Робиъул-аввал ойининг 25-куни
- Ҳижрий 13-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 634-йил 30-май) мусулмонлар Шомнинг Бусро шаҳрини Холид ибн Валид қўмондонлигида фатҳ қилдилар ва бу Ислом тарихидаги Шомга бўлган биринчи фатҳ ҳисобланади.
- Ҳижрий 306-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 918-йил 5-сентябр) Шофеъий мазҳабининг катта фақиҳи Аҳмад ибн Умар ибн Сурайж вафот этди. У зот Шофеъий мазҳабини тарқалишида ўзининг катта ҳисссасини қўшган олимлардан бири ҳисобланади.
- Ҳижрий 1329-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 1911-йил 5-апрел) шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий таваллуд топди. Бу зот 20-аср Ислом оламининг кўзга кўринган забардаст олимларидан бўлган.

Бадрга отланган мусулмонлар уч юз ўн етти нафар эдилар. Шулардан саксон олтитаси муҳожирлардан, олтмиш биттаси ансорийларнинг Авс ва бир юз етмиштаси Хазраж қабиласидан эди. Авсликлар ҳазражийларга қараганда шижоатли, урушга сабрли эдилар. Аммо сафар масаласи тўсатдан пайдо бўлгани ҳамда яшаш жойлари ҳам Мадинанинг тепароқ қисмида эканлиги сабабидан авсликлар бу гал Бадрга ҳазражликларга нисбатан озчилик бўлиб чиқдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг улови тайёр бўлса, биз билан юрсин», дедилар. Улови Мадинадан узоқроқда бўлганлар, бориб уловларини олиб келгунча кутиб туришни сўрашган эди, кўнмадилар. Мусулмонлар, юқорида айтилгандек, урушни кутмаган, унга тайёргарлик ҳам кўрмаган эдилар. Лекин Аллоҳ таоло уларни душман билан тўсатдан тўқнаштирди.