21 жумадул аввал 1446
Катта Бадр ғазоти

 

Пайғамбар алайҳиссалом қурайшларнинг катта карвони Шомга кетганини билардилар. Карвон орқага қайтаётганидан хабар топиб, саҳобаларни сафарга отлантирдилар: «Карвоннинг йўлини тўсиб чиқинглар. Аллоҳ бу карвонни сизларга марҳамат қилиши мумкин». Баъзилар дарров йўл ҳозирлигини кўрди, баъзи бировлар Расулуллоҳ бари бир улар билан урушмайдилар, деган ўйда ўз юмушлари билан машғул бўлавердилар. Сарвари олам от-уловини шайлаганларни ёнларига олиб, боқи-беғамларни кутмасдан йўлга тушдилар. У кишининг ўрнига Мадинада Абдуллоҳ ибн Умму Мактум қолди. Рамазон ойининг учинчи куни уч юз ўн уч киши Қурайш мушриклари етказган озору кулфатлар учун ўч олгани юриш қилди. Уларнинг икки юз қирқдан кўпроғи ансорлардан, қолгани муҳожирлар бўлиб, ихтиёрларидаги иккита от билан етмиш туяни галма-галдан минишарди. Байроқни Мусъаб ибн Умайр Ал-Абдари кўтариб олган эди. Абу Суфён Пайғамбар алайҳиссалом карвоннинг йўлини тўсиб чиққанларини эшитиб, дарров Маккага одам жўнатди. Бу гапдан хабар топган қизиққон қурайшлар ўз карвонини асраш учун (Абу Лаҳаб ибн Абдул Мутталибдан бошқа ҳамма) йўлга отланди. Абу Лаҳаб ўз ўрнига Осс ибн Ҳишом ибн Муғирани жўнатди.

Имом Бухорийнинг ривоят қилишича, Саъд ибн Муоз ҳижратдан кейин Каъба зиёратига борган пайтида Умайя ибн Халафга: «Мусулмонлар сени қандай бўлмасин ўлдирмоқчилигини Расулуллоҳдан эшитдим», деди. «Улар мени қаерда ўлдиришаркан?» деб сўрабди Умайя. Саъд: «Бунисини билмадим», дебди. Бу гапдан қаттиқ ваҳимага тушган Умайя Маккадан бир қадам ҳам ташқарига чиқмасликка қасам ичди. Бироқ Абу Жаҳлнинг танаю-дашномларига чидолмай кўпчилик билан карвонни қўриқлагани боришга мажбур бўлди. У шаҳар ташқарисига чиқса ҳам, ҳеч нарсага аралашмай, бирон кимса билан тўқнашмай қайтишга қарор қилди. Бироқ Аллоҳ таолонинг иродаси унинг истагидан устун келди. Умайянинг хоҳиш-иродасига зид ҳолда ажал уни Бадрга судраб келди.

Қурайш оқсоқолларидан кўплари битта карвон учун мусулмонлар билан урушишни истамас, бироқ кўпдан ажраб қолишнинг ҳам иложи йўқ эди. Чўрию-қуллар олдинда мусулмонларни ҳажв қилувчи қўшиқларни айтиб боришар, орқада от, туяларга минган мушриклар дабдабаю-асъаса солиб келишарди. Уларнинг бу ҳолати Анфол сурасининг 48-оятида аниқ баён этилган: «Вақтики келиб, шайтон уларга ўз амалларини яхши кўрсатиб, сизларни ҳеч ким енголмайди, мен сизларнинг мададкорингизман, деди. Икки қўшин тўқнашган пайтда эса шайтон орқасига қочди ва қўлимдан ҳеч нарса келмайди, сизларга яширин нарсаларни кўриб турибман, мен чиндан ҳам Аллоҳдан қўрқяпман, унинг овози (жуда ҳам) ваҳималидир», деди. Эсли-ҳушли одамлар ибрат олишлари учун Парвардигор Ҳашр сурасининг 16-оятида шайтоннинг қилмишларини мисол келтиради: «Мунофиқлар шайтонга ўхшайди. Пайти келганда шайтон инсонга, кофир бўл, деди. Инсон кофирлик кўчасига киргач, мен ростдан ҳам ҳеч нарсага арзимайман. Мен барча оламларнинг парвардигори Аллоҳдан жуда ҳам қўрқаман, деди».

