21 жумадул аввал 1446
Расулуллоҳнинг Тоифга ҳижратлари
 

 

Мушрикларнинг жабру ситами ҳаддидан ошиб кетгач, Расулуллоҳ Макканинг шарқи-жанубида жойлашган Тоифдаги Сақиф қабиласидагилардан ёрдам сўрамоқчи ҳамда шу баҳонада уларни динга даъват этмоқчи бўлдилар.

Сақиф қабиласи орасида Пайғамбар алайҳиссаломнинг қариндошлари ҳам бор эди. Сарвари олам озодгардаси Зайд ибн Ҳориса билан қабила оқсоқоллари ҳузурига бордилар. Амр ибн Умайр Сақифнинг ўғиллари Абдиёлил, Масъуд, Ҳабиб қабила бошлиғи эдилар. Расулуллоҳ гапни динга даъватдан бошладилар ва шу заҳоти қаттиқ зарбага учрадилар. Муҳаммад алайҳиссалом бу ерга бекорга келганларини, уринишлари зое кетишини англаб афсусландилар ва бу ерга келишларини Қурайш мушриклари нотўғри тушунишларидан, бизга қарши куч тўплаяпсан, деган хавотирда душманликни баттар авж олдириб юборишларидан хавфсираб, келганларини сир тутишларини ўтиндилар, бироқ оқсоқоллар у кишининг илтимосини рад этишди. Буниси ҳам етмагандек, аҳмоқ одамлар билан болаларни гиж-гижлаб, Расулуллоҳнинг йўлларини тўсиб тош оттиришди. Зайд ибн Ҳориса ҳимоя қилишга ҳарчанд уринмасин, Расулуллоҳнинг оёқлари яраланди. У киши қоча-қоча бир туп ток тагига келиб дам олмоқчи бўлдилар. Бироқ ток ашаддий душманлари Утба билан Шайбага қарашли эканини билган Расулуллоҳ бу ерда бир нафас туришни ҳам истамадилар. Пайғамбар алайҳиссалом: «Эй парвардигорим, — дея Ҳаққ таолога мурожаат қилдилар. — Танимда мадорим, эл-юрт орасида ҳурмат-эътиборим қолмагани учун сенга шикоят қиляпман. Эй улуғ ҳурматга сазовор Зот, сен ожизларга ёрдам бергувчисан, яратган Роббимсан, мени кимларга топшириб қўйдинг? Агар ғазаб қилмасанг, бу қийинчиликлар менга писанд эмас». Бу гапларни эшитиб турган Утба билан Шайбанинг раҳми келиб Расулуллоҳга қули Аддосдан бир бош узум бериб юборишди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» деб узумни ея бошладилар. Аддос: «Бу юртнинг одамлари бундай гапларни айтишмасди. Қаерликсан?» деб сўради. «Сен ўзинг қаерликсан? Қайси динга эътиқод қиласан?" деб сўрадилар Расулуллоҳ. «Мен Дажла дарёси бўйига жойлашган Найнаво шаҳриданман. Насроний динига эътиқод қиламан», деди Аддос. «Юнус ибн Матто деган яхши одамнинг юртидан экансан-да», дедилар сарвари олам. «Сен у кишини қайдан биласан?» дея қизиқсинди Аддос. Расулуллоҳ Қуръондаги Юнус қиссасини ўқиб бердилар. Бу ҳикоятдан қаттиқ мутаассир бўлган Аддос калима келтириб, мусулмон бўлди.

Жаброил алайҳиссалом келиб Пайғамбар алайҳиссаломга: «Халқнинг сенга ўтказган жабр-зулмлари учун нима қил, десанг, мен шуни бажо келтиришга Аллоҳ томонидан юборилганман», деганда Расулуллоҳ: «Эй парвардигор, халқимни ҳидоят қил, чунки унинг ҳеч нарсадан хабари йўқ, омидир», деганлар. Шунда Жаброил: «Аллоҳ таоло сени меҳр-шафқатли, раҳмдил деб рост айтган экан», дейди.

Пайғамбар алайҳиссалом Нахла деган жойга келганларида бир гуруҳ жинлар пайдо бўлишди ва Қуръон оятларини эшитиб, иймон келтиришди. Аҳқоф сурасининг 29 − 32-оятлари мана шу жинлар ҳақида нозил бўлган: «Вақти келиб бир гуруҳ жинларни Қуръон эшитишга юбордик. Улар етиб боришгач, бир-бирига жим туринглар, дейишди. Қуръон тиловати тугагач, улар огоҳ этувчилар бўлиб ўз қавмига қайтиб кетишди. Улар: «Эй қавм, биз Мусодан кейин нозил бўлган, аввалги китобларга мос келадиган, ҳақ динга ва тўғри йўлга бошлайдиган Китобни эшитдик. Эй қавм, Аллоҳга даъват этувчининг ҳақ сўзларини қабул этинглар ва Аллоҳга ишонинглар, Парвардигор баъзи гуноҳларни мағфират қилади. Сизларни қаттиқ азобдан қутқаради. Кимки Аллоҳга ишонишга чақирувчининг даъватидан бўйин товласа, у ер юзида азобдан қочиб қутулолмайди. Унга Аллоҳдан ўзга бирон ёрдамчи йўқдир. (Даъватни рад этиш) бориб турган гумроҳликдир». Жинларнинг номи билан аталган сурада уларнинг қиссаси батафсил баён этилган. Жин сурасининг 1 − 2-оятлари мана бундай бошланади: «Бир неча нафар жиннинг мендан Қуръон эшитганлиги, уларнинг биз тўғри йўлга бошлайдиган ажойиб Китобни эшитиб, иймон келтирдик, Роббимизга ҳеч кимни шерик келтирмаймиз, деганлиги менга ваҳий қилинди, дегин».

 
10:03 / 13.04.2012
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...