3 жумадис сони 1446
Ҳижратга изн берилиши

Мушрикларнинг шиддатли тазйиқи остида қолган мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳижратга изн сўрай бошладилар. Чунки улар Ясрибда ўз диндошлари уларга ёрдам беришларини яхши билар эдилар. Ана шу пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга ҳижрат диёрингиз ҳақида хабар берилди. У Ясрибдир. Ким чиқмоқчи бўлса, ўша ёққа чиқсин», дедилар. Баъзи мусулмонлар махфий равишда ҳижратга тайёрлана бошладилар. Ясрибга биринчи бўлиб ҳижрат қилиб келган мусулмон Абу Салама ибн Абдуласад бўлди. Ундан кейин Омир ибн Робиъа аёли билан келди. Унинг хотини Лайло бинти Аби Ҳашама биринчи аёл муҳожир бўлди. Сўнгра бошқа саҳобалар ҳам бирин-кетин ўта махфий равишда Маккани тарк этиб, Ясрибга ҳижрат қила бошладилар. Ҳижрат осон иш эмас эди. Кофирлар мусулмонларни ҳижратдан тўсиш учун барча ишларни қилар эдилар. Имом Фахриддин Розий ривоят қиладиларки, Суҳайб Румий Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб жўнаганида, Қурайш мушрикларидан бир гуруҳи у кишини қайтармоқчи бўлиб ортидан борибди. Шунда у киши уловидан тушиб, ўқдонидаги ўқларни тизиб қўйиб, камонни қўлларига олибди-да: «Эй қурайш аҳли, менинг ичингизда энг мерганлардан бири эканимни яхши биласизлар-а?! Аллоҳга қасамки, ўқдондаги ўқ тугамагунча, биттангиз ҳам менга яқинлаша олмайсиз! Сўнгра қиличим билан, қўлимда қанчаси қолса, шунчаси билан чопаман. Кейин нимани истасангиз, қилаверасиз!» деди. Улар: «Сен бизнинг юртимизга келганингда ҳеч нарсанг йўқ гадо эдинг, ҳозир эса кўплаб мол-дунёга эга бўлдинг», дедилар. «Молимнинг қаердалигини айтиб берсам, йўлимда кетавераманми?» деди Суҳайб. Улар, ҳа, деган эдилар, у моли Макканинг қаерида эканини айтиб берди. Бу хабар Пайғамбар алайҳиссаломга етганда: «Савдо фойда келтирди, эй Суҳайб! Савдо фойда келтирди, эй Суҳайб!» дедилар. Бир оз туриб Аллоҳ таоло томонидан: «Ва одамлардан Аллоҳнинг розилигини тилаб жонини сотадиганлари бор», деган ояти карима нозил бўлди. Мусулмонларнинг аввалги авлодида шу оят васф қилган сифатга эга инсонлар жуда ҳам кўп чиқди. Шу боисдан улар қисқа муддат ичида дунёни адолатга тўлдирдилар. Кейин ҳам мусулмонлар ичида ушбу сифат эгалари доим бўлиб келган. Фақат уларнинг кўплиги ёки озлигига қараб Аллоҳ таоло Ислом умматига ғалаба ёки мағлубиятни битган. Ҳозирги пайтда мусулмонлар Суҳайб Румий каби фидойиларга жуда-жуда муҳтож. Ҳамма мушриклардан қўрқиб яширин равишда ҳижрат қилди. Фақат бир киши − Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳугина ошкора ҳижрат қилди. У киши ҳижрат қилишга қарор қилганидан сўнг кийимларини кийиб, қуролларини тақиб бемалол Байтуллоҳни тавоф қилди. Мақоми Иброҳимда икки ракъат намоз ўқиди. Сўнгра: «Ким онасини азадор, хотинини тул, боласини етим қолдирмоқчи бўлса, менга манави водийнинг ортида учрашсин. Мен ҳижрат қилмоқчиман!» деди. Ҳеч ким чурқ эта олмади.

14:47 / 26.06.2020
Аввалги мақола
Кейинги мақола
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...