Абу Суфёнга ёрдамга отланганларнинг сони тўққиз юз эллик киши бўлиб, етти юзи туяда, икки юз эллик киши отлиқ эди. Мушрикларнинг бу ҳатти-ҳаракатларидан бехабар Пайғамбар алайҳиссалом ўз қўшинларини кўздан кечириб, жангга яроқсиз, нимжон, касалвандларини Мадинага қайтариб юбордилар. Икки кишини карвондан хабар олиб келишга жўнатдилар. Улар Мадинадан ўттиз-қирқ мил олисдаги Ракҳо деган жойга етиб келишганда мушрикларнинг катта қўшини жангга отлангани, уларнинг эрта-индин Бадр деган жойга етиб келажаги маълум бўлди.

Расулуллоҳ ўз саркардаларини йиғиб: «Парвардигор менга ё карвон, ё Қурайш аскари билан учрашишни ҳавола этди. Бу икки ишдан қай бирини танлашни хоҳлайсизлар», дедилар. Маслаҳат чоғида баъзи бировларнинг ўлжага эга бўлиш учун карвонни қўлга киритишдан бошқа нияти йўқлиги маълум бўлди, баъзилар эса ғазотга отланганидан бехабар қолиб, пухтароқ тайёргарлик кўриб келишмаганидан афсусланишди. Уларнинг гапи Анфол сурасининг 7-оятида баён этилган фикрга мос келади: «Пайти келганда Аллоҳ сизларни икки гуруҳдан бири билан учрашишингизга рухсат берган эди. Сизлар кучсизлар билан учрашишни ихтиёр этдинглар». Миқдод ибн Асвод ўрнидан туриб: «Эй Расулуллоҳ, Аллоҳ нимани буюрса, шуни қилинг. Худо ҳақи, биз Мусо алайҳиссаломга: «Сен парвардигоринг билан бирга бориб урушавер, биз бу ерда кутиб турамиз» (Моида сурасининг 24-оятида), деган бани Исроилга ўхшаб муомала қилмаймиз. Биз сиз билан бирга ғазотга борамиз. Агар бизни Баркулғамодга бошласангиз ҳам, ҳеч иккиланмай бораверамиз», деди. Расулуллоҳ унга миннатдорчилик билдириб, ансорларнинг фикрини сўрадилар. Ақаба байъатида улар Пайғамбар алайҳиссаломни ҳимоя қилишга сўз беришган бўлса-да, у киши билан бирга жангга киришлари айтилмаган эди. Авс қабиласининг оқсоқоли Саъд ибн Муоз «Эй Расулуллоҳ, биз сизнинг пайғамбарлигингизга ишониб иймон келтирдик. Худо нимани буюрса, шуни қилинг, биз гап-сўзсиз сизга эргашамиз. Агар манави Қизил денгизга киришни буюрсангиз, сўзсиз бажо келтирамиз. Агар эртага сиз ғаним билан юзма-юз келсангиз, биз ёнингизда бўламиз, бизнинг қанчалик сабр-қаноатли, бардошли эканимизни ана ўшанда кўрасиз. Худо хоҳласа, бизлардан рози бўлсангиз, ажаб эмас, Худога таваккал қилиб йўлингизда давом этаверинг», деди. Бу гапдан Расулуллоҳнинг юзлари нурланиб кетди. «Сизларга хушхабар айтиб қўяй, мен мушрикларнинг жасадларини кўргандек бўляпман», дедилар. Бу гапдан мусулмонлар қонли тўқнашув бўлиши муқарарлигини ҳис этишди.

