21 жумадул аввал 1446
Оламларга раҳмат Пайғамбар (3)

Оламларга раҳмат Пайғамбар (3)

Ёшларга, етим-есирларга, касалларга ва заифҳолларга раҳмат бўлганлари

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен намозни ўқимоқчи бўлиб бошлайман-да, гўдак йиғисини эшитиб қолсам, йиғиси сабабли онасининг қаттиқ изтиробга тушишини билганимдан, (намозни) енгил қиламан», дедилар».[1]

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшларга жуда меҳрибон эдилар.

Оиша онамиздан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Алининг икки фарзанди Ҳасан ва Ҳусайнни ўпдилар.  Ҳузурларида Ақроъ ибн Ҳобис ат-Тамимий бор эди. Шунда Ақроъ: «Менинг ўнта фарзандим бор. Лекин мен уларнинг бирортасини ҳам ҳеч ўпмаганман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб: «Ким раҳм қилмаса, унга ҳам раҳм қилинмайди», дедилар».[2]

Барро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим, ул Зот елкаларида Ҳасанни кўтариб: «Эй Аллоҳ, мен уни яхши кўраман, сен ҳам уни яхши кўргин», деб айтардилар».[3]

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Аҳли байтингиздан қайси бири сизга маҳбуброқ», дейилди. Ул Зот: «Ҳасан ва Ҳусайн», дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога:«Менга икки фарзандимни чақир», деб айтардилар. Кейин Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларни бағриларига босиб қучоқлардилар.[4]

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо ёшларни шодлантириб, уларни хурсанд қилишга қизиқардилар. Ҳузурларига энг аввал пишган мевалардан келтирилса, олдиларидаги ёшларга тарқатардилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига энг аввал пишган мевалар келтирилса, ундан олиб кўзларига кейин лабларига қўйиб: «ё Аллоҳ, бунинг аввалини кўрсатганингдек, охирини ҳам кўрсатгин», деб айтардилар. Кейин уларни ҳузурларидаги ёшларга тарқатардилар[5].

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандлари Иброҳим вафот этганида кўзларидан ёш оққанди.

Анас розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандлари Иброҳимнинг ҳузурига кирдилар. Иброҳим жон талвасасида эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларидан ёш тўкила бошлади. Шунда Абдуроҳман ибн Авф: «Сиз ҳамми, ё Расулуллоҳ?! (яъни сиз ҳам йиғлайсизми), дедилар. Ул Зот:«Эй Ибн Авф, бу раҳм-шафқатдандир», дедилар. Бошқа ривоятда эса: «Кўз ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади ва биз фақат Роббимизни рози қиладиган сўзларни гапирамиз. Биз сенинг фироқингга маҳзунмиз, эй Иброҳим», дедилар[6].

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, у зот айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга фарзандлари Иброҳим вафот этаётган ҳолатида кўтариб олиб келинганда, у Зотнинг икки кўзларидан ёш оқди. Шунда Саъд: «Ё Расулуллоҳ, нимага йиғлаяпсиз?» деди. Шунда: «Бу Аллоҳ таоло бандаларининг қалбига жойлаган раҳматидур. Албатта, Аллоҳ таоло фақат раҳм-шафқатли бандаларига раҳм қилади», дедилар»[7].

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам етим-есирлар билан бирга юришдан ҳазар қилмасдилар. Балки улар билан бирга юрардилар, уларнинг ҳожатларини раво қилардилар[8]. Заифҳол, бетоб бўлган мусулмонларнинг олдиларига бориб, зиёрат қилардилар, жанозаларида қатнашардилар[9]. Етимларга нисбатан ўзлари гўзал муомалада бўлардилар, уларга яхшилик қилардилар ва саҳобаларни ҳам шундай қилишга, етимларни ўз қарамоғига олишларига тарғиб қилиб, унинг фазилатларини баён қилардилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мен билан етимни қарамоғига олган киши жаннатда мана шундоқ бўлади», деб кўрсаткич ва ўрта қўлларига ишора қилдилар[10].  Бошқа бир ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонлардаги энг яхши уй бу унда етимга хайр-саховат қилинадиганидир», деб айтганлар[11].

Мунофиқларга раҳмат бўлганлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларини ўқиган ҳар бир ўқувчи биладики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинада бўлган даврларида тилида иймон келтирган бўлса-да, лекин замирида ул Зот соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши хатти-ҳаракатлар қилган қанча-қанча мунофиқлар бор эди.  Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни билсалар-да, лекин ҳаммага ошкора қилмаганлар. Уларни хиёнатларини фош ҳам қилмаганлар. Уларга омонлик бериб, қатл қилишга буюрмасдилар, балки зоҳирларига қараб муомоала қилардилар.

Кофирларга раҳмат бўлганлари

Кофирларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умумий раҳмат бўлганлари, бу дунёда кофирларни бутунлай қириб ташлайдиган азобдан омонда бўлганларидир. Ўтган умматларда Аллоҳ таоло уларга бир пайғамбарни юборса. кейин улар пайғамбарлигини ёлғонга чиқариб кофир бўлсалар,  Аллоҳ таоло уларга барчаларини бутунлай йўқ қилиб юборадиган азобни юборар эди. Бу ҳақда Қуръони каримнинг кўп сураларида очиқ-ойдин зикри келган. Нуҳ алайҳиссалом қавмлари, Од, Самуд қавми, Лут алайҳиссалом қавми мисолида.

Бироқ ушбу Муҳаммадий умматдан Аллоҳ таоло уларни бутунлай йўқ қилиб юборадиган умумий азоб туширишни бекор қилди.  Бу эса албатта,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурмати туфайли бўлган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Ё Расулуллоҳ, мушрикларнинг зарарига дуоибад қилмайсизми?» дейилганида, ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен лаънатловчи бўлиб юборилмадим, балки раҳмат этиб юборилдим», дедилар.

Асосан, Саййид Муҳаммад ибн Алавийнинг «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-инсон ал-комил» китоби ва бошқа китоблар асосида Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржима қилди.

[1] Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.

[2] Имом Бухорий ва Мусли ривояти.

[3] Имом Бухорий ва Муслим ҳамда Имом Термизий ривоятлари.

[4]Имом Термизий ривояти.

[5] Имом Табароний ривояти. Ушбу ҳадисни Ибн Синний Абу Ҳурайрадан ривоят қилган.

[6] Имом Бухорий ва баъзи жумлаларини Имом Муслим ривоят қилишган.

[7] Муттафақун алайҳи.

[8] Имом Насоий шу маънодаги ҳадисни ривоят қилган.

[9] Бу маънодаги ҳадисни Абу Яъло ва Табароний ривоят қилишган.

[10] Имом Бухорий ривояти.

[11] Ибн Можа ривояти.

02:49 / 27.06.2020
Аввалги мақола
Тақриз
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...