Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу фикрни қабул қилдилар. У Зот ҳаммани хандақ қазишга чорладилар. Бу ишда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари шахсан иштирок этдилар. У Зот ҳам, мусулмонлар ҳам астойдил ишлаб, ҳолдан тойдилар. Баъзи бир мунофиқлар беркиниб қочиб қолди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн ҳам сўрамай, уйларига кетди. Мусулмонлар эса бирор зарур юмушлари чиқиб қолса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан рухсат сўрашар, ишлари битиши билан дарҳол жойларига қайтиб келишар эди. Хандақ қазиш табиий шароитга ҳеч мос келмас эди. Шундай бўлса ҳам, мусулмонлар белни маҳкам боғлаб, иштиёқ билан ишладилар. Руҳларини кўтариш учун кўпчилик бўлиб шеър ўқидилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам саҳобаларнинг кўнгилларини кўтариб ва уларни ғайратлантириб турдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аҳзоб урушида ҳам, одатдагидек, энг гўзал намуналарни кўрсатдилар. Хавф-хатар тасвирлаб бўлмайдиган даражада катта эканига қарамай, заррача қўрқмасдан Мадинани ҳимоя қилишга чиқдилар. Душманга қарши нима чора кўриш кераклиги ҳақида саҳобалар билан маслаҳат қилдилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хатарли ва нозик бир пайтда мўмин-мусулмонлар учун ишонч, орзу-умид, хотиржамлик тимсолига айландилар. Ким тушкунликка тушса, қўрқса, иккиланса, умидсизланса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриши билан бу туйғуларидан фориғ бўлар эди. Хандақ қазиш ишларида у Зот ҳаммага ўрнак бўлиб тер тўкдилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ер қазир, тупроқ сурар ва замбил кўтарар эдилар. Оғир меҳнат енгиллашсин учун жўр бўлиб, шеър ўқиган саҳобаи киромларга ўзларининг муборак овозлари билан қўшилар эдилар. Мусулмонлардан бирининг исми Жуъайл (қўнғиз) эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг исмини «Амр» деб ўзгартирдилар. Бундай хавфли пайтда хунук исмдан қутулиш кайфиятни кўтарар эди. Мусулмонлар бундан хурсанд бўлиб, исм ўзгарганини байтга солиб, баланд овоз билан айта бошладилар. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам байтнинг охирида уларга жўр бўлиб турдилар. Саҳобалардан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ёш бўлишига қарамай, тупроқ ташир эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриб: «Қандоқ ҳам яхши бола экан-а?» деб эркалатдилар. Иш давомида чарчаб, Зайд ибн Собит Хандақда ухлаб қолди. Шунда Аммора ибн Ҳазм унинг қуролини олиб қўйди. Уйғонгач, Зайд қуроли йўқлигини кўриб, қўрқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, уйқучи, ухлаб ётганингда қуролинг кетиб қолибдими?» деб ҳазил қилдилар. Сўнгра: «Бу боланинг қуролини ким билади?» деб сўрадилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, у менда», деди Аммора. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга қуролини қайтар», дедилар-да, кейин мусулмон кишининг ўзига билдирмай, бирор нарсасини олиб қўйиб қўрқитишдан қайтардилар. Хандақ қазиётганида Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг олдидан катта харсангтош чиқиб қолди. У харсангни синдира олмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни кўриб, чўқморни унинг қўлидан олдилар. Куч билан харсангни урган эдилар, ўт чақнаб кетди. Яна бир урган эдилар, яна ўт чақнади. Учинчи марта урган эдилар, учинчи марта ҳам ўт чақнади. Шунда Салмон Форсий розияллоҳу анҳу: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули, мен кўрган нарса нима ўзи? Зарба берганингизда ўт чиқди?