Абу Суфён пою пиёда мусулмонларнинг қатъият билан бостириб келаётганини эшитгач, шартта йўлини ўзгартириб, денгиз соҳили билан қочиб қолди ҳамда қурайшларга хат ёзиб вазиятни батафсил тушунтиргач, орқага қайтишларини тавсия этди. Лекин Абу Жаҳл унинг гапига қулоқ солмай, Бадрга бориб уч кун туриб, туяларни сўйиб, роса майхўрлик қилиб ва арабларга ўзимизни танитиб ўла-ўлгунча бизлардан ҳайиқадиган қилмагунимизча бу ердан кетмаймиз, дея қасам ичди. Ахнас ибн Шарийқ иттифоқдоши Зуҳро аймоғига Худо мол-жонингизни асраганига шукрона айтиб, тезроқ кетинглар, дея маслаҳат берди. Унинг гапи билан бани Зуҳро, бани Адий аймоқлари Бадр урушида қатнашишмади. Абу Жаҳлнинг одамлари Бадр водийсининг Мадинадан олисдаги тупроғи ўйнаб ётган жойига келиб тушди. Пайғамбар алайҳиссалом бошчилигидаги мусулмонлар ҳам Бадрга етиб келгач, Али ибн Абу Толиб билан Зубайр ибн Аввом вазиятни ўрганиб келгани жўнатилди. Улар мушрикларнинг сув ташийдиганларидан икки кишини тутиб келишди. Бу чоғда Расулуллоҳ, намоз ўқиётган эдилар. Али билан Зубайр асирларни ўртага олиб сўроқ қила бошлашди. «Биз бор-йўғи сув ташувчилармиз, кўп нарсалардан хабаримиз йўқ, дейишди улар. Сўроқ қилувчилар асирларнинг гапига ишонмай ура кетишди. Улар биз сув ташувчи эмас, Абу Суфённинг хизматкорларимиз, дейишганидан кейингина қўйиб юборишди.

Бу орада ибодатларини тугатган Расулуллоҳ: «Ажаб, улар ростини айтганда тутиб олиб урдинглар, ёлғон гапирганда қўйиб юбординглар. Булар Қурайшнинг хизматкорларидан эканлиги шундоққина кўриниб турибди-ку», дедилар ва мушриклар қўшини қаерга тушганини сўрадилар. Асирлар мушрик аскарлари жойлашган ерни аниқ айтиб беришди. Расулуллоҳ улар кунига нечта туя ейишаётгани билан қизиқдилар. «Баъзи кунлари, тўққизта, баъзан ўнта», дея жавоб беришди асирлар. «Демак, уларнинг сони тўққиз юз билан минг ўртасида экан", дея хулоса чиқардилар. Яна оқсоқоллардан кимлар келганини суриштирдилар. Асирлардан уларнинг номларини эшитгач, саҳобаларга: «Макка сизларга қарши ўз жигарпораларини ташлабди», дедилар. Мусулмонлар жойидан қўзғалиб, Мадина яқинидаги сувсиз, шўрхок ерга кўчишди. Уларни ташналик қийнай бошлади, кўплари жунуб, таҳоратсиз бўлиб қолди, пайт пойлаб турган шайтон дарров васваса қилишга тушди: «Мушриклар сувсизликдан тинка-мадорингиз қуриб, йўлингизни эплаб юролмайдиган аҳволга тушишингизни кутиб туришибди. Кейин шўрингизни қуритиб, бошингизга ит кунини солишади».

