Ана шу пайтда Аллоҳнинг душмани яҳудий Ҳайй ибн Ахтоб ҳаракатга тушиб қолди. Мадинада мусулмонлар билан бирга яшаётган яҳудийларни ишга солиб, ичкаридан зарба беришни режа қилди. У бани Қурайза қабиласи бошлиғи Каъб ибн Асад ал-Қаразийга бориб учрашди. Каъб ибн Асад қабиласи номидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тинчлик, ҳамкорлик аҳдномасини тузиб яшаётган эди. Каъб ибн Асад Ҳайй ибн Ахтобга: «Сен шум одамсан, мен Муҳаммад билан аҳдлашганман, у билан орамиздаги аҳдномани бузмоқчи эмасман, мен унинг доимо аҳдига вафо қилганини кўрдим», деди. «Шўринг қурисин, эй Каъб! Мен сенга бир умрлик обрў, улкан денгиз келтирдим. Қурайшнинг бошлиқларию улуғлари билан олиб келдим. Мен уларни Румаҳдаги сел тўпланадиган жойга туширдим. Ғатафонни ҳам оқсоқоллари билан қўшиб олиб келиб, Уҳуд томонга туширдим. Улар менга Муҳаммадни таг-томири билан йўқотмагунларича, қайтмасликка аҳду паймон бердилар», деди Ҳайй. «Аллоҳга қасамки, сен менга бир умрлик хорлик келтирдинг. Суви тушиб бўлган булут келтирдинг. Мен Муҳаммаддан фақат вафо ва садоқат кўрдим, холос», деди Каъб унга. Ҳайй бўлса, Каъбнинг бошини айлантириб, турли гаплар билан қизиқтириб, охири айтганига кўндирди. Икковлари аҳду паймон қилишди. Агар Қурайш ва Ғатафон Муҳаммадни енга олмай, қайтиб кетсалар, Ҳайй ҳам Каъб билан бирга унинг қўрғонига кириб, мусибатига шерик бўладиган бўлди. Каъб ибн Асад Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тузган аҳдномани бузди ва бани Қурайза ҳам душман ҳизбларга қўшилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу хабар етиб борганида, одам юбориб, унинг ростлигини аниқлаб олдилар. Шундан сўнг хавф-хатар яна ҳам кучайди. Мусулмонларнинг душманлари юқори тарафдан ҳам, қуйи тарафдан ҳам бостириб кела бошлади. Мўминлар турли гумонларга бордилар. Мунофиқларнинг нифоқлари ошкор бўлди. Бани Амр ибн Авф қабиласидан Мутъаб ибн Қушайр: «Муҳаммад бизга Кисро ва Қайсарнинг хазиналарини ейишимизни ваъда қилар эди. Лекин бугун бирор кишининг таҳоратга эсон-омон бориб-келишига ҳам ишонмай қолдик-ку!» деди. Бани Ҳориса ибн Ҳорис қабиласидан Авс ибн Қайзий бир тўп одам билан келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳақиқатдан ҳам уйларимиз очиқ қолган. Бизга ортга қайтишга изн бер, уй-жойимизга борайлик. Улар Мадинанинг ташқарисида», деди.