8 жумадис сони 1446
Ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сут эмиш интизомлари
 

Саййидул коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёға қадам қўюб, волидаи меҳрибонларин сийналаридин уч кунгина сут эмдилар. Кейин бир неча кунға қадар амакилари Абу Лаҳабнинг озод қилғон чўриси Сувайба эмизди. Ҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам туғулган соатларида туғдурган доялари – Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг оналари Шифо ҳамда Расулуллоҳнинг оталари Абдуллоҳнинг жориялари Баракаи ҳабашия эрдилар. Бу хотуннинг кунялари Умму Айман эрди. Бу хотун оталаридин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламға мерос қолди. Ҳазрат ёшлари улуғ бўлганда бу жорияларини озод этуб, мавлолари Зайд ибн Ҳорисаға хотун қилуб бердилар.

Жоҳилият арабларин ва Қурайш буюкларин хотунлари болаларин ўзлари эмизмай саҳро хотунлариға эмизмак учун берур эрдилар. Чунки саҳро ҳавоси тоза ва инсонға ёқимлик бўлур эрди. Саҳрода тарбия топган болалар жисмлари соғ ва димоғлари чоғ юрур эрди. Ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам волидалари, боболари ва афроди хонадонлари ҳам бу жанобни саҳройи эмизикчиларнинг бирлариға бермакчи бўлдилар. Иттифоқо, ўшал кунларда Бани Саъд қабиласи турган ерларда ниҳоятда оғир қаҳатлик пайдо бўлган эрди. Қабила хотунлари шаҳарға эмизиш учун болалар ахтаришиб келишган эрдилар. Алар ичларида Ҳалимаи саъдия номлик бир некбахт (бахтли) хотун ҳам эри ила шул ғаразда келган эрди. Мазкура хотун ўз муборак тили ила бу баённи берубдур: «Бизлар, яъни Бани Саъд қабиласидин Маккаға келган хотунлар ҳаммамиз Муҳаммад (алайҳиссалом)ни кўрдук. Оналари ҳаммамизға бу болани олинглар, деб арз қилдилар. Лекин бизлар отаси йўқ етим болани эмизиб, нима ҳосил олурмиз ва онаси бизға нима мукофот бера олур, деб унамадик. Мен била баробар келган хотун рафиқаларим ҳаммалари бирдин-бирдин бола олиб хотиржам бўлишди. Биргина мен бола ололмадим. Вақтийки ҳамма Маккадин жўнамакчи бўлуб эрди, мен эримға дедим: «Рафиқаларим бир-бир бола олдилар. Мен нечук маҳрум қайтурман, Худо номиға қасамки, етим бўлса ҳам ҳеч ким олмағон бу болани олуб кетурман». Эрим деди: «Олсанг яхши бўлур, ажаб эмас, Аллоҳ таоло бу бола баракатидин бизнинг аҳволимизни дуруст қилса». Кейин ҳеч бир бола топилмагандин шул етим болани онасин қўлидин олиб ватанимға қайтдим».

Ҳазрат Ҳалима розияллоҳу анҳонинг хонадони ҳолатлари ниҳоятда ёмон бўлғон эрди. Рўзгорларидин баракат учган, оғир паришонликға учраган эрдилар. Бутун қабила ҳаммаси буюк қаҳатға мубтало эрдилар.

Жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламни олиб қабиласиға қайтиши ила баробар ҳазрат Ҳалима хонадонлари баракатға тўлди ва бутун қабила илоҳий раҳматлар ила навозиш қилинди. Осмондин файз ёға бошлади. Ҳазрат Ҳалима ҳар олти ойда ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Маккаи мукаррамаға олиб келиб, волидаларини зиёрат қилдириб, яна олиб кетур эрдилар. Жаноб Набийи маъсум соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Ҳалима сутларини икки йил эмдилар. Ҳамиша ўнг эмчагини эмар эрдилар. Чап эмчагини бошқа ака-укалариға қўюр эрдилар. Гўё гўдаклик замоналаридин инсоф табиатлик ва адолатлик зот эрдилар. Икки йил комил ўтгандин кейин ҳазрат Ҳалима сутдин чиқариб, волидалариға тобширмак учун Маккаи мукаррамаға олиб келдилар. Ўшал кунларда Маккада ҳаволар бузилган эрди. Саҳрода яхши ҳаволар ила тарбия топган бола шаҳарда сиҳҳати хароб бўлмасун деб, волидалари яна ҳазрат Ҳалимаға ёндуруб бердилар. Жудоликға кўнгли рози бўлмаган, вужудларидин беҳисоб баракатлар кўрган, ўз ичида Худоға нолалар қилган Ҳалима онамиз Аллоҳ таолоға шукрлар қилган ҳолларида ниҳоятда хуш ва хуррам бўлуб, болаларин бағирлариға босиб, ватанлариға олиб келдилар. Кейин муборак ёшлари тўртға тўлганда волидаи можидалари ҳазрат Ҳалима қўлларидин қайтариб олдилар. Ёшлари олтиға етгунча ўз қошларидин йироғ қилмай давлатхоналарида олиб турдилар. Оталарин йўқликларин билдирмай, етимликдин мажруҳ дилларин ўкситмай, ҳам онаи меҳрибон, ҳам отаи () бўлуб ўтдилар. Бу тариқада олти ёшға тўлганларида волидаи можидалари Мадинаға қариндош-уруғларин зиёрат қилдириб келмак қасдида ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни олиб бордилар. Мадинада бутун бир ой туриб, Маккаға ёндилар. Йўлда Абво деган мақомда фоний дунёдин риҳлат қилдилар. Жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам эмди чиндин етим бўлдилар. Ота соясидин ҳам, она қучоғидин ҳам баробар жудо бўлдилар. Абводин Маккаи мукаррамаға бу жанобни сафарларида оналариға ҳамроҳ бўлуб борган жориялари ҳазрат Умму Айман розияллоҳу анҳо олиб келиб, боболари Абдулмутталибға топширдилар. Боболари бул жанобни ўз тарбиялариға олиб, ниҳоятда шафқату иноят ила сақладилар. Шул ҳолда ҳам ҳазрат Умму Айман розияллоҳу анҳо бутун хизматларини инжом беруб турдилар. Кейин ёшлари саккизға тўлганда бобои меҳрибонлари Абдулмутталиб ҳам вафот қилдилар. Ўшал кунларда ҳазрат Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам умрлари саккизға тўлуб, икки ойю ўн кун зиёда бўлғон эрди. Абдулмутталиб жанозаси (яъни, тобути) кўтарилганда Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам баробар борар эрдилар. Муборак чеҳралари маҳзун ва кўзларидин ёшлари оқуб турур эрди. Боболари ўлишдин илгари бу () етимни ҳақиқий амакилари Абу Толибға тобширди ва бу жаноб ҳақларида кўб таъкидлар қилди. Анинг учун Абу Толиб ҳам ниҳоятда яхши тарбия қилди. Қўлидин келган меҳрибонлиғни дариғ тутмади. Ҳамиша ўзи ила баробар олиб юрди. Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам агарчи ёш бўлсалар ҳам ниҳоятда оғир, хомуш фикрлик, амакилариға мутеъ, муҳиб, ҳурматлик, ўзлари ила машғул, боадаб, вафолик, хайрихоҳ бир зот эрдилар. Амакиларин хотирларин кўб эҳтиёт қилур эрдилар. Бошқа омм болалар каби ул жанобда беҳуда йиғлаш, уйдагиларни қийнаш, сўзға кирмаслик, кўчаларда ўйнаш табиати йўқ эрди. Дастурхон ёзилса, оҳиста амакиларин ёнлариға келиб таомни баробар еб, туруб кетур эрдилар. Ахлоқу одобларин кўрган киши ҳуши кетиб, ҳайратда қолур эрди. Тўққиз ёшлик бола бўлиб туриб ҳам амакимға оғирлиғим тушмасин, қари одамға дардисар бўлмай, мен ҳам кўмак қилай, текин емай деб одамларнинг қўю эчкиларин боқур эрдилар, тобган нарсаларини амакилариға келтуриб берур эрдилар.

11:01 / 26.02.2012
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...