Агар Ҳақ таоло ўз фазлу марҳаматини намоён этмаса, чиндан ҳам баъзи одамларнинг иродаси бўшашиб кетиши ҳеч гап эмасди. Кутилмаганда ҳавога булут чиқиб, шу қадар қаттиқ ёмғир ёғдики, жилғалар тўлиб-тошиб кетди. Одамлар идишларини, чуқурларни сувга тўлғизиб олишди, чанг-тўзон босилиб, юриш осонлашди. Мушриклар учун эса ёмғир катта ташвиш келтирди, улар турган ер ботқоққа айланиб, на уловда. на яёв юриш мумкин бўлмай қолди. Аллоҳ Анфол сурасининг 11-оятида мусулмонларга кўрсатган марҳамати ҳақида бундай дейди: «Сизларни поклаш, шайтон васвасасини даф этиш, қалбингизни сокин, қадамингизни бақувват қилиш учун Аллоҳ булутдан ёмғир ёғдириб берди». Парвардигор мусулмонларга далда бериш учун жанг майдонида уларга мушрикларнинг сонини камайтириб кўрсатди. Аллоҳ таолонинг ҳукми бажо келтирилиши бу воқеаларнинг давомида аён бўлди. Анфол сурасининг 43 − 44-оятларида бу хусусда шундай дейилади: «Вақтики келиб Аллоҳ тушингизда уларни сизга камайтириб кўрсатди, агар кўпайтириб кўрсатса, қўрқиб кетардингиз ва шубҳасиз, ўртангизда низо чиқарди, лекин Худонинг ўзи асради, у кўнгилдаги (сир-асрорларни) яхши билгувчидир. Аллоҳ бўладиган ишни бўлдириш учун уларни сизларга озгина қилиб кўрсатди. Сизларни ҳам уларга камайтириб кўрсатди. Ҳамма нарса Аллоҳнинг даргоҳига қайтажак».

Мусулмонлар қароргоҳини ўзгартириб, катта сув бўйига келиб жойлашишди. Ансорлардан Ҳубоб ибн Мунзир бениҳоя тадбирли, ҳарбий салоҳияти ўткир киши эди. У Пайғамбар алайҳиссаломдан: «Эй, Расулуллоҳ, бу ерга Аллоҳнинг амрига биноан келдикми ё сизнинг хоҳишинг биланми?» деб сўради. Пайғамбар алайҳиссалом қўшинни ўз хоҳиш-иродалари билан кўчирганларини айтдилар. «Ундай бўлса, мушрикларга яқин жойга кўчиб ўтайлик, бу ер жанг қилишга ноқулай. Мушрикларнинг шундоққина биқинида катта кўл бор, биз шу ерга жойлашиб, мешларни сувга тўлдириб олганимиздан кейин ён-веримиздаги ҳамма қудуқларни кўмиб ташлайлик. Ҳали жангга кириб улгурмай сувсизликдан мушриклар адойи тамом бўлишади». Ҳубобнинг фикри маъқулланиб, унинг кўрсатмаси бўйича иш қилинди. Жанговар тайёргарлик тугагач, Авс қабиласининг оқсоқоли Саъд ибн Муоз «Эй Расулуллоҳ, биз сиз учун алоҳида чодир тикиб, уловингизни шай қилиб қўяйлик. Агар Аллоҳ бизга нусрат ато этиб, ғалаба қозонсак, нур устига нур, борди-ю, душман устун келса, сиз дарров орқага қайтиб кетишингиз керак. Сизни биздан ортиқ суйиб, итоат этадиган қанча одам Мадинада қолди. Уларнинг ҳам ғазотда қатнашиш истаги бор эди. Бироқ бу сафар сизнинг ғазавот ниятида отланганингиздан бехабар қолишди, бор-йўғи карвонни қўлга киритиш учун кетдилар, деб ўйлашди. Бу одамлар ҳар қандай шароитда сиз учун кўксини қалқон қилишга тайёр, улар саодатга эришиши учун ҳам сиз омон бўлишингиз керак», деди. Бу фикр кўпчиликка маъқул келиб, катта тепалик устига чодир тикилди. Мусулмонлар саф чекиб, жанговар ҳолга келгач, Расулуллоҳ зарур кўрсатмаларни бердилар ва худога мурожаат қилиб, дуога қўл очдилар: «Яратган эгам, Қурайш халқи сенга такаббурлик ва бўйни йўғонлик қилиб, юборган пайғамбарингни ёлғончига чиқармоқда. Менга ваъда қилган ёрдамингни дариғ тутма, бизларга нусрат ато эт!» Бу дуога қўшилган мусулмонлар қалбларида бир мунавварлик туйдилар, душман ҳар қанча қудратли, сони ҳар қанча кўп бўлмасин, барибир, ғолиб келишларига ишонч уйғонди. Бу ҳар қандай жангнинг ҳал қилувчи омили эди.

