини мустаҳкамлаш учун у пайғамбарларга ўз замонаси ва қавмига мос мўъжизаларни берган. Ўтган пайғамбарлар мазкур мўъжизаларни ўз ўрнида ишлатганлар. Лекин уларнинг вафотлари билан барча мўъжизалар ҳам амалдан қолган. Муҳаммад алайҳиссаломга эса абадий ва улкан мўъжиза қилиб Қуръон берилган. У Зоти бобарокат ўтганларидан сўнг ҳам мўъжизалари бўлмиш Қуръон то қиёмат тургунча барҳаётдир. Шунинг учун ҳам қачон мушрик ва кофирлар у кишидан пайғамбарликларини тасдиқловчи мўъжиза талаб қилишса, доимо Қуръони каримни рўбарў қилганлар. Бошқа пайғамбарларга улкан мўъжиза бўлиб хизмат қилган ҳодисалар Муҳаммад алайҳиссалом учун оддий бир иш эди. Деярли ҳамма пайғамбарларга берилган мўъжизаларга ўхшаш ишлар Муҳаммад алайҳиссалом ҳаётларида ҳам бўлиб ўтган. Бу ҳақдаги хабарлар ҳадис китобларида бор. Лекин бу нарсалар такрорланавериб оддий бир ҳолатга айланиб қолганидан катта шов-шув қилинмасди. Ойнинг ёрилиши ҳам худди шундай оддий иш. Ҳатто баъзи тафсирчилар, бу сурадаги ойнинг ёрилиши ҳақидаги маъно қиёмат куни бўлади, дейишган ҳам. Лекин кўпчилик суранинг умумий маъносини ва қилинган сонсиз ривоятларни эътиборга олиб, оятда айнан ўша ҳодиса устида сўз кетаётганини таъкидлаганлар. Икки маъно бир-бирига қўшилса, тўлиқроқ ҳам бўлади. Аслини олганд,а ақли расо, ўзини таниган инсон учун ойнинг ёрилиши Аллоҳнинг борлигига, Пайғамбарнинг ҳақлигига далил бўлиши шарт эмас. Балки ойнинг ҳозирги ҳолатининг ўзи, унинг жойлашуви, ҳажми, нур таратиши, янгиланиши, чиқиши ва ҳоказолар улкан мўъжизадир. Аллоҳ таоло ушбу ҳодисани оятда зикр қилиб, собит қилишни ихтиёр этган экан, шундоқ бўлди. Ҳақиқатда ҳиссий мўъжизалар инсонга ўзига хос таъсир ўтказади. Ҳар бир инсон ҳам ушбу оятни ўқиганида, эшитганида, ўрганганида яна шундай таъсирланиб турмоғи лозим. Шундоқ қилиб, Аллоҳ таоло бирин-кетин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни қўлловчи ва маҳзунликларини кетказувчи омилларни рўёбга чиқара бошлади. Ана ўша омилларнинг гултожи Аллоҳ таолонинг Ўз ҳабиби Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни Ўз ҳузурига чорлаши, шахсий қабулга даъват қилиши − Исро ва Меърож ҳодисаси бўлди.

19:48 / 11.04.2012
Аввалги мақола
Маккага қайтиш
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...