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен ўшани ростдан кўрдингми, эй Салмон?» деб сўрадилар. «Ҳа», деб жавоб берди Салмон розияллоҳу анҳу. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биринчиси билан Аллоҳ таоло менга Яманни фатҳ қилди. Иккинчиси билан Аллоҳ менга Шомни фатҳ қилди. Учинчиси билан Аллоҳ менга Мағрибни фатҳ қилди», дедилар. Бу хабар яшин тезлигида мусулмонлар ичида тарқалди. Уларнинг руҳлари юксалди, ғалабага бўлган ишончлари мислсиз даражада ортди. Шу билан бирга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тинмай Аллоҳ таолога ёлборар, намоз ўқиб муножот қилар, Роббул оламийннинг Ўзидан нусрат сўрар эдилар. Буларнинг ҳамма-ҳаммаси мусулмонлар учун гўзал ўрнакдир. Шунинг учун ҳам ўзларидан кўра сон ва қурол жиҳатидан ғоятда устун бўлган аҳзобларни кўрган мўминлар заррача қўрқмадилар. Уларнинг бу ҳолатини Аллоҳ таоло Ўз Китоби мубинида қуйидагича васф қилди: «Мўминлар аҳзобларни кўрганларида: «Бу бизга Аллоҳ ва Унинг Расули ваъда қилган нарсадир. Аллоҳ ва Унинг Расули рост сўзларлар», дедилар. Бу уларга иймон ва (Аллоҳга) таслимдан бошқа нарсани зиёда этмади». Ўша Аҳзоб урушида мусулмонларнинг сони уч мингта эди. Уларга қўшимча мадад келиши мумкин ҳам эмас. Чунки ер юзида улардан бошқа мусулмон йўқ эди. Мушрик ва кофирлар аҳзобининг эса сон-саноғига етиб бўлмас эди. Биргина қурайшликлар лашкари ўн минг кишидан иборат эди. Бунинг устига, турли қабилаларни жамлаган ғатафонликлар, бани Қурайза яҳудийлари ва бошқалар бўлиб, уларга яна қўшимча мадад кучлари келиши мумкин эди. Чунки ўша пайтда дунё кофир ва мушрикка тўлиб кетган эди. Биров аҳзобларга ёрдамга келса, йўлини тўсадиган одам ҳам йўқ эди. Ана шундай пайтда кичик бир манзил атрофига хандақ қазиб олиб қамалда қолган кишилар, ким бўлишидан қатъи назар, устларига бостириб келган сонсиз-саноқсиз фирқаларни кўрганларида даҳшатга тушиши турган гап эди. Хусусан, камон, қилич, найза ва тош билан уруш олиб бориладиган ўша пайтда ҳар бир жангчи катта куч ҳисобланарди. Инсоний ўлчовга кўра, кимнинг сони кўп бўлса, ўша ғолиб келиши керак эди. Аммо Аллоҳ ва Унинг Расулига иймон келтирган мўмин-мусулмонлар бу ўлчовдан устун бўлдилар. «Мўминлар аҳзобларни кўрганларида: «Бу бизга Аллоҳ ва Унинг Расули ваъда қилган нарсадир. Аллоҳ ва Унинг Расули рост сўзларлар», дедилар». Мўминнинг иши ўз-ўзидан жўнлашиб кетавермаслигини, балки турли синов ва имтиҳонлар бўлишини, кофир ва мушриклар бизга қарши чиқишини, бизга душманлик қилишини ва улар билан курашда биз ютиб чиқишимизни бизга Аллоҳ таоло ҳам, Унинг Расули ҳам айтган эдилар. Улар рост айтган эдилар: «Бу уларга иймон ва (Аллоҳга) таслимдан бошқа нарсани зиёда этмади». Яъни кофирларнинг аҳзоб бўлиб, сонсиз-саноқсиз ададда устларига бостириб келишлари мўминларга иймондан ва Аллоҳ таолога бутунлай ўзларини топширишдан бошқани зиёда қилмади. Уларнинг иймон-эътиқодлари ва мусулмончиликлари яна ҳам кучайди. Ҳа, иймон келтирган, мусулмон бўлган одамлар ана шундай одамлардир.