Бу орада мушриклар орасида ихтилоф чиқиб, жангга кириш-кирмаслик ҳақида тортиша бошлашди. Утба ибн Робиъа урушишдан қайтариб, мусулмонлар томонидан ўлдирилган Амр ибн Ҳазрамийнинг товонини ва мусодара қилинган молларни ўз ёнидан тўлашини айтди. Абу Жаҳл уни қўрқоқликда айблаб, маломатлар ёғдирди. «Худо ҳақи, Муҳаммад билан урушиб, тақдирда нима борлигини кўрмагунча қайтиб кетмайман», деди у такаббурлик билан. Жанг олдидан Асвад ибн Абдуласад: «Қасам ичиб айтаманки, мусулмонларнинг қўлидан сув ичаман. Бу йўлда ўлсам ҳам, розиман», деди. Бироқ ниятига етолмади. Жанг бошланиши биланоқ Ҳамза уни яралаб, оёғини чопиб ташлади. Жоҳил Асвад қасамини бажариш учун эмаклаб бориб, ўзини ҳовузга ташлади, Ҳамза унинг бошини танасидан жудо қилди. Расулуллоҳ мусулмонларга сабр-матонат, довюраклик тиладилар. «Жангда чидамли бўлган одамни Аллоҳ ғам-қайғудан халос этади», дедилар у киши.

Уруш ўша пайтнинг таомилига биноан яккама-якка олишув билан бошланди. Мушриклардан Утба ибн Робиъа, унинг биродари Шайба ҳамда ўғли Валидлар майдонга тушишди. Ансорлардан чиққан кишиларни кўрган мушриклар: «Биз сизлар билан урушмаймиз, қурайшликлардан чиқишсин», дея чувуллашди. Пайғамбар алайҳиссалом Убайда ибн Ҳорис ибн Абдумутталиб, Ҳамза ибн Абдумутталиб ва Али ибн Абу Толибни олдинга чиқардилар. Ҳамза билан Али ўз рақибларини енгдилар, бироқ Убайда билан Утба иккаласи яраланди. Ҳамза билан Али ёрдамга келиб, Утбани ўлдиришди ва ярадор Убайдани Расулуллоҳнинг чодирига олиб келишди. Пайғамбар алайҳиссалом унинг бошини тиззаларига қўйиб, шаҳидлик даражасига етгани билан башорат бердилар. Убайда Абу Толибнинг: «Муҳаммадни асраймиз, атрофида жон чекиб, унинг учун ёр, дўсту хонумондан воз кечиб», деган шеърини эслади ҳамда ўзининг мана шундай шарафга эришганидан мамнун бўлди.

Мубораза тугагач, ҳар икки томон сафларни жанговар ҳолга келтира бошлади. Пайғамбар алайҳиссалом одамларни оралаб, қўлларида кичкина таёқча билан худди намоздагидек сафларни текисладилар. Олдинга чиқиб кетган Савод исмли мужоҳиднинг қорнига туртиб, тўғри тур, дедилар. Савод: «Эй Расулуллоҳ, сиз  бекордан бекорга мени урдингиз, сиздан ўчимни оламан», деди. Расулуллоҳ рози бўлиб, қоринларини очиб турдилар. Савод сарвари оламни қаттиқ қучоқлаб, қоринларидан ўпди, у кишининг ажабланганларини кўриб: «Ўлим билан юзма-юз келиб турибмиз, умримнинг сўнгги дақиқаларида сизни қучоқлаб бир роҳат қилмоқчи бўлдим», деди. Расулуллоҳ унга эзгу тилаклар тилаб дуо қилдилар. Шундан кейин мужоҳидларга: «Менинг буйруғимсиз ҳужумга ўтманглар. Душман ҳужум қилса, ўқ билан қайтаринглар, улар қилич яланғочлаб келмагунча, сизлар бостириб борманглар», деб тайинладилар ва жангда сабрли, довюрак бўлишга чақирдилар. Шундан кейин биродарлари Абу Бакр билан чодирга қайтиб, худога муножот қилдилар: «Эй парвардигор, берган ваъданг билан кафолатингни амалга оширгайсан. Агар мўминларнинг ҳалокатини истасанг, ер юзида сенга ибодат қилгувчи одам қолмайди». Абу Бакр у кишининг кўнглини кўтариб: «Худо, албатта, ваъдасида туради», деди.

