Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ёшлари ўн иккиға етганда амакилари Абу Толиб тижорат қасдида Шомға бормакчи бўлдилар. Бу ҳолни билгач, жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилариға: «Мени ҳам баробар олиб кетсинлар», деб ражо қилдилар. Амакилари ночор бўлиб ҳазратни ҳам олиб кетдилар.
Бу сафарда ажиб воқеалар учради, олиб кетган моллари ниҳоятда яхши сотилди. Йўлда Бусро деган мақомда Баҳийро деган бир насроний роҳиб бор эрди, ул ҳамиша ўз савмаъа (кулба)сида ибодатға машғул турур эрди, ўтган-кетганлар ила иши йўқ эрди. Бу дафъа бу қофилаға кўп ажиб муомалалар қилди, қофила келиб тушган замон аларни истиқбол қилди ва эҳтиром ила кутиб меҳмон қилди.
Ҳазрат Набий карим соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб: «Бу бола саййидул мурсалиндурлар», деди. Қофила (аҳли) сўрадиларки: «Сен бу Зотни пайғамбар бўлишларини нечук билдинг?». Роҳиб жавоб бердики: «Сизлар тоғдин тушиб турган вақтларингда нақадар тош ва нақадар дарахт бўлса, ҳаммаси сизларға эгилди. Тошу дарахт пайғамбардин бошқа кишиға сажда қилмас!». Бу роҳиб ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки катфларин (кифт, елка кураги) ўртасида хотами нубувватни кўргач, Абу Толибға дедики: «Яҳудлар бу болани ()сида юрубдурлар, сиз бу Зотни Шомға олиб бормангки, яҳудлардин азият етиш эҳтимоли бордир». Бу сўзни эшитгач, Абу Толиб ҳазрат Набий карим соллаллоҳу алайҳи васалламни Маккаи мукаррамаға ёндуруб юборди.