Вақтийки жаноб онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлари йигирмадин ошди, муборак диллари ҳаёт заруриёти учун бирор касб ва санъат ила кун кечирмакға мойил бўлди. Машғала кўп эрди, лекин ҳазрат тижоратни ихтиёр этдилар. Тижорат учун кофий сармоя йўқ эрди. Бу хусусда бироз фикрда турган эрдиларки, Маккаи мукарраманинг мўътабар боиззат молдор хонадонларидин бир бева хотун бор эрди. Номлари Хадича бўлуб, ниҳоятда давлатманд, сармоядор хотун эрдилар. Одамлар бу хотундин сармоялар олушуб тижорат қилушур эрдилар. Бу хотун жаноб Набийи карим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқи жамилаю одоти жалилаларин ва ақлу тадбирда шуҳратларин эшитуб ўз-ўзича шерик тижорат бўлушларин талаб қилди ва бор молларин қўли ила топшурди ва Майсара номлиъ бир ходими бор эрди, хизматлариға ҳамроҳ қилуб берди. Жаноб ҳазрат саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Хадича молларин олуб, Шом сафариға чиқдилар. Бу сафарда тижоратлари ниҳоятда кўп нафъ қилди. Тижоратда бўлғон бу қадар буюк нафъни кўрган ҳазрат Хадича беҳад хуш бўлди. Ҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламға ҳиссаларин топшурди.
Кундин кунға халқ ўртасида садоқат ва омонат ила шуҳратлари зиёда бўлғон сабабдин тамом аҳли Макка онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам номлариға Содиқ ва Амин лақабини зиёда қилдилар ва исми шарифларин Муҳаммад Содиқ ва Муҳаммад Амин деб ёд қила бошладилар. Хусусан, Шом сафарида ҳамроҳ бўлуб боруб келган Майсара ўз саййидаси Хадичаға тамом кўрган-билган воқеаларин баён қилуб, Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васалламни бир гавҳари якто ва бир зоти беҳамто эканликларин билдурди. Аввалдин бу Жаноб ҳақларида камоллариға асир ва мухлиси беназир бўлуб юрган Хадичанинг ақидаси яна зиёда бўлди.
Ҳазрати Хадича аввал икки эр қилғон ва икки-уч болалик бўлғон ва ёшлари қирқға борғон бир бева хотун эрдилар. Арабларнинг буюкларидин неча киши толиб бўлғонда, қабул қилмағон эрдилар. Ўзлари соҳиби ҳиммат, ахлоқлари покиза бўлғон сабабдин Қурайш жамоасида лақаблари Тоҳира эрди. Бу зот анқариб бир зотнинг Набийи охир замон бўлуб чиқишларин билур эрдилар. Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шояд ўшал зот бўлуб қолишлариға гумонлари бор эрди. Тубандаги воқеа шул гумоннинг ростлиғиға далолат қилур.
«Мажаллатул манор» соҳиби Саййид Рашид Ризо ўз таълифи «Хулосатус сийратил Муҳаммадия»да дебдурки: «Фокиҳи тарихи Макка»да саййидуно Анас розияллоҳу анҳудин ривоят қилурки: «Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлик замонларида бир кун амакилари Абу Толиб қошида ўлтурганларида, андин Хадича уйиға бормакға ижозат сўрадилар. Амакилари ижозат бердилар, лекин орқаларидин Набаъа[1] номлик бир жорияни ҳам юборуб дедики: «Эй Набаъа! Сен баробар боруб Хадича Муҳаммадға нима сўз қилур эшитгил». Набаъа дебдурки: «Мен Муҳаммад ила Хадича уйиға баробар бордим. Хадича Муҳаммад истиқболи учун кўча дарвозасиғача чиқди ва кейин деди: «Эй жаноб, ота-онам Сизға фидо бўлсун, шояд, Набийи охир замон Сиз бўлсангиз. Агар менинг бу фаросатим тўғри бўлуб, ўшал Пайғамбар Сиз бўлуб қолсангиз, менинг ҳаққимни ва манзилатимни яхши тануб қўйинг ва Сизни Пайғамбар қилуб юборгувчи Парвардигор даргоҳиға менинг учун дуо қилинг». Набаъа деди: «Хадичанинг бу сўзиға Муҳаммад бу жавобни берди: «Эй Хадича, мен агар сен деган Пайғамбар бўлуб қолсам, сенинг бу ақида ва иноятингни ҳаргиз унутмасман. Агар мен бўлмасам ҳам ул Худойики, сен бу ақида ва ҳурматни Анинг учун қилуб турубдурсан, ҳаргиз сени унутмас».