Бунга жавобан Расулуллоҳ Қамар сурасининг 46-оятини ўқидилар: «Мушриклар тўдаси мағлуб бўлиб орқага чекинади». Расулуллоҳ мана шу ишонч билан мужоҳидларни руҳлантириш учун ташқарига чиқиб: «Худонинг номи билан қасам ичаманки, бугун кимки мушрикларга қарши сабр ва матонат билан жанг қилса, Аллоҳ унга жаннат ато этади. Кимки бир мушрикни ўлдирса, унинг энгил-боши билан қуролини ўлжа олади», дея хитоб қилдилар. « Жуда яхши гап экан-ку, — деди Умайр ибн Хумом. — Жаннатга тушишим учун мушриклар билан жанг қилиб шаҳид бўлишимгина қолган экан. Нега бу қулай имкониятни орқага суриб ўтирибман», дея еб турган хурмосини ташлаб жангга кириб кетди. Душманлар билан шердек олишиб шаҳид бўлди. Жанг роса авжига чиққанда Парвардигори олам мусулмонларнинг кўнглига далда бериб, руҳини кўтариш учун кўкдан фаришталарни туширди. Жанг бирон соат давом этгач, мушриклар мағлуб бўлиб, бетартиб қоча бошлашди. Мусулмонлар уларни қувиб, қиличдан ўтказишди, бир қисмини асир олишди. Бу жангда мушриклар етмиш нафар одамидан айрилди, етмиштаси асирга тушди. Пайғамбар алайҳиссалом жангдан қайта туриб, Маккада жуда кўп озор берган Уқба ибн Абу Муайд билан Назр ибн Ҳорисни қатл этдилар. Шундан кейин ўликларни Бадрдаги чуқурларга кўмишни буюрдилар. У кишининг амрига биноан хоҳ мушрик бўлсин, хоҳ мусулмон − жасадлар, албатта, дафн этиларди. Чуқурга биринчи бўлиб Абу Ҳузайфанинг отаси ташланди. Унинг ранги бўзариб, ғалати бўлиб кетди. «Отангга ачиняпсанми?» деб сўрадилар Пайғамбар алайҳиссалом. «Йўқ, — деди Абу Ҳузайфа. — Лекин отам ақлли, мулойим, меҳрибон одам эди. Ҳамиша Аллоҳдан у кишини Ислом динига ҳидоят этишни сўрардим. Афсуски, насиб этмади. Отамнинг иймонсиз кетганига ичим ачияпти». Расулуллоҳ унга тасалли бериб, ҳақига дуо қилдилар.

Шундан кейин мушрикларнинг жасадлари кўмилган жойга келиб, ҳай фалончи, ҳай писмадончи, дея марҳумларни номма-ном чақирдилар-да: «Ислом динини қабул қилмаганингиз учун афсусланяпсизларми? Биз Роббимизнинг ваъдаси ростлигига ишондик, сизлар ҳам ўз Роббингизнинг ваъдаси чинлигига амин бўлдингизми?» «Эй Расулуллоҳ, жонсиз жасадлар гапингизни эшитармиди?» деди ҳайратга тушиб Умар. «Улар сизлардан кўра яхшироқ эшитишади», дедилар Пайғамбар алайҳиссалом. Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ мушрикларнинг қабрлари тепасига келиб: «Булар энди даъватимнинг ҳақлигини жуда яхши билишади», деган эканлар. Шунингдек у киши: «Сиз ўликларга ва қабрдагиларга гапингизни эшиттиролмайсиз», деган оятни ўқиганларини, ўлган мушриклар Расулуллоҳнинг даъвати ҳақлигини дўзахга кирганда билажагини айтдилар.

