Тонг отганда Қурайш оёққа турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг тепалик томонидан келаётганини кўргач:
«Эй бор Худоё, мана бу Қурайш ўз кибриёси ва фахри ила Сенга қарши келмоқда. Сенинг Пайғамбарингни ёлғончи қилмоқда. Эй бор Худоё, менга ваъда қилган нусратингни бер. Эй бор Худоё, уларни...», деб Роббиларига илтижо қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Утба ибн Робиъанинг қизил туя миниб келаётганини кўриб, дедилар:
«Агар қавмдан бирортасида яхшилик бўлса, шу қизил туя эгасида бўлади. Агар унга итоат қилсалар, тўғри йўл топадилар».
Улардан бир тўпи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳовузларига келиб тўхтадилар. Мушриклар орасида Ҳаким ибн Ҳизом ҳам бор эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уларга тегманглар», дедилар.
Ўша куни ким ҳовуздан сув ичган бўлса, ҳаммаси ҳалок бўлди. Фақат Ҳаким ибн Ҳизомгина тирик қолди. Кейинчалик Исломга кириб, яхши мусулмон бўлди.