Воқидий ривоятида, Нафиса бинти Умайя дебдурки, Хадича ниҳоятда шарофатлик, сабрлик, молдор, баҳодир бир хотун эрди. Бева қолғондин кейин Қурайшнинг улуғларидин ани таманно қилмағон ва анга толиб бўлмаган бир киши қолмади, лекин ул қабул этмади. Вақтики, Жаноб Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам анинг сармоясин олуб Шомға боруб қайтдилар ва тижоратлари кўб нафъ қилди, мени махфий суратда ул зот хизматлариға юборди. Мен боруб дедим: «Эй Жаноб, Сиз на учун хотун олмайдурсиз?» Жавоб бердиларки: «Хотун олишға қодир эмасман, қўлумда бир нарса йўқдур». Мен дедим: «Агар Худо Сизға бир соҳибжамол, молдор, шарифа, муносиб хотун карам қилса, нима дерсиз?» Жаноб сўрдиларки: «Ул хотун кимдур?» Мен дедим: «Хадичадур». Кейин Жаноб рози бўлуб жавоб бердилар. Кейин Жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча амакилари ила ҳазрат Хадичанинг амакиларин уйлариға бордилар. Амакилари Абу Толиб: «Хадичани фарзандимиз Муҳаммадға талаб қилуб келдук», дедилар. Хадичанг амакилари қабул этдилар, маҳрлари йигирма адад туя бўлди, никоҳ хутбасин Абу Толиб ўқудилар. Йигирма беш ёшлик навжавон қирқ ёшлик бокамол шарифа хотун ила хонадор бўлдилар. Ҳар икки жаноб меҳру муҳаббат ва иззату ҳурмат ила йигирма беш сана умр кечурдилар.
Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳамма фарзандлари шул жанобдин бўлгандур ва бу жаноб тирик туруб бошқа бир хотунни устлариға олмадилар, бошқа волидаларимизни бу зот вафот қилғонларидин кейин олғондурлар. Жаноб Расули аъзам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч бир хотунларин ҳазрат Хадича баробарларида яхши кўрмас эрдилар. Вафотларидин кейин ҳам ҳамиша ёд қилур эрдилар.
Ҳазрати Оиша кўрмасалар ҳам ул жанобға кўб куяр эрдилар. Бир кун жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Хадичадин сўз қилуб туруб эрдилар, Оиша дедилар: «Ул кишини мунча ёд қилурлар? Бир кампир эрди, Худо олди, ўрниға андин яхшироғини берди». Оиша розияллоҳу анҳонинг бу сўзлариға Ҳазратнинг ғазаблари келди ва дедилар: «Йўқ, йўқ! Ҳаргиз андин яхшисини бермади, чунки Хадича одамлар менга ишонмаган замонда ишонуб иймон келтурди, халқ менга боқмағон замонда молу жони ва иззати ила мени ҳимоя қилди ва фарзандларимни Худо андин ато қилди». Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо дебдурларки: «Шул кун мен аҳд қилдимки, ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида мундин кейин Хадичани ёмонламай, мана вафодорлик, қадрдонлик шундоғ бўлур».
Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон бир қўй забҳ қилдурсалар, ҳазрат Хадича розияллоҳу анҳонинг аҳбоблариға насиба юборур эрдилар. Жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Хадичани никоҳлариға олғондин кейин, Худонинг ибодати ва Набийи башарнинг хайру беҳбудлиги ила машғул турдилар.
Шул фурсатда мамлакат сардорлари, қабила бошлиқлари ила кўрушганларида олам амну амони, йўллар тинчлиги, ўзаро иттифоқлик, ўртадаги душманликларни кўтариш ҳақинда ва ниҳоятда муҳим маслаҳатларда бўлур эрдилар. Бу таҳрикларин натижасида бир жамият қоим бўлди. Бу жамиятға Бани Ҳошим, Бани Мутталиб, Бани Асад ва Бани Зуҳра шомил эрдилар. Дохил бўлгувчи аъзолар бу тариқа аҳду паймон қилур эрдилар:
1) бизлар мамлакатни фасоддин, бахтсизликдин сақлармиз;
2) йўловчиларни муҳофаза этурмиз;
3) ғарибларға мадад берурмиз;
4) тоқатурларни нотавонларға ва бекасларға зулм қилгали қўймасмиз.
Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу тадбирларидин инсонлар жону моллари нав оройиш топуб қолуб эрди.
Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлғон замонларида ҳам дер эрдиларки: «Ҳозир ҳам бир киши ўшал жамият номидин бир мазлум мадади учун бизни чақирса ҳозирдурмиз».
Мана бу тариқада кундин кунға халқ учун манфаатлик салоҳлар бера бошлаган сабабларидин, бутун уммати арабия ул Жанобнинг номларин тутмай, фақат Содиқ ва Амин деган алфози муборака ила чақирушур эрдилар.
[1] Умму Ҳони бинти Абу Толибнинг чўриси Набаъаи ҳабашия.