Муҳаммад алайҳиссалом Мадина халқига хушхабар етказиш учун кун чиқиш томонга Абдуллоҳ ибн Абу Равоҳани, кун ботиш томонга Зайд ибн Ҳорисани юбордилар. Яҳудийлар билан мунофиқлар ҳар хил гап-сўз тарқатиб, мусулмонларнинг кўнглига ғулув солиб юришган эди. Азалий нияти одамларнинг ҳаловатини бузиб, кўнглини ғаш қилиш бўлган муртадларнинг дами ичига тушиб кетди. Хушхабар мадиналиклар Расулуллоҳнинг қизлари бўлмиш Усмоннинг умр йўлдоши Руқайяни дафн этиш пайтида етиб келди. Пайғамбар алайҳиссалом зудлик билан қайтмоқчи бўлган эдилар, бироқ ўлжа олинган моллар тақсимоти устида ихтилоф чиқиб қолди. Ёшлар жангни биз қилдик, ўлжанинг кўпини биз олишимиз керак, дейишди. Қарилар, агар биз қўллаб-қувватламасак, ғалаба қайда эди, ўлжада бизнинг ҳам улушимиз бор, дейишди. Агар олди олинмаса, бу ихтилоф адоват ўтини ёқиб, ўртага низо соларди.

Аллоҳ таоло мусулмонлар ўртасидаги келишмовчиликни бартараф этиш учун Анфол сурасининг биринчи оятини нозил қилди: «Сендан ўлжа ҳақида сўрашади, сен уларга: «Ўлжа яратган билан Пайғамбарга тегишли; агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳга тақво қилинглар, муносабатингизни яхшиланглар, Худога ва Пайғамбарга итоатда бўлинглар, дегин». Шундан кейин мусулмонларнинг қалби Қуръон нури билан нурафшон бўлиб, низога чек қўйилди, аҳиллик қарор топди, ўлжани худонинг ҳукмига биноан тақсимлаб беришни Расулуллоҳга топширишди. Пайғамбар алайҳиссалом пиёдаларга бир хил, суворийларга бошқача улуш ажратдилар. Маълум сабаблар билан жангда қатнашмаганларни ҳам бенасиб қўймадилар. Булар Расулуллоҳнинг ўринларида Мадинада қолган Абу Лубоба Ансорий, Амр ибн Авф қабиласига халифа бўлиб қолган Ҳорис ибн Ҳотаб, Равҳо деган жойда қўшиндан қолиб кетган Ҳорис ибн Симма билан Хаввот ибн Жубайр, душман томонига вазиятни ўргангани жўнатилган Талҳа ибн Убайдуллоҳ билан Саид ибн Зайд, касал рафиқасининг тепасида қолган Усмон ибн Аффон, Кубо ва Олия аҳолисига бошчилик қилиш учун қолдирилган Осим ибн Адийлар эди. Шунингдек жангда шаҳид кетган ўн тўрт кишининг оиласига ҳам тегишли улуш ажратилди. Урушнинг аввалида яраланган Убайда ибн Ҳорис ибн Абдулмутталиб ҳам ўз насибасини олган бўлса-да, фойдаланиш насиб этмади. У мусулмонлар Бадрдан қайтишаётганда оламдан ўтди. Расулуллоҳ Мадинага яқинлашганларида ёш қизалоқлар қўшиқ айтиб у кишининг истиқболига чиқишди.

Расулуллоҳ тўлин ойдек нур сочиб

Чиқиб келди Санийятул-Вадоъдан.

Шукр айтмоқ лозим бизга ҳар лаҳза,

Бирон кимса қўл узмасин дуодан.

Мусулмоннинг шамчироғи бу динни

         Олиб келди Расул бизга Худодан.
00:04 / 27.06.2020
Аввалги мақола
Мол закоти
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...