2 жумадис сони 1446
Расулуллоҳнинг пайғамбар бўлишдан аввалги ахлоқлари
 

 

Муҳаммад алайҳиссалом мулойим феъл-атворли, аҳдига содиқ, инсон шаънига доғ туширадиган ёмон хулқлардан холи, одамгарчилиги устун, хушмуомала, қўшничиликни ўрнига қўядиган, табиати юмшоқ, энг муҳими, ростгўй Зот эдилар. Аллоҳ у кишининг вужудида мулойимлик, сабрлилик, шукроналик, одиллик, камтарлик, иффат, қўли очиқлик, қаҳрамонлик, уятчанлик каби гўзал хислатларни, тўғри саъй-ҳаракатларни жам этгани учун эл-юрт Амин деб атарди. Ҳатто Абдуддор жамоасидан бўлмиш Расулуллоҳнинг ашаддий душмани Назр ибн Ҳорис ҳам у кишидаги фазилатларга тан бериб, Укоз бозорида ўтган бир йиғинда: «Сизлар (қурайшларни айтмоқчи) Муҳаммаддан болалик чоғидаёқ хурсанд эдинглар, у орангиздаги энг ростгўй, энг ишончли киши эди. Вояга етиб Пайғамбар бўлганда уни сеҳргарга чиқардинглар. Аллоҳнинг номи билан қасамёд қиламанки, у асло сеҳргар эмас», деган.

Рум подшоси Ҳирақл (Қайсар) Абу Сўфёндан: «Муҳаммад пайғамбарлик даъвосини қилишдан олдин ёлғончилиги учун ҳеч маломатга учраганмиди?» деб сўраганда у: «Йўқ», деб жавоб қайтарган. «Муҳаммад одамларга ёлғон сўзламаган экан, демак, Худога ёлғончилик қилиши мумкин эмас», дейди Ҳирақл. Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломни болалигиданоқ жоҳилият даврининг қусурларидан асраган, одамлар кўр-кўрона сиғинадиган бут ва санамларни ёмон кўрсатган, у киши бутпарастларнинг ўз санамлари шарафига ўтказадиган байрамларида қатнашмас эдилар. «Ўсмирлик пайтимданоқ бутларни, бемаъни шеърларни ёмон кўрардим. Жоҳилият даврининг ишларини фақат икки марта кўнглим тусади, лекин ҳар икки гал ҳам Аллоҳ ўйлаганимни рўёбга чиқармади. Шундан кейин Тангри таоло мени пайғамбарликка мушарраф этгунга қадар бундай нарсалар хаёлимга ҳам келгани йўқ. Бир куни кечаси қўй боқадиган чўпон болага қўйларимга бир оз қараб туришни илтимос қилиб, Маккадаги ёшларнинг тунги сайлида қатнашмоқчи бўлдим. Шаҳарга кириб тўй бўлаётган бир хонадоннинг олдида тўхтаб қолдим. Най, чилдирма, қўшиқ овозига қулоқ тутиб ўтирдим. Бироқ ҳали қулоқларим куй-қўшиқдан роҳатланиб улгурмай, кўзим илинибди. Эртасига қуёшнинг иссиқ тафтидан уйғониб кетдим. Кўзлаган мақсадимга етолмай изимга қайтдим. Иккинчи сафар ҳам шу ҳол такрорланди», дея ҳикоя қиладилар Пайғамбар алайҳиссалом.

Расулуллоҳ қурбонлик молнинг қонини оқизиб, ибодат қилинадиган тош — Нусубга атаб сўйилган молнинг гўштини емасдилар. Ароқ-шароб ичиш арабларда кенг тарқалган бўлса-да, у киши бу иллатдан ҳамиша ўзларини тийганлар. Аллоҳ пайғамбарлар ваҳийни қабул қилишга лаёқатли бўлишлари учун уларнинг жисмини ана шундай фазилатлар билан зийнатлаган. Улар пайғамбар бўлишдан олдин ҳам, кейин ҳам ҳар қандай гуноҳлардан холи эдилар. Бу Зоти муборак болалигида эрта-индин зиммаларига юкланадиган улкан вазифаларга муносиб бўлиш учун, пайғамбарликка эришгач эса ўз умматларига ибрат кўрсатиш учун ҳам жисман, ҳам руҳан покландилар.

 
05:34 / 27.06.2020
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...